Ҳаётда ўз шаҳзодасини учратган замонавий Золушкалар

14:27, 28 март

Кўпчилик ҳаётда эртакка ўрин йўқ, деб ҳисоблайди. Минг афсуски, эртак ҳам ҳаётдан олинганини исботлаш учун замонавий Золушкаларнинг эртакмонанд ҳаётидаги воқеаларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. 
 

Кейт — Кембриж герцогиняси

Уэльс шаҳзодаси Уильям ва оддий инглиз оиласидан бўлган Кейт 2001 йилда Шотландиянинг Сент-Эндрюс университетида танишганлар. Биринчи курснинг ўзида Кейт ва Уильям дўстлашиб қолади. Кейт учун аввалига шаҳзода билан “дўст” бўлиш жуда қийин кечди, чунки у Уильям билан учрашган чоғида хижолат чекарди. Аммо бу ҳолат аста-секин ўтиб кетди. Бундан ташқари, Кейт шаҳзодани ўқишни ташлаш фикридан қайтарди. 2004 йилдан бошлаб уларнинг муносабатлари ҳақида матбуотда биргаликдаги суратлари чоп этилганидан сўнг муҳокама бошланди. Лекин уларнинг муносабатлари кўнгилдагидек эмасди: улар баъзан уришиб, аразлашиб қолишар, кейинроқ эса ярашиб олишарди. Нима бўлганда ҳам чин муҳаббат ғалаба қозонди: 2010 йилнинг ноябрь ойида Уильям ва Кейт расмий равишда ўзларининг унаштирувлари ҳақида маълум қилишди. 2011 йилнинг апрель ойида Вестминстер аббатлигида уларнинг никоҳ маросимлари ўтказилди ва бундай бахтли кунни миллионлаб одамлар дунё бўйлаб жонли эфирда кузатишди.

Летиция — Испания қироличаси 

Испания қироличаси Летициянинг отаси журналист ва онаси ҳамшира бўлиб ишлаган ва у болалигидаёқ келажакда журналистлик соҳасида фаолият юритишни режалаштирган. Шаҳзода Фелипени учратишдан аввал, у турмушидан ажраган ва ўша вақтда таниқли мухбирга айланган эди.  Астурий шаҳзодаси билан Летиция Галисияда хабарлар тайёрлаш вақтида тасодифан танишиб қолади. Летиция аввалига Фелипе билан учрашувга розилик бермаган ва шаҳзода сабр билан кутишга мажбур бўлган. Натижада 2003 йилда дунё бўйлаб тахминан 1,5 миллиард томошабинни экран олдига жамлаган тўй бўлиб ўтган.

Шарлен — Монако княгиняси

Сузиш билан шуғулланиш нафақат спортдаги баланд чўққиларга, балки қасрга ҳам элтиши мумкин экан. Ана шундай ҳолат профессионал сузиш билан шуғулланувчи Шарлен Уиттсток ва Альбер II ўртасида юз берди. Уларнинг биринчи учрашуви 2000 йилда Монакода ўтказилган спорт беллашувда, иккинчиси эса 6 йил ўтиб, Турин шаҳридаги мусобақада содир бўлган. Шундан сўнг, матбуотда уларнинг биргаликда тушган фотосуратлари пайдо бўла бошлаган. Аммо улар муносабатларини 2011 йилда расман рўйхатдан ўтказишган.

Мэри — Дания маликаси

Ўқитувчилар фарзанди бўлмиш Мэри ҳамда шаҳзода Фредерикни ҳам спорт бирлаштирган. Улар 2000 йилда Олимпия ўйинлари вақтида Сидней шаҳридаги майхоналарнинг бирида танишишган. У ерга шаҳзода ўз дўстлари билан дам олгани келади ва соҳибжамол Мэрини учратиб қолади. Шуниси қизиқки, бўлажак қирол Мэрига ўзини Фред деб таништиради ва аслида ким эканлигини ундан яширади. Лекин Мэри у билан кетишга шошилмайди: 2001 йилнинг бошида у Парижга инглиз тили ўқитувчиси бўлиб келади ва кейинчалик Данияга кўчади. Аммо Мэри Элизабет Дания маликаси бўлиши учун шаҳзоданинг ота-онаси қўйган бир қанча шартларини бажариши, жумладан, Австралия фуқаролигидан воз кечиши, пресвитериан черковидан Даниянинг лютеран черковига ўтиши, датчани мукаммал ўрганиши ва келажакда эридан ажрашадиган бўлса, фарзандларидан воз кечишига розилик бериши лозим бўлган.

Сара — Бруней маликаси 

Уильям ва Кейт каби Бруней тахт вориси ҳам ўзининг севгилисини билим масканида учратиб қолган – илк маротаба шаҳзода уни мактаб даврида кўриб қолган. Уларнинг танишишига Саранинг мактабдаги дугонасининг турмуш ўртоғи сабаб бўлади. У шаҳзодага “менинг рафиқамнинг чиройли дугонаси бор” деб, Сарани унга таништирган. Сарани кўриш учун эса шаҳзода мактабга махсус ташриф уюштирган. Ўша вақтда Сара денгиз биологияси билан жиддий шуғулланишни режалаштирган эди, лекин тақдир унга ўзгача, кутилмаган совғани тайёрлайди. Шундай қилиб, 17 ёшли Сара 30 ёшли Бруней шаҳзодаси Ал-Мухтади Билла Болкиахга турмушга чиқади.

Тесси — Люксембург маликаси

Тесси Люксембург маликаси унвонини 2009 йилда олган, аммо шаҳзода Луининг қонуний умр йўлдоши унвонига эса ундан аввалроқ эришган. Бунинг сабаби қуйидагича бўлган: сержант Тесси Энтони ва Люксембург шаҳзодаси билан учрашув Косовода бўлиб ўтган. Тез орада улар фарзанд кутаётганликлари маълум бўлган, аммо қироллик оиласида ноқонуний фарзандлар бўлиши қатъиян ман этилган эди. Уларнинг ўғиллари дунёга келганидан сўнг, Тесси ва Луи турмуш қуришган. Бунинг учун шаҳзода ўзининг тахтга ворислик ҳуқуқидан воз кечишига тўғри келган ва Тесси оддийгина “мадам де Нассау” номини олган. Кейинроқ эса уларнинг иккинчи ўғиллари дунёга келган. Ва ниҳоят, шаҳзоданинг оиласи уларнинг никоҳга розилик берган: 2009 йил Миллий Люксембург кунида Буюк герцог ва бахтли Анри бобо ўз фарзандининг никоҳини қонуний деб қабул қилган, келинига малика ва невараларига эса шаҳзодалар унвонини топширган.

Метте-Марит — Норвегия маликаси

Агар ҳақиқий эртакларда тилга олинган омад ҳақида сўз кетса, Метте-Марит ҳақида гапириб ўтмаслик катта хато бўлади. У оддий журналист ва банк хизматчиси оиласида дунёга келган. Қироллик оиласи аъзосини учратишдан аввал, у официант, кийим-кечак сотувчиси бўлиб ишлаган, гиёҳванд моддалар билан ҳам “танишишга улгурган”, қонунбузар-жиноятчи инсон билан ҳам яшаб кўрган ва ҳаттоки ундан ўғил фарзанд кўрган. Норвегия шаҳзодаси Хокон билан Метте-Марит 1999 йил мусиқа фестивалида танишиб қолган. Уларнинг никоҳи Метте-Маритнинг “қора” ўтмиши туфайли хавф остида қолган. Аммо Хокон “уйлансам Метте-Маритга уйланаман ёки тахтдан воз кечаман” деб ультиматум қўйганидан сўнг яқинлари уларнинг тўйига розилик берган. 

Рания Ал-Абдулла — Иордания қироличаси

Раҳбарлик лавозимига тайинланиш тўғрисида рад жавобини олган Рания Уммоннинг “Citibank”ида ўз бахтини синаб кўрмоқчи бўлди ва бахт амал кўринишида эмас, балки муҳаббат кўринишида қадам ранжида қилади: марказий идорада Рания Иордания қиролининг ўғли Абдуллоҳ билан учрашиб қолади. Шунчаки танишув янада кучли ҳис-туйғуга айланади ва охир-оқибат тўй билан якунланади. Бундай гўзал ва ажойиб 4 фарзанднинг онасига ҳар доим ҳам шоҳона кўриниш ярашади.

Кўрдингизми, ҳаётда ҳар доим эртакка ўрин бор, асосийси — бунга ишониш керак! Ким билади дейсиз, тақдир биз учун бугун ё эртага қандай ёқимли туҳфаларни тайёрлади экан?

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!