Майкл Блумберг АҚШ президентлигига номзодини қўймоқчи

11:05, 09 февраль 2016

Нью-Йоркнинг собиқ мэри, миллиардер ва бир қанча ОАВлар соҳиби АҚШ президентлигига номзодини қўймоқчилигини билдирди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда.

У АҚШдаги сиёсий баҳслар “ўта сийқаси чиққан” даражада паст, бу эса америкалик сайловчиларни қаттиқ ранжитмоқда, жамоатчилик бундан “аълосига” лойиқ  деб фикр билдирди.

“The New York Times” газетасининг январь сонида ёзилишича, Блумберг президент сайловларида иштирок этиш учун маслаҳатчиларига миллиард  доллар ажратишни кўзда тутган ва эркин номзод сифатида қатнашиш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун топшириқ берган. У бу кампанияда қатнашишини жорий йилнинг март ойига белгилаган.

Нашрнинг таъкидлашича, Блумберг номзодини кўрсатиб, сайлов жараёнининг кескин ўзгаришига сабабчи бўлиши мумкин. Экспертларнинг фикрича, анъанавий тарзда икки етакчи сиёсий куч – республикачилар ва демократлар курашадиган бу жангда эркин номзод тизим доирасида кураш олиб борса-да, 2016 йил тажрибасидан келиб чиқиб, воқеалар ривожи одат тусига кириб қолган нарсаларни ўзгартириб юбориши мумкинлигини айтишмоқда.

Бу йилги воқеалар экспертларнинг ўтган йилги башоратига тўғри келмаётгани ҳақида сўз юритилмоқда. Уларнинг фикрича, собиқ Давлат котиби, демократ Хиллари Клинтон сайлов якунида Флориданинг республикачи губернатори Жеб Буш ёки Висконсон губернатори Скотт Уокер билан беллашиши лозим эди. Аммо Уокер сайловдан номзодини олиб ташлагандан кейин, Буш рейтингнинг бешинчи ўрнига чиқиб олди.

АҚШ президентлигига сайлов 8 ноябрь куни ўтказилади.

Forbes версиясига кўра Майкл Блумберг дунёнинг энг бой одамлари қаторига киради. У 2013 йилда ўнинчи ўринни эгаллаган эди. Журнал унинг мол-дунёсини 40,2 миллиард АҚШ доллари деб баҳолади. Блумберг 12 йил давомида Нью-Йорк мэри лавозимида хизмат қилган ва 2013 йили бу лавозимни тарк этган. У 12 йиллик хизмат фаолияти давомида атмосферада парник газларини 19 фоизга камайтиришга эришган. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 11 фоизга камайиши кўзда тутилган

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!