Ака-ука Искандаровлар актриса Ситора Алимжоновани “чув туширди”

17:11, 28 март

Мухлисларнинг севимли лойиҳасига айланиб улгурган “Чув тушди” лойиҳаси ижодкорлари бугун яна бир актриса Ситора Алимжоновани “нишон”га олди. Бунда актёрлар Умид ва Муҳаммадали Искандаровнинг нима алоқаси бор деб ўйлаётган бўлсангиз, унда мақолани ўқинг. 

Алия: — Ситора газетамизда “Юлдузнинг бир куни” номли лойиҳа орқали кун давомида нима ишлар билан банд бўлишингизни мухлисларга кўрсатиб бермоқчимиз. 

Ситора таклифимизга рози бўлиб  “Maжестик” гуллар дўконида учрашув белгилади. 

Алия дўкон сотувчи-маслаҳатчисига: — Биз раҳбарингиз Лола опани огоҳлантирганмиз. Дўконингизда суратга олишга руҳсат беришган. 

Сотувчи: — Хўп. Аммо барибир менинг ёрдамим керак бўлади! 

Алия: — Биз ҳеч нарса харид қилмаймиз. Шунчаки дўконда бир-иккита кадр суратга олинади, холос. 

Сотувчи, актрисага мурожат қилиб: — Сиз кўзимга иссиқ кўриняпсиз. Телевизорда кўрганман шекилли, актрисамисиз ёки ашулачи?

Ситора (сотувчи уни танимаганидан ранжиб): — Алия, қандай ҳолатларда суратга тушиб берай? Тез-тез ишни битириб кетайлик.

Сотувчи: - Нега гапимни эшитмаганга олаяпсиз? Аниқ, юлдузга ўхшайсиз. 

Актриса аҳамият бермасликка ҳаракат қилиб, фотограф ва журналистнинг таклифидан келиб чиқиб суратга тушишда давом этди. 

Сотувчи: — Лекин роса чиройли қиз экансиз. Мен ҳам сиз билан суратга тушсам бўладими?

Алия: — Илтимос, халақит бераверманг. Биз ишларимизни тугатиб олайлик кейин тушасиз. 

Сотувчи: — Дўконимизнинг бу томонида турли ҳайкалчалар, сувенирлар бор. Сизларга ёқишига ишонаман. Марҳамат. 

Бу таклиф Ситорага маъқул келди.

Сотувчи: Сизга қандай турдаги сувенирлар ёқади ўзи?

Ситора: Мен антиквар, тарихий буюмларни яхши кўраман. 

Сотувчи : Бизда айнан шунақалари топилади. Агар сизга маъқул келадиган нарсани дўконимиздан топиб берсам расмга тушишга рози... (Шу пайт сотувчи йигитнинг қўл телефони жиринглаб қолди) —  Ҳа, жўра яхшимисан? Ҳозир ёнимда актриса турибди, фақат исмини эслолмадим. Кўрсанг, танийсан! (Ситорага мурожаат қилиб) Исмингиз нима эди ўзи?

Ситора: (Сотувчи йигитнинг бу қилиғидан қаттиқ жаҳли чиқиб) Алия, бу йигитга ўзингиз гапирмасангиз, ҳозир урушиб кетишим мумкин. 

Алия: — Илтимос, менга Лола опани чақириб беринг. Сизга гапиришнинг фойдаси йўққа ўхшайди!

Сотувчи:  Опани чақириб нима қиламан. Бу нарсалар учун мен жавоб бераман. Аслида бу дўконга кирган ҳар бир харидор албатта нимадир сотиб олиши керак. Бу бизнинг ички қонунларимиздан бири. 

Тасвирчи: — Ака, ишлашимизга халақит беряпсиз!

Ижодий гуруҳ сотувчи йигит билан гап талаша бошлаганда дўконда шовқин кўтарилади. Буни эшитиб дўкон раҳбари хонасидан чиқиб келди.

Дўкон раҳбари: — Тушунмадим нима бўляпти бу ерда?

Сотувчи: — Лола опа, булар сиз билан гаплашишган экан. Дўконимизда тасвирга олишга рухсат берибсиз...

Алия: — Ярим соатли ишимиз бор деб сиз билан телефонда гаплашгандим... 

Дўкон раҳбари: — Биринчидан, сиз менга дўконга кирмай, ташқарида суратга туширамиз дегандингиз. Иккинчидан, бизнинг дўкон сизга бозор эмас. Нега шовқин солаяпсизлар? (Сотувчи йигитга қараб) Булар келганини айтиб нега мени огоҳлантирмадингиз? Ахир доконда тасвирга олиш мумкин бўлмаган жойлар ҳам бор. Буни назорат қилиб турмаса бўлмаслигини билмайсизми?.. 

Ижодий гуруҳ жаҳли чиққан дўкон раҳбарни тинчлантиришга уринади. У бундай шовқинга сотувчининг ўзи “айбдор”лигини тушунишни “истамайди”. 

Дўкон раҳбари: — Бўлди йиғиштиринг! Энди бу гаплардан фойда йўқ. Марҳамат қилиб дўконимни бўшатиб қўйинглар! Сизнинг касрингизга  харидорларимиздан айрилиш ниятимиз йўқ. 

Дўкон раҳбаридан ишни якунлаб олишга бироз вақт беришини сўрасак-да эшитишни “истамади”. 

Сотувчи: — Ана кўрдингизми? Сиз деб шундай бўлди. Энди мени ҳам ишдан ҳайдашлари мумкин. Бир марта суратга тушсангиз бўларди-ю, шунча гап-сўз йўқ эди. 

Ситора: (дўкондан “ҳайдалётганига” чидолмай турганда бу гап сабр косасини тўлдиради): Алия, бўлди! Етар шунча шармандалик. Мен кетдим. Аввал ташкилий ишларни ҳал қилиб, кейин мени чақирмайсизларми?

Жаҳл билан чиқиб кетган Ситора дўкон ёнида бир гуруҳ тасвирчилар билан алланималарни муҳокама қилиб турган  актёрлар Умид ва Муҳаммадали Искандаровларга кўзи тушди.

Умид Искандаров: — Ситора, қалайсиз?!

Ситора: — Ассалому алайкум. Сизлар нима қиляпсизлар бу ерда?

Умид: —  Янги клипнинг тасвирга олиш ишларини бошлаганмиз. 

Муҳаммадали Искандаров: — Шу гул дўконида бир саҳнани суратга олишимиз керак эди. Ўзингиз нималар қиляпсиз? 

Ситора: (асабийлашаётганини билдирмаслик учун жилмайиб).— “Даракчи” газетасининг лойиҳасида қатнашаётган эдим 

Муҳаммадали: — Сизни учратганимиз яхши бўлди. Ҳамкасбларингиздан бирини чақирган эдик. Мана бир соатдан буён кутяпмиз, келмаяпти. Агар рози бўлсангиз ўзингиз билан келишиб олардик. 

Умид: — Ҳа, ростдан ҳам! Келинг, Ситора ўзингиз ўйнаб бера қолинг?

Ситора (кутилмаган таклифдан довдираб) — Вой, йў-ўқ. Мени ишларим бор. (Бироз сукут сақлаб) Ҳа, бўлди бўлди, билдим! Алия, ростини айтинг мени алдаяпсизлар- а?

Муҳаммадали (жиддий): — Тўғриси, нима ҳақида гапираётганингиз билмадим-у лекин сизни алдаб ўтириша вақтим йўқ. Шаҳриёрнинг янги қўшиғига клип суратга оляпмиз. Шунга бош ролда акам билан партнёрликда роль ижро этасизми деяпман холос. Шунчаки ролга тайинланган актриса келмаяпти. Кўриб турибсиз-ку, ҳамма нарса тайёр, кўчада турибмиз... Вақтни йўқотиб нима қиламиз, деб сизни таклиф қилаяпман.

Ситора: — Нега энди мен бошқа биров келмагани учун унинг ўрнига рол ўйнашим керак? Агар мени биринчи бўлиб таклиф қилганингизда бошқа гап эди. Мен бу каби келишувларни тез қабул қилмайман. Таклиф, сценарий, умуман барча масалаларни аввалдан хотиржам келишиб кейин қарор қабул қиламан. 

Муҳаммадали: — Майли, унда бу ердаги ишларингизни якунлаб бизнинг офисга ўтинг. Гонарар, сценарий... барчасини ўша ерда гаплашамиз. (Ситора иккиланиб қолди) Ёрдамчим сизни студиямизга олиб боради. Биз ўша ерда бўламиз. 

Режиссёр “ёрдамчиси” газетага мўлжалланган лойиҳа тугашини кутиш учун қолади.  

Алия: — Ситора, балки режиссёрлар билан бўладиган мунозаралардан бир-икки кадрни газета учун ҳам суратга олармиз. Ролларингизнинг қандай яралиши мухлисларингиз учун қизиқ бўлса керак. 

Ситора: — Майли ўзингиз биласиз...

Барча киностудия томон йўл олади. Актриса таклифга рози бўлганини унинг кириб келганидан сезган  режиссёр хурсанд бўлади. 

Муҳаммадали: —  Ситора рози бўлганингиздан хурсандмиз. (“Даракчи” газетаси жамоасига қараб) Сизлар ҳам қатнашмоқчимисиз? Ёки расмга оласизларми?

Алия: —  Актрисанинг бир куни қандай кечишиши репортажимиз орқали кўрсатиб бермоқчи эдик. Шунинг учун келганмиз. 

Муҳаммадали: — Аммо ҳозир биз премьера қилинмаган қўшиқни тинглаймиз. Унга ёзилган сценарийни ўқиймиз. Газетадагилар ҳозирча билиши мумкин бўлмаган гапларни эшитишингизни истамайман. Қолаверса, Ситора билан гонорар масаласини ҳал қилиб олишимиз керак. Буни оммага маълум қилишни нафақат мен, балки унинг ўзи ҳам истамаса керак. Нима дедингиз Ситора?

Ситора: — (кулиб) Ишқилиб мени алдамаяпсизларми? Тўғрисини айтаверинглар! 

Алия: — Ситора, агар бизнинг бу ерга келишимиз сизда шубҳа уйғотаётган бўлса майли биз кетамиз. 

Ижодий жамоа хайрлашиб студияни тарк этади. 

Умид (жаҳли чиқиб): — Тавба нималар бўляпти? Ситора сиз ҳам ғалати бўлиб қолибсиз, алдаяпсизлар- алдаяпсизлар деяверасиз. Тушунмадим, ахир ёш бола эмасмиз-ку, алдаб ўйин ўйнайдиган. Тўғриси, мени ҳам укам яхши роль бор, , актриса ҳам тайёр деб ишимдан қолдириб чақириб олди. Келсам, актриса йўқ. Устига устак сиз ҳадеб бу ҳазилми деяверасиз. Муҳаммадали, бундай чала ишлар бўлса мени чақирма демаганмидим?

Ситора: — Умид ака, жаҳлингиз чиқмасин, “Даракчи” газетаси мухбири фоторепортаж тайёрлаймиз деб мени чақирди. Аммо тасвирга олиш пайтида шилқим сотувчи билан жаҳлдор дўкон мудири роса асабимни бузишди... 

Умид: — Шахсан менинг бундай алдовчи ўйинларга вақтим йўқ. Зарур ишларимни ташлаб шу ерда ўтирибман. 

Узоқ мунозаралардан сўнг клипмейкер ва актёрлар келишиб олишди. Ишни хонанда Шаҳриёрнинг клип суратга олиш керак бўлган янги қўшиғини тинглашдан бошлашди. 

Муҳаммадали: — Мана эшитиб турганингиздек қўшиқ севги ва айрилиқ ҳақида. Биз унинг бир қисмини ҳозир суратга оламиз. Сиз  турмуш ўртоғи ҳақида турли гап-сўзларни эшитиб, шу сабаб ундан шубҳаланиб, огоҳлантирмай ишхонасига кириб келган саҳнани ўйнаб беришингиз керак. Эртага эса кўчада суратга тушриладиган саҳналар ҳам бор.  Агар ҳозир рози бўлсангиз ишни бошлайвермиз.

Ситора: — Ҳозирми? Бўлмайди! Биринчидан либос масаласи, иккинчидан...

(Муҳаммадали Ситорани гапини бўлиб) — Ҳа айтганча, гонорар масаласини гаплашиб олмапмиз-ку! Мана бу нарх сизга маъқулми? (қоғозга рақамларни ёзиб, актрисага узатади) 

Ситора: (ўйланиб) — Нега кам?

Муҳаммадали: — Чунки Шаҳриёр ёз ойларида яккахон концертини тақдим этишга тайёргарлик кўраяпти. Унинг илтимосига кўра камхарж клип суртага олишимиз керак. Истасангиз, унинг продюсери ҳам шу ерда. Ўзингиз юзма-юз гаплашиб оласиз. 

Актрисанинг иккиланаётгани сезгандан сўнг Муҳаммали бошқа хонада ўтирган “продюсер”ини ичкарига таклиф этди. Ярим соатли баҳс-мунозарадан сўнг Ситора белгиланган нархга рози бўлиб ишни бошлашга қарор қилди. Клипмейкер катта иштиёқ билан ишга киришти. Реквезитлар, актёрларнинг вазифаси барчаси яна бир бошдан тушунтириб ўтилди. “Мотор ишни бошлаймиз” буйруғидан сўнг эса Ситора:

Тўхтанг! Нега чироқлар йўқ. Бундай ёруғлик кам хонада клип суратга олинмасди-ю... Яна мени аҳмоқ қилаётган бўлманглар.

Муҳаммадали: — Тушунмадим, Ситора ҳозиргина ҳамма нарсани келишиб, продюсер билан ҳам шахсан ўзингиз гаплашдингиз-ку. 

Ситора: — Ҳа-я, майли бошлай қолайлик...

У бир зум сукут сақлаб, ҳолатга кириб олди-да, иш бошлади. 

— Аҳмад Қодирович ўзларидами?

— Ассаломуалайкум. Мен уларнинг ёрдамчилариман. Хўжайин ҳеч ким кирмасин деган эдилар. Узр, ёнларига киришга рухсат беролмайман. 

Муҳаммадали: —  Стоп! Ситора бироз юракдан ижро этинг. Тасаввур қилинг сиз турмуш ўртоғингиздан шубҳаланиб унинг ишхонасига важоҳат билан келдингиз. Ўзингизни алдангандек ҳис этиб келганингизни кўрсатиб бера олмаяпсиз. 

Ситора эътирозларни тинглагач яна ўша диалогни бошлади. Аммо Муҳаммадали актрисанинг ижросидан қониқмади. 

Муҳаммадали: — Сиз негадир ҳолатга кира олмаяпсиз. Жаҳл, аламни нигоҳлар билан кўрсатиб беринг!

Ситора яна бир неча урунишдан сўнг биринчи саҳнани тугатди. 

Муҳаммадали: — Бу саҳна унчалик кўнглимдагидек чиқмади. Майли, иккинчи саҳнани бошлай қолайлик. Турмуш ўртоғингизнинг ёрдамчиси сизга минг қаршилик қилмасин барибир хона эшигини очасиз, аммо у ерда сиз ўйлаган саҳна эмас, турмуш ўртоғингиз тушлик вақтидан фойдаланиб қаҳфа ичаётганини кўрасиз. Бу ерда сиз фақат нигоҳ, қараш, юз ифодалари билан ишлаб беришингиз керак. 

Ситора: — Хўп, сизни тушундим. 

Актриса режиссёрнинг ҳар бир гапини яхши англаб ишга киришди. Аммо ҳар доимгидек Муҳаммадалининг “кўнгли тўлмади”. 

Муҳаммадали: — Ситора сизнинг ижронгизни кўриб, худди кимдир хафа қилганидан шикоят қилиб отасининг ёнига келган қизни кўряпман. Сиз ҳали ҳам ҳолатда эмассиз. Бўлди, бугун бўлган воқеани асаббузарликни  унутинг! Сизда хиёнат аламини кўришни истайман. Клип воқеаларидаги вазиятга оддий қараётгандексиз. Ўзингизни қўлга олинг. Ахир киноларда роллар ижро этгансизку, марҳамат. Бошладик. Мотор!

Ситора бироз танаффус сўради. 

Иккинчи режиссёр: — Ситора Муҳаммадали аканинг жаҳли чиқяпти. Яхшилаб ижро этиб бермасангиз бўлмайди.

Ситора: — Мен айтганларини бажараяпман-ку, аммо улар  нима истаётганларини тушуниш қийин. 

Ситора ва иккинчи режиссёр бироз суҳбатлашиб яна тасвирга олиш жойига қайтишди. 

Муҳаммадали: —  Ситора бу саҳнада аламдан йиғлаб юборишингиз ҳам мумкин. Сиз сўзларсиз юз ифодасида, кўз ёшда алданаётган аёл ҳолатни кўрсатиб берсангиз бўлди. 

Танбеҳ эшитавериб, йиғлагудек аҳволга келган Ситора “бу ролни эплай олмайман шекилли” деб турганда “иккинчи режиссёр” уни фикридан қайтаради. У бор маҳоратини ишга солиб ролга кирган маҳали хона эшиги очилиб “Даракчи ҳазили” деган ёзув билан ижодий гуруғ пайдо бўлади.

Ситора: — Нима?! Ҳазил! Айтим-а!? Алдаяпсизлар дедим. Йўқ, барибир мени алдолмадингиз. Мен ишонмадим! 

Ролни берилиб ижро этган бўлса-да, ишонганини тан олгиси келмаётган актрисани қўллаб-қувватлаш учун барча қарсак чалиб юборди.

Ситора: — Мени ҳеч алдолмайсизлар деб ўйлагандим. Чучварани хом санабман! Наҳотки сизлар ҳам буларга шекри бўлсанглар Умид ака? Бўлди, сизлардан хафа бўлдим! 

Актрисанинг болаларча аразлаши, ҳақиқатдан ҳам чув тушганини тан олгиси келмай, чувиллаши ижодий гуруҳнинг кайфиятини кўтарди. Лойиҳамиз ҳаво ўзгариб қолгани учун бироз ўзгарган бўлсада, импровизациялар ҳам янги қўшилган қаҳрамонлар ҳам ролга тезда киришиб кетгани сабаб жуда чиройли кечди.

Хулоса ўрнида

Ситора Алимжонова: — Тўғриси, дўкондаги ҳолатларга, айниқса сотувчи йигит ва раҳбар аёл ҳам газета ходимлари эканини билганимдан сўнг ҳайрон қолдим. Қойил! Айниқса кўп гапирадиган сотувчи йигитга беш кетдим. Ҳақиқатдан ҳам асабимни бузди. Журналистлар  худди режиссёр каби пухта режа тузишгани сабаб ҳарқандай професионал актёр ҳам “Даракчи”га “чув тушиши” мумкинлигига ишондим.  

Муҳаммадали Искандаров: — Бугунги ижросини кўриб, Ситорани тез кунда янги клипга чақириб қолсак ажабмас. “Чув тушди” лойиҳасида “Даракчи” билан ҳамкорликда иштирок этиш бизни фақат илҳомлантирди. 

Умид Искандаров: — Аввалига бўлаётган ишларга ишончсизлик билан қараган бўлса-да, у режиссёр айтган вазифани аъло даражада бажариб берди. 

Ижодий гуруҳ: Алия Сулаймонова, Ҳилола Тошева, Умид Нормуротов.

Ролларда: Сотувчи-Абдулазиз Рустамов, дўкон мудири-Лола Шойимова, иккинчи режиссёр-Садоқат Аллаберганова.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!