Уэйн Руни – Англиянинг энг жаҳлдор, энг саховатпеша юлдузи

14:36, 10 февраль 2016

“Манчестер Юнайтед” жамоаси ҳужумчиси Уэйн Руни Британия футболи тарихидаги энг яхши чарм тўп усталаридан бири ҳисобланади. Руни гол киритиш борасида инглиз тарихидаги энг зўр ҳужумчиларни ҳам ортда қолдиришни уддасидан чиқиб бормоқда. Умуман олганда, шахсий ҳаёти ҳам кўпчиликни қизиқтирадиган юлдузлардан бири ҳисобланади. Негаки, матбуот руни атрофида айланишни ёқтиради. хуллас, бугун биз “шрек” лақабли футболчи ҳақида сўз юритамиз...

Оддий оиладан чиққан юлдуз

Унинг тўлиқ исми Уэйн Марк Руни. Қаҳрамонимиз 1985 йилнинг 24  октябрь куни Ливерпуль шаҳарчасида дунёга келган. Оилада уч фарзанд бўлиб, Руни улар орасида энг абжири бўлган. Қолаверса, қолган укаларига нисбатан миллионлар ўйинига меҳри баланд эди. 10 ёшида отаси уни “Эвертон” жамоаси футбол академиясига ўқишга олиб келади. Унинг ҳаракатлари, майдонда ўзини тута олиши, жисмонан бақувват эканлиги сабабли, “Эвертон” футбол академиясида ўз жойини топишга муваффақ бўлади. Қизиғи шундаки, Руни клубнинг болалар жамоаси сафида 29 та учрашувда рақиблар дарвозасини 114 маротаба ишғол қилади. Шундан кейин “Эвертон” асосий жамоаси мураббийлари иқтидорли йигитчани кузатишни бошлайди.

2002 йилда Руни “Эвертон”нинг асосий таркибига жалб қилинади. Мавсум олдидан бўлган ўқув-йиғин машғулотларида рақиблари дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилади. 

“Қизил иблислар”га айланган “шрек”

Руни 2004 йилнинг ёзида “Манчестер Юнайтед” жамоаси томонидан харид қилинади. Унинг трансферини “қизил иблислар” 50 миллион фунт стерлинг эвазига сотиб олади ва Уэйн Руни эса клубда бадавлат футболчилардан бирига айланади. Сэр Алекс Фергюссон қахрамонимизни клубга келган вақтларини қуйидагича ифодалаганди:

- Эндигина 19 ёшни қаршиланган йигитча инглиз футболини ларзага солмоқда. У майдонда ақл бовар қилмас ҳаракатларни намойиш қилмоқда. Шу боисдан буни сотиб олиш керак деган хулосага келдим. Албатта, биз Руни учун катта маблағ сарфладик. Лекин у вақти келиб ўзига сарфланган пулларни 100 баровар қилиб қайтаради. 

Чиндан ҳам Руни “Манчестер Юнайтед”га тез мослашиб кетди.  У ҳамон  “қизил иблислар”нинг юраги бўлиб келмоқда. 

Уч ўғилнинг отаси

Инглиз футболининг энг яхши тўпурари бўлган Руни оилапарвар инсон. У рафиқаси Колин билан мактабда бирга таҳсил олишган. Шундан бери бирга бахтли ҳаёт кечиришмоқда. Уларнинг Кай, Кей Энтони ҳамда Кит Жозеф Руни исмли ўғиллари бор. 

Реклама қироли

Қаҳрамонимиз реклама роликларида доимо фаол бўлиб келган. У Nike, Nokia, Ford, Coca-Cola ва бир қатор компанияларнинг маҳсулотларини реклама қилиб чиқади. Бунинг ортидан эса улкан гонарарларга эга бўлади. Қизиғи, Уэйн Руни номи ёзилган футболкалар ҳам жаҳон бозорида ўз ўрнига эга ҳисобланади. 2011 йилда Руни футболкалари жаҳонда энг кўп сотилган дея топилганди. 
  
Биласизми?

* Уэйн Рунининг укаси Жон ҳам футболчи. Жон Руни ярим ҳимоя амплуасида ҳаракат қилади. Айни пайтда фаолиятини АҚШда давом эттирмоқда. Асосан Англияда қуйи лига жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 

* Футболчининг беморларга ёрдам кўрсатувчи шифохонаси бўлиб, уни отаси бошқаради. Бу ерда хасталанган беморлар бепул даволанишади. 

* Боксчи сифатида ҳам Руни қатор жангларни ўтказган.

* Руни Шотландиянинг “Селтик” жамоаси мухлисидир. 
 
Мукофотлари: 
Премьер-лига чемпиони (2007,2008,2009,2011, 2013), Чемпионлар лигаси соҳиби (2008), Англия Лига Кубоги ғолиби (2006,2009,2010), 2008 йилда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпиони ва тўпурари, Англияда йил футболчиси (2010), Олтин бола мукофати соҳиби (2004) ва бошқа ютуқларга эришган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!