Бугундан кучга кирадиган йўл ҳаракати қоидаларидаги энг муҳим ўзгаришлар

11:08, 01 март 2016

2015 йилнинг 24-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 370-сонли қарор имзоланди. Мазкур қарорга асосан мамлакатимизда 2016 йилнинг 1 март кунидан бошлаб бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган янги таҳрирдаги "Йўл ҳаракати қоидалари" амалга киритилди. Шу муносабат билан қуйида "Йўл ҳаракати қоидалари"да кўзда тутилган энг муҳим ўзгаришларни келтириб ўтамиз.

Демак, 1 мартдан бошлаб:

Двигател иш ҳажми 50 сантиметр3 дан юқори, тезлиги 50 километр соатдан ортиқ скутер, электроскутер ва квадроцикллар ҳам «мотоцикл” атамасига киритилди. Эндиликда улар ҳам мотоцикл сифатида рўйхатга олинади ва давлат рақам белгилари берилади. Уларни  бошқарадиган ҳайдовчилар «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишлари шарт.

Ҳайдовчилар:

  • ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни ҳаракат вақтида танани(қўлни чиқариш бунга кирмайди) автомобиль салонидан ташқарига чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириши;
  • йўловчиларга хавфсизлик камарини тақиб олиш шартлигини айтиши;
  • кўп қаватли уйлар орасида автомобиль тезлигини соатига 30 километрдан оширмаслиги;
  • ўзи билан бирга нур қайтарувчи нимчаларни олиб юриши;
  • ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедларда куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юриши;
  • двигитель иш ҳажми 50 сантиметр кубдан юқори, тезлиги 50 километр соатдан ортиқ бўлган квадроцикл, скутер ва электроскутер кабиларни давлат рақами ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқармаслиги;
  • «А» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганларнинг ёши ўқишни битириш вақтида 16 ёш, «В» ва «С» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганларнинг ёши ўқишни битириш вақтида 18 ёш, «Д» ва трамвай, троллейбусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганларнинг ёши ўқишни битириш вақтида 21 ёш бўлиши шарт.

Пиёдалар:
Йўлни кесиб ўтаётганда (махсус ажратилган жойдан) хаёлни чалғитувчи воситалар — мобиль телефони ва планшетдан фойдаланиш, қулоқчин (наушник)да мусиқа эшитиш ёки газета, журнал, китоб ўқиш ман этилади.

Бундан ташқари ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун «Фото ва видеофиксация» ахборот-ишора белгиси ҳам жорий этилди. Бу киритилган янгиликнинг долзарблиги Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини компьютерлаштирилган бошқарув тизимини  ишга тушиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!