Вилоятлик фуқаролар Тошкентда вақтинчалик ишга жойлашиш учун гувоҳнома олиши шарт этиб белгиланди

14:26, 09 март 2016

Унинг муддати олти ойдан ошмаслиги белгиланди.

26 феврал куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан бошқа вилоятдан келиб ишлаётган фуқароларга бир марталик вақтинчалик иш билан шуғулланиш учун гувоҳнома олиш мажбурияти юкланди, деб хабар берди “Норма” нашри. 

Ушбу гувоҳномани олиш учун бир марталик иш билан таъминловчи марказга мурожаат этиш лозим. Ҳужжатлар рўйхатига ариза, паспорт нусхаси (асл нусхаси ҳам кўрсатилади), 3х4 ҳажмдаги тўртта фотосурат ва анкета киртилган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа ҳудудлардан ишлашга келган фуқаролар яшаш жойи бўйича ҳисобга турганлиги ҳақидаги қайд варағини ҳам кўрсатишлари лозим. 

Гувоҳнома ҳамма ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг, икки ҳафта мобайнида берилади. Ҳужжатнинг муддати Қорақалпоқстон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинчалик ҳисобга турилган муддатга мос келиб, 6 ойдан ошмаслиги керак. Қонун ўзгаришлари фақатгина бир марталик иш билан шуғулланувчи фуқароларга тегишли бўлиб, доимий иш билан шуғулланувчи фуқароларга алоқаси йўқ. Бу ўзгаришлар паспорт-виза тизими ва уй-жой жамғармаси тартибини мустаҳкамлаш мақсадида киритилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!