Ўзбекистонда патронаж ойлиги бошланди

06:16, 02 март 2016

Мамлакатимизда 1 мартдан 1 апрелга қадар ҳудудлардаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги ўтказилади. 

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад тиббий-профилактика тадбирларини янада такомиллаштириш, фертиль ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни кенгайтиришдир. 

Патронаж ойлигида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Ойликни самарали ташкил этишда бирламчи тиббий-санитария тизими шифокор ва ҳамшираларига вилоят, туман, шаҳар тиббиёт муассасалари тиббий ходимлари яқиндан кўмак беради. Тиббиёт марказлари, диспансерлар, клиникаларнинг шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари диспансер назоратида турган беморларнинг уйига бориб, ҳолидан хабар олади. 

Хонадонларда тиббий патронаж ишларини ташкил этиш жараёнида оилаларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, касалликни юзага келтириш мумкин бўлган омиллар, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ечимини топиш ва бартараф қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларига ахборот киритиш ва тегишли чораларни белгилаш кўзда тутилган. Ойлик доирасида маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, кенг омма иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!