Самвел Бабаян: Эртага Баҳрайнга қарши жиддий ўйин бўлади

15:09, 28 март

Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида кечадиган ЖЧ–2018 иккинчи саралаши сўнгги учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этди. Бу ҳақда Uff.uz хабар қилмоқда. 

“Биз ўйиндан ўйинга кучайиб бормоқдамиз. Ўтган ўйинни йигитлар билан бирга таҳлил қилиб чиқдик. Ўсишда давом этмоқдамиз, деб ўйлайман. Эртага ғалаба учун майдонга тушамиз. Рақибни жуда яхши ўрганиб борамиз. Футболчиларимиз майдонга чиқар эканлар, кимга қарши ўйнашларини яхши билишлари керак. Баҳрайн ҳам бундан мустасно эмас. Албатта, сафарда кечган ўйинни яхшилаб кўриб чиққанмиз. Рақиб яхши жамоага эга. Эртага жиддий ўйин бўлади. Баҳрайнда жуда кучли мураббий ва футболчилар бор. Ўйин ташкил этишда яхши ишлашмоқда. Айниқса сафар ўйинларида Баҳрейн яхши натижа қайд этмоқда, – дейди Бабаян. 

Шунингдек, Самвел Бабаян терма жамоада фақатгина 15-16 футболчидан фойдаланиши ҳақида изоҳ берди. 

“Мен учун ўйин натижаси аҳамиятлироқ. Майдонга тушган футболчилар бу ишни уддалай олишларига ишонаман. Ким ўйнамасин, ўз олдига қўйилган вазифани бажара олади. Терма жамоага келганимдан буён беш нафар янги футболчи илк бора майдонга тушди. Албатта бу жуда оғриқли савол, ҳатто легионерлар ёрдамидан ҳам фойдалана олмаяпмиз. Афсуски, улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлганимизча йўқ. Бунинг учун имконият бўлмаяпти. Уларни майдонга тушириб, синаб кўришимиз керак. Бугунги кунда эса аниқ ишончга эга бўлган футболчилар майдонга тушмоқда”, – дея фикрига якун ясади терма жамоамиз бош мураббийи. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасидаги учрашув эртага, соат 18:00 да бошланади. Мазкур беллашув Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!