1 март – миллатимизнинг ардоқли шоираси Зулфияхоним таваллуд топган кун

05:12, 01 март 2016

Мен туғилган кун

Бугун менинг туғилган куним,
Мени туққан онам, Сиз қайда?
Бедор ўтиб бормоқда туним,
Бир оғриқ бир қон, жонда, пайда.

Туғилганман қайси соатда,
Қанча муддат сиз егансиз дард?
Қиз туғилиш дарди одатда
Бўлган экан Сизда бешафқат.

Бугун менинг туғилган куним,
Тўлғоқдаги ҳолингиз кўзда:
Курси қучиб курашасиз жим,
Қотма жусса гоҳ ўт, гоҳ музда.

Қора терда танҳо бошингиз,
Лабингиз — дашт жўягидай қоқ.
Оғзингизга тиқиб сочингиз,
Танангизга соларлар тўлғоқ.

Беш болангиз дарча ортида
Жонингизни кўриб ўтирган,
Менинг отам қўшни отида
Ким қайлардан доя қидирган?

Бор суякни чок-чокдан сўкиб
Ичингизга сиғмай кетган мен,
Танангизнинг тубида чўкиб,
Чеҳрангизга энтиккан-да мен.

Гоҳ дард тутиб, гоҳи у қочиб
Кўзингиздан сачратган олов.
Фақат азоб эшигин очиб,
Чекинишга қўйган бўлсам ғов.

Томирингиз бўйлаб эзганим,
Тўққиз ою тўққиз кун уйғоқ.
Беш ўғилнинг изиданлигим,
Сизлар интиқ қизча туғилмоқ.

Юзингизни кўришга шошган,
Кўзингизга кирмоқ бўлганим!
Кўксингизга ташна лаб чопган,
Сўзингизга муштоқ бўлганим.

Балки тандан қону ёшликни
Сўрмоқлиқдан ҳижолатлигим?
Юрагангиз бир қуёшликни
Сезиб, жоним роҳатдалигим.

Гўзал қалбнинг тагида ётиб,
Эзгу ҳиссингизда жўшганим.
Ноёб идрок сеҳрига ботиб,
Ухлоқ шеърга шогирд тушганим!

Х,а, қонингиз, жонингиздаги
Бир жаҳонни уқиб олганим,
Барчасидан узилиш дарди
Яқинликдан қўрқиб қолганим —

Бари учун, — жаҳаннамий дард
Тўлғоғига отдим не муддат? —
Мен билмайман!
Самовий бир мард,
Жон туғувчи илоҳий қудрат —

Бўлганингиз онларга таъзим!
Азоб учун умримдай узр…
Барин такрор этдим мен ўзим,
Она бўлмоқ — азобли ҳузур…

                                                ЗУЛФИЯХОНИМ

                                                                1972 йил

***

Энг гуллаган ёшлик чоғимда...

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.
Қушлар сайрар жонимга пайваст,
Мен севгининг бўйи билан маст,
Куни билан далада қолдим,
Лолазорлар ичра йўқолдим.
Қучоқ-қучоқ гуллар терганим
Ва келтириб сенга берганим
Кечагидай ҳамон эсимда,
Ҳар сония, ҳар он эсимда.
Шундан бери тилимда отинг,
Шундан бери дилимда отинг…
Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.

                                                 ҲАМИД ОЛИМЖОН

                               (ТУРМУШ ЎРТОҒИ ЗУЛФИЯХОНИМГА

                                                  АТАБ ЁЗИЛГАН)

                                                                 1937 йил

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!