Техник паспортни қанча вақтда тиклаш мумкин?

16:05, 28 март

Агар машина ҳужжатлари йўқолса, қанча вақтда тиклаш мумкин? Тартиби ва тўлови ҳақида маълумот берсангиз...

Элбек Мусаев, Китоб тумани

Саволга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бошлиғи Холматжон САЙДАЛИЕВ жавоб беради:
 
—  Агар транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси, яъни техник паспорти йўқолса, ҳайдовчи бу ҳақда ариза ёзади ва яшаш жойи бўйича маъмурий амалиёт бўлимига мурожаат қилади. Маъмурий амалиёт бўлимида маълумотлар базаси орқали текширилади ҳамда транспорт воситасига тақиқ йўқлиги ҳақида маълумот олинган транспорт воситаси рўйхатга олинган ДЙҲХХнинг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимига ариза топширилади. Ҳайдовчига транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси дубликати ёзиб берилади. Бунинг учун ундан қайд этиш гувоҳномаси учун белгиланган тўлов ставкасининг беш баробари миқдорида тўлов ундирилади. Бу ставка энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари техник кўрик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи ва рўйхатлаш учун ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида тўлов тўланади.

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: бугунги кунда республикамизда энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 130 240 сўмни ташкил этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!