Сизда гапим бор: “Сиз ўйлаган қиз эмасман мен...”

13:54, 04 март 2016

Ушбу рукнга бу гал  сурхондарёлик мухлисамиз Сабоҳатнинг мактубини чоп этишга қарор қилдик.  Сизнинг ҳам кимгадир айтмоқчи бўлган сўзларингиз бўлса бизга йўлланг.

Азизим, сизда гапим бор. Ўзи сизни “азизим” дейишга ҳаққим борми? Нима бўлганда ҳам мен учун азиз инсонсиз. Шунинг учун ўйлайманки, азизим, дейиш нотўғри бўлмайди.

Эсингиздами, сиз менга илк бор адашиб қўнғироқ қилгандингиз. Ким билсин, ростдан адашганмидингиз ёки рақамимни тусмоллаб  терганмисиз?! Ишқилиб, менга “алло” сўзингиздан кейин биринчи айтган гапингиз “Адашиб тушдим, шекилли” бўлганди.

Ўшанда менинг телефоним интернетга уланганди. Шу заҳотиёқ сиз интернет орқали хабарлашиш мумкин бўлган тармоғимда пайдо бўлдингиз. Бу тармоқ шунақа экан. Ким биландир қўнғироқлашдингизми, тамом, дарҳол уни ҳам ўз рўйхатидагилар қаторига қўшаркан. Мен сизнинг рақамингизни ўчириб ташламоқчи бўлдим. Аммо суратингиз эътиборимни тортди. Катталаштириб, кўрсам, истарали, келишган йигит экансиз. Негадир ўчиргим келмади. Сал ўтмай эса сиздан хабар келди:

“Узр, жуда гўзал эканлигингизни айтмоқчиман, холос...”

Қизариб кетдим. Сабаби, суратдаги қиз ўзим эмасдим. Ижтимоий тармоқлардан биридан олиб жойлагандим. Анча хунуккина қизлигимни билган танишларим “Гўзаллашиб кетибсанми?” дея пичинг қилишганди. Аммо мен барибир суратни олиб ташламадим. Кейин таниш-билишлар ҳам кўникиб кетишди. Суратни хаёлларига ҳам  келтиришмади. 

Сизнинг рақамингиз қўшни давлатлардан бириники эканлиги сабаб, “раҳмат” деб қўявердим. Чунки “Барибир мени кўрмайди-ку!” деган фикр ўтди хаёлимдан. Негадир сиз ҳам мени ўз танишларингиз қаторидан ўчиришга шошилмадингиз. Лекин бошқа хабар юбормадингиз ҳам. Мен эса суратларингизни кўриб чиқиб, ўзингиз эканлигингизга амин бўлдим. Улардан сизнинг қурилишда, оғир меҳнат ортидан пул топаётганингизни билиш мумкин эди. Бир ҳафтача ўтгач, ўзим хабар юбордим:

“Салом, сиз бошқаларга ўхшаб, қурилишда ишлашингизни бекитмас экансиз-а? Айримлар ўзи расво жойларда ишласа ҳам, чиройли бинолар, креслолар ёнида суратга тушиб, “Бу менинг офисим”, дейишади...”

“Бундан нима фойда? Танишларим ҳам, яқинларим ҳам нима иш қилишимни билади. Бегоналарга эса фарқи йўқ. Демак, бошқаларни эмас, ўзимни алдаган бўламан-да. Яна қилаётган ишимнинг нимаси ёмон? Ҳалол пул топаётган бўлсам...”

Бу сўзларингиздан кейин ўзим уялиб қолдим. 

Шундан сўнг бир ойча тармоқ орқали шунчаки сўрашиб юрдик. Кейин эса бир-биримизга юборадиган хабарларимиз сони орта бошлади. Албатта, сизнинг кундузи вақтингиз бўлмасди. Ишлардингиз. Мен эса уйда ўтирган қизман. Уй ишларини қиламан-у, телефонимга термуламан. Худди сиздан бирор хабар келадигандек. Кечки пайт эса овқатланасиз-у, чарчаганлигингиз туфайли дам олгингиз келади. Менинг кўнглим эса сизнинг суҳбатингизни қўмсайди. Ўтириб-ўтириб ёза бошлайман:

“Ака, яхшимисиз? Чарчамадингизми? Эсли сингил бўлиб ҳол сўраб қўяй дедим...”

“Раҳмат, ўзингиз яхшими?” — дейсиз-у, жимиб кетасиз.

Менинг эса яна хабарлашгим келади. 

Ўйга тола-тола сизга бемалол ёзишнинг йўлини топгандек бўлдим:

“Менинг ёзганимни нотўғри тушунманг. Сизни акамдек кўраман. Сиз ҳам сингилдек кўриб, ёзаверинг...”

“Хўп”, — дедингиз қисқагина қилиб.

Аммо мен кўпроқ суҳбатлашишни истардим. Мафтун этган суратингиз бўлса, энди маъноли, мулоҳазали гапларингиз ҳам менинг эътиборимни тортаётган эди. Чунки сиз бошқа йигитларга ўхшамасдингиз. 

“Аслида камгап йигит бўлса керак, шунинг учун ҳам менга ёзавермайди. Бўлмаса, қўйган расмим биринчи бўлиб унинг эътиборини тортганди-ку. Биринчи гапирган ҳам ўзи. Шундан маълумки, камгап, камсуқум, ростгўй йигит”, — деган хаёлга бора бошладим сиз ҳақингизда. 

Кейин эса бирдан миямда буткул бошқа фикрлар айлана бошлади:

“Бунақа йигитларни ҳар қандай қиз севиб қолади. Балки мендан бошқаси “илинтириб”, ўзига қаратишга ҳаракат қилаётгандир? Ўша билан ёзишиб, менга вақт топа олмаётгандир?”

Шуни ўйлашим билан сизга хабар юбордим:

“Синглингиздан ҳол сўрашга ҳам вақтингиз йўқ. Ё қизлар бошингизни айлантириб, менга ёзгани қўймаяптими?”

“Қанақа қизлар? Энди қизларга қараб нима қиламан? Хотин, бола-чақамни боқай деб шу ерларда юрибман-ку!” дея хабар юбордингиз.

Ишонмадим. Ахир кўринишингиздан жуда ёшсиз. 

“Вой, сиз уйланганмисиз?” — дедим ҳам ҳайрат, ҳам алам билан.

“Ҳа, беш йил бўлди. Иккита болам ҳам бор”, дея жавоб ёздингиз.

Ҳамон ишонмасдим.

“Ёш кўринаркансиз, унда...” дедим нима дейишни билмай.

“Ўзи ёшман. Йигирма бир ёшимда уйланганман. Отам йўқлиги  сабаб, бувим эрта уйлантирган. Ҳозир ёшим йигирма олтида”, дедингиз.

“Яхши, янгам билан бахтли бўлинг, жиянчаларимнинг роҳатини кўринг”, дедим қалбимга қарши бориб бўлса-да.

Шундан сўнг камроқ гаплашишга ҳаракат қила бошладим. Лекин юрагим ўртаниб тинчлик бермасди. Ўзим билмаган ҳолда нимадир деб хабар юборардим. Негадир эътиборингиз тортгим келаверарди. Ҳалиги ижтимоий тармоққа кириб, яна ўша қизнинг расмларидан олдим. Бу ишим яхши эмаслигини билсам-да, сизнинг севиб қолишингизни истаётгандим.

Олти ойча вақт ўтганидан кейин сиз ҳам тинимсиз ёза бошладингиз. Мен яна ўша қизнинг янги суратларидан жойладим.

“Ўзингни бунча реклама қилаверма. Расмларни фақат мен кўрмайман-ку!” — дедингиз бир куни рашк қилаётганингизни сездириб.

Шунчалар хурсанд бўлдимки...

Ҳатто, ёзишмаларга қаноат қилмай, қўнғироқ ҳам қила бошладингиз. Хуллас, мен ўз ниятимга етгандим. Бироқ энди мени қийнаётган нарса ёлғоним эди. Чунки сиз севиб қолган ўша суратдаги қиз эмасдим-да! 

Бир йил ўтиб, сиз уйга қайтадиган бўлдингиз.

—  Сабо, уйга боргач, эртасигаёқ сени кўргани бораман, — дедингиз телефонда ҳаяжон билан. 

Ўзимни буткул йўқотиб қўйдим. Ахир “Мен у қадар гўзал эмасман, сиз ўйлаган қиз эмасман”, дея сизга айта олмасдим.

Шунинг учун ўзингизнинг нозик томонингиз орқали бу йўлдан қайтаришга уриндим:

—  Унақа қилманг. Аёлингиз, болаларингиз бор. Гуноҳ бўлади.

Сиз жимиб қолдингиз. Шу билан бир ҳафта гаплашмадик. Билардимки, бу вақт ичида сиз уйга қайтгандингиз. Бир куни нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Жавоб берсам, сиз экансиз. Уйга келганингиз ва янги рақам олганингиз маълум бўлди.

—  Энди менга қўнғироқ қилманг. Оилангиз билан бахтли бўлинг, — дедим қатъий сирим ошкор бўлишидан қўрқиб. 

—  Бир марта кўришайлик, Сабо. Бир мартагина... — ялиндингиз. 

Мен эса алоқани уздим. Ўша-ўша қўнғироқ ва хабарларингизга жавоб бермадим. Жавоб бериш — шармандалик сари қадам бўлишини билганим учун ҳам шундай қилдим. Яна бир сабаб ҳам бор эди: бу менинг ўз ҳисларим жиловини қўлга ололмаганим. Чунки, мен сизнинг оилангиз, фарзандларингиз борлигини била туриб ҳам сиз билан алоқани узмадим. Бу ишим нотўғри эканини била туриб, ҳисларимдан енгилдим. Энди эса, ақлим киргач, қилаётган ишларимнинг қанчалик бемаънилик эканини англадим. 

Азизим, сиз мен учун қадрлисиз. Айтмоқчи бўлган гапим, шу ҳақиқат эди. Мени кечиринг. Мен аслида буткул бошқача қизман. Сиз эса оилангиз билан бахтли бўлишингиз керак...

Сабоҳатнинг сўзларини КАМИНА оққа кўчирди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 12:57, 11 март 2016
ГАП ЙО ЧИДА ОЛГАНИЗГА САБРИЗГА
Гость 14:48, 06 март 2016
yana begana erke oilali erken azizim dyiwizi qaren uyalmasdann.... nma qilardz ozizi qiynab ucrawuvga cqib birovi guldee oilasini buzib kn iczdegilani yozmabszdeeee
Гость 14:46, 06 март 2016
aqli endi kirbtideee toba voxtliro oylaw keregidi mandan oldngi yozgan odami gapiga qowilaman xudoyim xammaga insoff berisnnnn mana wunaqa qizlani dp xamma qizla yomon bop ketadiii nma keregi boridi bowda jovob yozb yana oilasu borlugini bilib turib maslaxatm siz umumab tilfon iwlatmen kocega umuman cqmen yana kozizga croyli korngan xar bita odami bowini aylantrb yurmen.... xudo xammamzga insof bersiin ☝☝☝☝
Гость 23:00, 05 март 2016
барака топин синглим бахтли булинг
Гость 14:42, 05 март 2016
Инсон туйғуларга эмас, ақлга бўйсуниш керак, бунга ирода топиш керак. Мўмин эканлигини унутмаслик керак. Демакким, қалб, юрак ақлга қулоқ тутиб иш юритиши керак.
Гость 23:34, 04 март 2016
эх мухаббат, қай куйларга солмайсан одамзотни
Гость 23:11, 04 март 2016
Eh afsus his-tuyg'ular bilan o'ynashib o'zingizni ham boshqalarni ham hayolingizni ham hayotingizni ham bemano qilasizde.
Гость 15:47, 04 март 2016
Балки сизни юкоридаги хикоянгизга фикр билдиришим тугри эмасдир. Лекин сиз бу хидбинлигингиз билан хаётизни бир кун барбод килишиз аник. Сиз хаозир хам бировни оиласини бузиш ёмон эканлиги учун эмас, у йигит аслида сизни асл юзизни куришидан уялиб муносабатизи тухтатгансиз. Узизни оппок курсатишдан нима наф? Яхши киз узокни кура олмаслигиз, калтабинлик сабаб бир оилани муносабатига дарз етказиб булдиз. ,
Гость 15:38, 04 март 2016
Яхши хам расмдаги киз булмагани. Акс холда битта оилани бузилишига сабабчи буларди. Инсон уз чиройидан тугри фойдалана олиши керек. Кимнингдир бахтсизлиги эвасига бахтга эришиб булмайди.