Ростов-Дондаги Boeing учувчиларнинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида қулаган бўлиши мумкин

15:23, 28 март

Экспертларнинг хулосасига кўра, самолёт экипажи аъзолари Boeing`нинг бир хусусиятини, яъни қўниш режими пайтида баландликка кўтарилиши мумкинлигини ҳисобга олмаган. Оқибатда ҳаво лайнери секин қўнишнинг ўрнига, қирувчи самолёт каби юқорига интилган. Шундан кейин учувчилар ўзаро баҳслашиб кетган, деб хабар берди “РИА Новости” нашри.  

Ҳалокатга учраган самолётнинг параметрик ҳамда нутқни ёзиб оладиган аппаратидаги маълумотларни ўрганган эспертлар, бўлиб ўтган воқеа ҳақида тасаввурга эга бўлди. Самолёт қўниш учун иккинчи доира парвозни амалга ошираётганида учувчилар қўл режимига ўтишга қарор қилган. Баландликка кўтарилаётганда учувчилар мустақил равишда ускуналарда кўрсатилган рақамлар бўйича самолёт тумшуғини йўналтиришлари лозим бўлган. Экипаж аъзолари Boeing нинг бир хусусиятини, яъни қўниш режими пайтида баландликка кўтарилиши мумкинлигини ҳисобга олмаган. Оқибатда ҳаво лайнери секин қўнишнинг ўрнига, қирувчи самолёт каби юқорига интилган.

Мутахассисларнинг фикрича, учувчилар қаттиқ чарчагандан ёки тажрибасизликларидан ҳаво лайнерининг ғайриихтиёрий парвозини англашмаган, самолётнинг тезлиги кескин тушиб кетганидан учувчилар кабинасида жанжал кўтарилган.

Парвозни бошқараётган учувчи тезликни ошириш мақсадида двигатель иш режимини кучайтирган. Унинг шериги эса самолёт тумшуғини пастга тушириш керак деб ҳисоблаган. “Тўхта, нима қиляпсан?” деган қичқириққа жавобан у штурвални бураб, баландликка кўтарилаётган самолёт тезлигини камайтирмоқчи бўлган. Оқибатда Boeingнинг борт компьютери ишдан чиққан. Экипаж аъзолари бўлган воқеани тушуниб етганларида, кеч бўлган ва самолёт ҳалокатга учраган.

Дубайдан парвоз қилган Flydubai компаниясининг Boeing 737-800 йўловчи ташувчи самолёти 19 март куни соат 03.42 да Ростов-Дон шаҳрида ҳалокатга учраган эди

Самолёт бортида бўлган 55 йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Россия федерацияси тергов қўмитаси самолёт ҳалокатига 3 нарса: техник носозлик, ноқулай об-ҳаво шароити ва экипаж аъзоларининг хатоси сабаб бўлган деган тахминларни илгари сурган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!