Улуғбек ҚОДИРОВ: “Санъат институти ёнида бўлган ҳодисани тақдир ишораси сифатида қабул қилганман”

10:27, 26 февраль 2016

Актёр Улуғбек Қодиров ижро этган ролларини ҳаётда қанчалик қийинчиликларга дуч келмасин, шундан ҳам фақат ҳикмат излайдиган, ҳеч нарсадан нолимайдиган битта қаҳрамон бирлаштириб туришини маълум қилди.

Актёр унинг ҳарбий бўлишини истаган ота-онасининг орзусини рўёбга чиқармай, қандай қилиб санъат институтига келиб қолганлиги ҳақидаги қизиқарли воқеани Sputnik Ўзбекистон интернет нашрига гапириб берди.

— Ота-онам ҳақиқатан ҳам ҳарбий бўлишимни жуда орзу қилишганди. 15 ёшимда Тошкентдаги Суворов номли ҳарбий билим юртига ўқишга кирдим, аммо уни битириш менга насиб қилмади. Кутилмаганда кўричак бўлиб қолдим. Жарроҳлик операциясидан кейин шифокорлар жисмоний машқлар бажаришни маълум муддатга тақиқлашди. Ота-онам мени оддий мактабга қайтаришга қарор қилишди. Шундай қилиб, ҳарбийлик касби ҳақидаги орзу ўз-ўзидан барҳам топди.

Санъат институтига ҳужжатларимни тасодифан топширганман. Институт биноси олдида рўй берган воқеани тақдирнинг белгиси сифатида қабул қилганман.

Баҳорнинг илиқ кунларидан бирида дўстларим билан Тошкентдаги Алишер Навоий номли миллий боққа айлангани бордик. Ўша кунлари онам менга янги пойафзал олиб бергандилар. Кўп юрганимдан туфли оёғимни шилиб ташлади. Аммо юришдан тўхтамадим. Шунда хаёлимга санъат институтининг олдига етиб олсам бўлди деган фикр келди. Институт биноси олдига етиб борганимда, оёғимдан қон кета бошлади, бу қон институт дарвозаси олдига тўкилди. Ўша куни кечқурун онамга “Санъат институтига ҳужжат топшираман!” деб айтдим. Онам “Бу нима деганинг?” деб ҳайрон бўлдилар. “Қоним тўкилган жойга ўқишга кирмасам бўлмайди” дея жавоб берганман”, деб ёзади нашр.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!