Клипмейкерлар, кечирасиз, қачонгача кўчирасиз?

16:21, 28 март

Бугунги кунинг энг машҳур хонандалари фаолиятини кузатар эканмиз, уларнинг ҳар бир янги қўшиққа клип суратга олаётганига гувоҳ бўляпмиз. Клиплар шу қадар кўпайиб кетганки, уларнинг ўзига хос жиҳатини топиш ҳам мушкул иш бўлиб қолган. Лекин кўплаб клиплар орасидан ҳам хорижий клипларга икки томчи сувдек ўхшашларини учратиш мумкин. Сезганингиздек, бугунги мавзу клипмейкерлар қайси хорижий клипдан “илҳомлангани” ҳақида. 

“БИРИДА ҲИНДИСТОН, БИРИДА МИСР”

  

Райҳон Ғаниеванинг клипларидаги ранг-баранглик, диққатни тортувчи рақслар ва сюжетлар бошқа ҳамкасбларининг ишидан ажралиб туради. Унинг сўнгги клипларидан бири “Дилимо”да ҳам хонанда ўзига хосликни сақлаб қолган. Трек йўналишидаги ушбу клипни томоша қилар эканмиз унда Россия эстрада хонандаси Нюшанинг “Ты где, там я” қўшиғига ишланган клипга ўхшашлигини сездик. Икки клипда ҳам Миср манзараси кўринишида раққосалар ва хонанда шўх рақсга тушишади. Фақат Нюшанинг клипида Мисрдан ташқари Ҳинд рақслари йўналишини ҳам кузатасиз. Клипмейкер Ёдгор Носиров бу ижод намунасида Нюшанинг клипига ўхшаш кадрларни ишлатганини кўчирмакашлик десакда, лекин Райҳон Ғаниеванинг мураккаб ҳаракатларни раққосалар билан баб-баробар бажара олгани клипнинг ютуғи дейиш мумкин. 

 

 

БУТУН БОШЛИ ФИЛЬМ БИТТА КЛИПДА!

Хонанда Лола Йўлдошева ҳам сўнги пайтларда янги клиплар тақдим этиш борасида бошқа ҳамкасбларидан қолишмаяпти. Хонанданинг “Яраланган қанот” қўшиғига “Беном медия” студияси томонидан суратга олинган клипда қизнинг муҳаббатда алдангани, отаси ундан воз кечгани каби воқеалар асосида бир қизининг аянчли тақдири кўрсатиб берилган. Табиийки, бу томошабинни таъсирлантиради. Аммо ундаги воқеалар турк кино ижодкорлари томонидан суратга олинган “Сув ва олов” фильмидаги воқеалар билан жуда ўхшашлигини сезган томошабиннинг ҳафсаласи пир бўлиши аниқ. Воқеаларда қандай ўхшашлик бор дейсизми? Марҳамат, танишинг: 

 

1.  Икки ижод намунасида ҳам бош роль ижрочиси ногирон бўлади (фильм охирида қиз соғайиб ногиронлик аравачасидан туради. Клипда эса оёғи ногиронлигича қолади)
2.   Уларнинг иккиси ҳам алданиб, ҳомиладор бўлиб қолишади. 
3.  Фильмда ҳам клипда ҳам қизлар ёмғир ёғаётганда бекатда йиғлаб ўтиришади.
4.   Иккласида ҳам қизлар отасидан кечирим сўраб келганда, ота ўз қизини кечира олмайди... 

 

Клипда плагиатликка йўл қўйилган бўлсада, бутун бошли фильм воқеаларини тўрт дақиқали клип воқеаларига сиғдира олиш ҳам аслида маҳорат. Диалогларсиз, фақат ҳолатлар билан  дардни кўрсатиб бера олган актёрларимизга қойил қолмай иложимиз йўқ. 

 

“ДЎЛАНА” ВА “GQ” КЛИПИ ЭГИЗАКМИ?

Ҳожиакбар Ҳайдаровнинг “Дўлана” қўшиғига ишланган клип ҳам бизга жуда таниш туюлди. Билсак, хонанданинг бу клипи Россия эстрада хонандаси Тиматининг “GQ” қўшиғига ишланган клип билан бир хил экан. Масалан, хонанданинг хатти-ҳаракати, клипда роль ижро этган артистларининг рақс ва ҳаракатлари ҳам бир томчи сувдек ўхшаш. Энг қизиғи, клипмейкер Шуҳрат Мавлонов ҳатто реквизитларни ҳам ўхшашини ишлатган. Масалан, икки клипда ҳам грамофонларни кўриш мумкин.

   

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!