Осиё чемпионати совриндори Муроджон Аҳмадалиевга Cobalt автомобили топширилди

16:17, 17 февраль 2016

Намангандаги “Баркамол авлод” болалар ва ўсмирлар спорт марказида 2015 йил Қатарда ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатида кумуш медалини ҳамда жорий йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган Олимпияда ўйинларига йўлланмани қўлга киритган  Муроджон Аҳмадалиевни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Тадбирда вилоят ҳокими Х.Бозаров иштирок этди ҳамда Cobalt русумли автомашинани Муроджон Аҳмадалиевга тантанали равишда топширди.

Шуниси қувонарлики, 2015 йилда Республика ва халқаро спорт мусобақаларида вилоят спортчилари томонидан 1531 та медаллар қўлга киритилиб, жумладан, 455 та олтин, 446 та кумуш, 630 та бронза медалларини ташкил этади. Бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 291 тага (19.0%) ортган.

Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларининг ўзида 185 та олтин, 198 та кумуш, 264 та бронза жами 647 та медал қўлга киритилди. Мазкур натижаларда Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳам ҳиссаси бор. У ўзига берилаётган имкониятни, ёшларга яратилаётган шароитларни давлатимиз, халқимизнинг буюк ишонч намунаси деб биладиган матонатли спортчилардан бири.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!