“Пахтакор” янги футболчиларини таништирди

14:09, 16 февраль 2016

2016 йилги мавсум олдидан “Пахтакор” таркибига бир қатор янги футболчиларни таклиф этди ва улар билан шартнома имзолади.

Сешанба куни мавсум бошланиши арафасида янги ўйинчиларни таништириш маросими ташкил этилди. Унда клуб раҳбарияти ва янги футболчилар қатнашиб, саволларга жавоб қайтаришди, деб хабар берди клуб расмий сайти. 

Рустам КЎПАЙСИНОВ (“Пахтакор” бош директори): - Барчангизни янги мавсум бошланаётгани билан табриклайман. Сафимизга янги футболчиларни жалб қилдик. Уларнинг хизматига анчадан бери қизиқиш билдиргандик. 2016 йилда ҳам олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз. Ўзимиз қатнашадиган мусобақаларда ғолиб чиқишга интиламиз.

Григорий ЦЕЙТЛИН (“Пахтакор” спорт директори): - Тайёргарликни уч босқичда ўтказдик. Биринчи ва учинчи босқич Тошкентда, иккинчи босқич БААда ўтказилди. Таркибни шакллантиришга интилдик. Ҳар бир учрашувда зафар қучиш жамоа олдидаги асосий мақсад ҳисобланади.

Селекция жараёни узоқ давом этади. Бу бир кунда содир бўлиб қолмайди. Азим Аҳмедовни кўпдан бери кузатардик. У деярли жамоамиздан “Навбаҳор”га кетганди. Келишувга кўра, у тажриба тўплаган пайтда сафимизга қайтариб олардик. Бунга қарор қилдик. Суҳроб Бердиевни ҳам барча етакчи жамоаларга қарши ҳаракатларини кузатдик. Акобир Тўраев эса аллақачон “Пахтакор”да бўлганди. Ёш бўлгани сабабли яна Бухорога қайтганди. Йиғинлардан кейин уни ҳам сафимизга жалб қилдик. Темур Жўраев эса Лобанов Эронга кетгандан кейин жамоага таклиф этилди. У ўзимизнинг йигит. Кўп йиллар “Пахтакор”да ўйнаган. Ойбек Қиличев хориж клубларида ўйнаб, ўзини кўрсатди. Уни футболга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, хориж жамоалари олиб қола олишмади ва бундан афсусланишди. У Тошкентга қайтгач, таркибимизга қўшилди.

Шундан кейин футболчилар таништирилди ва уларга жамоа либослари топширилди. Темур Жўраев 12, Суҳроб Бердиев 19, Азим Аҳмедов 7, Ойбек Қиличев 35, Акобир Тўраев 17-рақамли либосларда “Пахтакор” сафида ҳаракат қиладиган бўлдилар. 

Акобир ТЎРАЕВ: - Ёшлигимдан “Пахтакор” сафида ўйнашни орзу қилардим. Мана энди бунга етишдим. Ўзимга берилган имкониятдан фойдаланиб, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Темур ЖЎРАЕВ: - Жамоада рақобат юқори. Никита Рибкин ва Ботир Эргашев ҳам жуда яхши потенциалга эга. Ўзим учун уйдек бўлиб қолган қадрдон жамоамга қайтганимдан хурсандман. Энди ўтмишдаги хатоларни унутиб, барчасини бошидан бошлайман.

- “Пахтакор” мухлислари сизни акангиз билан таққослашади. Бу сизга босим юкламайдими?

Азим АҲМЕДОВ: - Юклайди. Шу сабабли ўйиним билан мухлислар меҳрини қозонишга ҳаракат қиламан.

- Ойбек, Малайзияга қачон қайтишни мўлжаллаяпсиз?

Ойбек ҚИЛИЧЕВ: - “Пахтакор”да бутун мавсум мобайнида ўйнаб қолишим ҳам мумкин. Агар жамоага ёрдамим керак бўлса, қолишга тайёрман.

- “Пахтакор”га келган ҳужумчилар Сергеевнинг соясида қолиб кетмоқда. Бу ерда рақобатдан қўрқмайсизми?

Суҳроб БЕРДИЕВ: - Рақобат ўсишга ёрдам беради. Ўйиним билан жамоага ёрдам беришни хоҳлайман. Бунинг учун машғулотларда бор кучим билан ишлайман. Ўйин амалиётига эга бўлиб, таркибдан мустаҳкам ўрин олишга уринаман.

- Етакчи футболчиларнинг кетиши жамоа молиявий ҳолатини яхшиладими?

Рустам КЎПАЙСИНОВ: - Кримецдан ташқари футболчиларнинг барчаси жамоадан эркин агент сифатида кетишди. Егорни эса Хитой клубига ижарага бердик.

- Жамоа ташкил этилганига бу йил 60 йил тўлади. Байрамни қандай нишонлаш кўзда тутилган?

- Молиявий тарафдан муаммоларни имконият даражасида ҳал қилиб келяпмиз. 60 йиллик байрамни муносиб ўтказишга интиламиз. Бу борада режалар тузиб қўйганмиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!