Испанияда ҳалок бўлган Моҳинанинг отаси: “Қизим яшашга шошиларди”

12:09, 28 март

Самарқандлик Моҳина Абдусаидова — Испанияда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган талабалардан бири эканлиги ҳақида аввал хабар бергандик.

Жорий йилнинг 20 март куни Испанияда содир бўлган машъум автоҳалокат унинг ҳаётига нуқта қўйди. Ҳалокатга учраган автобус нафақат унинг у билан бирга турли мамлакатлардан билим олиш учун келган яна 12 нафар талаба қизнинг ҳаётига нуқта қўйди. Моҳина Абдусаидова Австриянинг MODUL университети талабаси эди.

Моҳина — Абдусаидовлар хонадонида вояга етган уч қизнинг кенжаси эди. Тўнғич қиз Рисолат Нью-Йорк университетларининг бирида ҳуқушунослик бўйича бакалавриатни битириб, айни кунларда Испанияда криминалистика соҳасида фаолият юритмоқда. Ўртанча қиз — Камола Вена университетининг ҳуқуқшунослик факультети талабаси бўлса, оиланинг ягона ўғил фарзанди бўлмиш Беҳрўз ҳам Австрия гимназияларидан бирида таълим олади. 

“Моҳина, жудаям ўқишга иштиёқманд қиз эди. Бирор марта компьютерда ўйин ўйнаб ўтирганини кўрмаганман. Унинг бундай тинимсиз ўқишини кўриб, “бироз дам ол, чарчаб қоласан” деганимдан кейингина китобдан бош кўтарарди”, – дея ҳикоя қилади Моҳинанинг отаси Юсуф Абдусаидов “Газета.уз” нашрига берган интервьюсида, – У Самарқанд шаҳридаги 35-умумтаълим мактабининг 9-синфини битиргач, Австрияга ўқишга бориб, немис тилида тўлиқ ўрта маълумот олди. Кейин Европада машҳур ва нуфузли бўлган, инглиз тилида таълим берувчи Вена MODUL университетига ўқишга кирди. Бу университет таълим даражасини намойиш қилиш учун аълочи талабаларни алмаштириш дастури бўйича 4 талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишга юборган. Моҳина ҳам уларнинг орасида бўлиб, у таълим олиш учун Испанияни танлади, у бу ерда бир семестр ўқиши лозим эди. У қисқа вақт давомида гуруҳдагилар орасида ўзининг билими, қобилияти билан ҳурматга сазовор бўлди. Уни ва яна икка талаба қизни Европа парламентига юбориш учун танлаб олишганди. Билишимча, талаба қизлар депутатлар билан учрашиб, у ердаги олий таълим муассасаларида билим бериш даражасини ўрганишлари, баҳо беришлари керак эди”. 

20 март куни одатдагидай Юсуф ака ижтимоий тармоқ орқали дунё янгиликлари билан танишди. Испанияда содир бўлган автоҳалокат ҳақида ҳам ўқиди. Аммо жигаргўшаси ҳам  айнан шу автобусда бўлганлиги хаёлига келмади. У Моҳинага бир неча бор қўнғироқ қилди, бироқ қўнғироқлар жавобсиз қолди.  

“Унинг феъл-атворини яхши билганим учун кўнглимга ғулғула тушди. Ҳатто телефон аппарати бузилиб қолган тақдирда ҳам, Моҳина жавоб бериш учун имкон топарди” – деб ҳикоя қилади Юсуф ака. 

Испания полициясига қўнғироқ қилиб, тайинли жавоб ололмаган Юсуф ака Испанияга бориш учун йўлга отланади. “Ҳеч бўлмаса, соғ-омонлигини кўриб қайтарман”, деган хаёлда шу куннинг ўзида тушдан кейин Испанияга учиб кетди. Барселонага етиб келгач, полиция бўлимига кириб, қизи ҳақида суриштирди. Полициячилар ҳалокат юз берган жой полицияси билан боғланиб, ҳеч қаерга кетмасликни, уни машина келиб олиб кетишини билдиришгач, Юсуф ака қизи фалокатга йўлиққанини ҳис қилди.

“22 март куни Моҳинанинг жасадини олиб, орқага қайтдим. Мен ҳалокатга учраган талабалар яқинларидан биринчилар қаторида етиб боргандим. Бу даҳшатли ҳалокатда 16 мамлакатдан келган талабалар ҳалок бўлган ва жабрланган. Ҳалокат юз берган жойга минглаб одамлар, ҳаттоки Италия бош вазири ҳам етиб келди, чунки ҳалок бўлган талабалардан 7 нафари италияликлар бўлган”, – деб суҳбатни давом эттирди Юсуф ака.

“Тўнғич қизим синглисининг электрон почтасини очганда, у 19 март куни БМТга, Европа ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотига амалиёт ўташни сўраб, резюмесини юборганлигини кўрди. Демак, у автобусга ўтиришдан олдин резюме жўнатган, Моҳина яшашга, ҳамма нарсага улгуришга шошилган. Рафиқам билан менинг ҳаётим икки қисмга, даҳшатли ҳалокатгача ва ҳалокатдан кейинги даврга бўлинди. Моҳинадан ташқари уч фарзандимиз, невараларимиз бор, аммо...”

Моҳинанинг 35-умумтаълим мактабида бирга ўқиган синфдоши Меҳрангиз Аҳроркулова уни шундай хотирлади: “У синфимиздаги энг тортинчоқ ва уятчан қиз эди. Унинг ягона мақсади ўқиш, билим олиш эди. Тил ўрганишни яхши кўрарди. Мактабда инглиз тилини ўрганишимизга қарамай, қўшимча равишда немис тилини ўрганиш учун 6-синфдан бери дарсдан кейин репититорга қатнарди”.  

Моҳинанинг илмга чанқоқлигига нима сабаб бўлгани тўғрисидаги саволимизга Меҳрангиз қуйидагича жавоб берди: 

“Моҳинанинг билим чўққиларини эгаллашига бувиси ва буваси сабабчи бўлган. Улар  Моҳинани нафақат билим олишга ундашган, балки ўзлари бу борада намуна вазифасини ўташган. Моҳинанинг буваси математика фанлари номзоди Фарҳод Қодирович Аҳмаджонов узоқ йиллар университетда математика фанидан сабоқ берган, кейинчалик меҳнат фаолиятини ўзгартириб, тадбиркорлик соҳасида бир қанча ютуқларга эришган. Моҳина бувасининг илм борасида эришган муваффақиятидан фахрланарди, ундан илҳомланиб мактабда, университетда аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қилди. У ҳар доим “Инсон мустаҳкам билимга эга бўлса, ҳаётда ҳеч кимга қарам бўлмайди. Мен ҳамма нарсага ўз кучим билан эришишни истайман...” деб такрорларди”.     

Меҳрангизнинг айтишича, Моҳина келажак режалари ҳақида фақатгина у билан ўртоқлашган. У дипломатия соҳасида фаолият юритишни, элчи бўлишни орзу қилган. 

Моҳинанинг опаси Рисолат марҳума синглисини шундай хотирлади: “Моҳина тинимсиз ўқирди, у БМТда, Европа ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотида амалиёт ўташни орзу қиларди. Шекспирнинг асарларини аслида, яъни инглиз тилида ўқирди. У яқинда Пауло Коэльонинг “Алкимёгар” асарини ўқиб тугатганди”.

Вена MODUL университети ўқитувчи ва талабаларининг ҳурмат-эътиборини қозонган ўзбекистонлик талаба қиз Моҳинанинг хотирасига университет биносига мотам байроғи илинди.

Оилавий альбомдан олинган Моҳинанинг суратлари ота-онасининг розилиги билан чоп этилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!