Кундалик рациондаги ширинликлар ўрнига нима истеъмол қилиш мумкин?

20:58, 06 февраль 2016

Таомномангиздан севимли десертларингизни олиб ташлаш шартмикан? Уларнинг ўрнини нима босиши мумкин?

Ҳар бир инсон қайсидир маънода ширинликхўр бўлади. Кимдир пишириқ ва конфетларни севса, кимдир эрталаб бир бўлак аччиқ шоколад истеъмол қилишни хуш кўради. Яна кимдир ширинлик таркибида инсон организмини заҳарловчи моддалар мавжудлиги учун истеъмол қилмаслигини таъкидлайди. Ҳақиқатан ҳам десертлар зарарлими?

Барча ширинликларда биринчи навбатда углевод мавжуд бўлади, улар бир лаҳзада қонга сўрилади. (Кўпчилик ширинликни мия ва мускуллар фаолиятини мустаҳкамлаш учун истеъмол қиляпман деб ўзларини “оқлашади”). Ширинликни кўп миқдорда тановул қилиш нафақат ортиқча вазнни, балки диабет касаллигини ҳам келтириб чиқаради. Оч қоринга тушган ширинлик ошқозон ости бези фаолиятини тезлаштиргани боис, кўп миқдорда инсулин гормонини ишлаб чиқаради. Организмда инсулин гормонининг ортиб кетиши, саратон касаллигининг ривожланишига олиб келади.

Бу муаммони қандай ҳал этиш мумкин? Барчага қулай бўлиши учун энг машҳур ширинликларни ёдга олиб, уларнинг ўрнига нималар истеъмол қилиш мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.

1. Шоколад

Шоколадни таркибида шакар эмас, калория жиҳатдан тенг бўлган, аммо таркибида фруктоза мавжуд бўлган ёки табиий шакар ўрнини босувчи модда қўшилган фойдали шоколад билан алмаштириш мумкин. Ўзингиз уй шароитида желе, мусс, коктейллар қўшилган десертлар ҳам пиширсангиз фойдадан холи бўлмайди. Аччиқ шоколадни бир кунда тўрт бўлакдан ортиқ истеъмол қилиш ҳам инсонга ҳеч қандай зиён етказмайди!

2. Музқаймоқ

Уй шароитида ҳам сутга ёқимли таъм берувчи протеин, мевалар, кефир, ёнғоқ ва кокос қириндиси қўшилган музқаймоқ тайёрлашингиз мумкин. Юқорида номлари келтирилган барча маҳсулотлар блендерда араштирилиб, кечаси билан музлаткичга солиб қўйилади. Шакар ўрнига банан қўшилади. Агар уй шароитида музқаймоқ тайёрлашга эринсангиз, таркибида мевалар бўлган барча музқаймоқ турларини бемалол истеъмол қилишингиз мумкин, уларда шакар миқдори кам бўлади.

3. Пишириқ ва конфетлар

Фойдали рецептларни қидириб топиш, пишириқ пиширишни ўрганиш учун яхши баҳона бўла олади. Турли ёрмалардан тайёрланган кекс, сули ёрмасидан тайёрланган печенье, хурмо ва иштаҳа очар мевалар қўшиб тайёрланган конфетлар шулар жумласидандир. Пишириқ пишираётганда гуруч, маккажўхори унларидан фойдалансангиз нур устига аъло нур.

Ўз қўлингиз билан ширинлик ва пишириқлар тайёрласангиз, унинг таркиби ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўласиз. Десерт кўнглингиздагидай, фойдали ва тўйимли чиқади.

Ширинлик тановул қилишни унутиш учун бир неча маслаҳатлар мавжуд:

• Агар тасодифан битта “Сникерс” еб қўйсангиз, хавотирланманг! Бу бир сутка давомида инсон организми учун зарур бўлган калория миқдорига тенг, фақат бошқа еманг. Нафсингизни тийинг!

• Кўпроқ оқсил моддасига бой маҳсулотларни истеъмол қилсангиз, ширинлик ейишга камроқ интиласиз.

• Агар жудаям ширинлик истеъмол қилишни истасангиз, ялпиз чайнанг. Ялпиз таъми очлик ҳиссини йўқотади.

• Агар хаёлингиз ширинликка кетадиган бўлса, ўзингизни чалғитиб, китоб ўқинг, рақсга тушинг, тоза ҳавода сайр қилинг, яқинларингизга қўнғироқ қилинг.

• Бир бўлаккина торт ейишни истасангиз, шошилманг! Уни майда бўлакларга бўлинг. Шундай қилсангиз, унинг калорияси ҳам парчаланади. Торт бўлакчаларини атрофингиздаги инсонларга ҳам улашинг. Унутманг, бошқа одамларни меҳмон қилиш ҳам кишига лаззат бағишлайди.

Манба: ELLE

 


 

 

 

 

 

 

 

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!