Рекорд ўрнатиш учун истеъмол қилиш мумкин бўлган Ўзбекистон харитаси яратилади

15:34, 02 март 2016

6 март куни Тошкент шаҳар Самарқанд Дарвозадаги савдо марказида ўтказиладиган, машҳур ошпаз Баҳриддин Чустий ва унинг гуруҳи яратадиган истеъмол қилиш мумкин бўлган Ўзбекистон харитасини яратилишш жараёни, ғайриоддий рекордни кузатиш истагингиз бўлса, бемалол ташриф буюришингиз мумкин, деб хабар берди UT.uz нашри.

Ўзбекистоннинг истеъмол қилиш мумкин бўлган харитасини яратиш  ғояси ошпаз Баҳриддин Чустийни анчадан бери ўйлантириб келган. У мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Россиянинг ресторан бизнеси бўйича пешқадам танқидчиси Олег Назаровдан маслаҳат сўраган. Ресторан бизнеси академияси унинг қизиқарли таклифини қўллаб-қувватлаб, бу мегахаританинг ҳомийлигини расман ўз бўйнига олган. Лойиҳа муаллифлиги бевосита Баҳриддин Чустий ва “Shirapaz” қандолатчилик уйи бошқарувчиси Забиҳуллоларга топширилди. 

Лойиҳа ижодкорларининг маълумот беришича, хаританинг узунлиги 5 метр бўлиши кўзда тутилган. Лаззатли рекорд таркибига турли ширинликлар киритилган, бу егуликлар билан тадбир иштирокчиларини меҳмон қилиш ҳам кўзда тутилган. Республикамизнинг тарихий шаҳарлари: Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, суратга олишингиз ҳамда татиб кўришингиз ҳам мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳали ҳеч ким бу ҳажмдаги Ўзбекистон харитасини яратмаган, у ўзининг катталиги билан тарихда қолиши режалаштирилган. Ширинликлардан баҳраманд бўлишни истасангиз, иштаҳангизни якшанба кунга асраб қўйинг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!