Актёр Рихситилла Абдуллаев “Суғдиёна” фильмида “Ҳамма аёллар фоҳиша” дегани учун балога қолди

00:34, 21 февраль 2016

Ўзбек миллий академик драма театри актёри Рихситтилла Абдуллаевнинг мухлиси ижтимоий тармоқлар орқали унга эътироз билдирди, деб ёзади “Qalampir.uz”.

Бундан бир неча йил аввал режиссёр Бахром Ёқубов томонидан суратга олинган “Суғдиёна” фильмида Рихситилла Абдуллаев Фаррух Соиповга қарата “Ҳамма аёллар фоҳиша, мени туққан одамдан ташқари деган экан бир италиялик. Ундан нима учун бундай деяпсиз деб сўрашса, чунки мени онам туққан, у мен учун фаришта деган экан”, – дейди.

Instagram ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири Рихситилла Абдуллаевнинг шахсий саҳифасига юқоридаги сўзларни эслатиб изоҳ қолдирди.

“Бир нарса ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Суғдиёна” фильмида бир италиялик “файласуф”нинг “Барча аёллар...” деган гапини айтгандингиз. Сизнинг ҳам қизингиз, синглингиз бўлса керак... Эртага қизингиз шу фильмингизни кўриб, ўзингиздан ҳам сўрар, балки... Тан олиш керак, ролни қойилмақом қилиб ўйнагансиз. Аммо биз ўзбекмиз, бизнинг миллий қадриятларимиз, одоб-ахлоқимиз, менталитетимиз бор. Тўғри келган гапни, тўғри келган жойда айтиш бизга ярашмайди”, – дея Абдуллаевнинг фикри билан қизиққан.

Актёр Рихситилла Абдуллаев мухлисининг эътирозларини беэътибор қолдирмади.

“Бу баҳсли масала. Тўғриси, у вақтларда кинога эндигина кириб келган эдим. Менинг фикримни ҳеч ким эшитмас эди. Тўғри тушунинг, бизни сценарийда бор нарсани ижро этишга мажбурлашади. Ҳозир анча улғайдик, фикримизни ўтказамиз”, – деб жавоб изоҳини ёзди актёр.

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!