Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтда трамвайлар олиб ташланиши масаласига ойдинлик киритди

20:49, 28 март

Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши борасидаги ишларнинг мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов пойтахтдаги транспорт воситалари оқимининг тезкорлик билан ошиб бориши йўл-коммуникация тармоқларида муайян ўзгаришлар қилиш заруратини келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Мутасаддиларнинг бу борадаги ўрганиш натижалари таҳлил қилиниб, шаҳарнинг Муқимий, “Самарқанд дарвоза”, “Меҳржон-Сайхун”, Алиев, “Темирйўлчилар”, “Кичик ҳалқа йўли”, “Белтепа”, “Шифокорлар”, “Катта ҳалқа йўли”, Фарҳод-Тўқимачи, Маннон Уйғур – Бешқайрағоч, Лутфий, “Катта ҳирмонтепа”, Қамарнисо, Фаробий, “Оҳангарон йўли”, “Қорасув”, “Фарғона йўли”, “Янги қўйлиқ”, “Қушбеги” ва “Бунёдкор” кўчалари бўйлаб ўтган жами 87,8 километр узунликдаги трамвай йўлини демонтаж қилиниши ҳақидаги қарорга келинган.

Ҳокимнинг таъкидлашича, Шота Руставели ҳамда Муқимий кўчаси чорраҳасида транспорт воситалари ҳаракати соатига 11500 та машинани ташкил этади, яъни оқим мавжуд қувватга нисбатан 191 фоизга тенг, бу эса деярли 2 баробар кўп дегани, “Бунёдкор” ва Муқимий кўчалари кесишувида транспорт ҳаракати мосланган қувватга нисбатан 141 фоизни, “Нурафшон” кўчасининг Оқтепа майдонига уланиши кўзда тутилаётган қисмида эса 131 фоизни ташкил этади. Шуларни инобатга олган ҳолда юқорида келтирилган трамвай линиялари олиб ташланади ҳамда бунинг эвазига йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти ошади. 

Айнан трамвайда қатнайдиган аҳолини инобатга олган ҳолда эса ушбу транспорт ўрнига “Массив Бешқайрағоч” – “метро Беруний” йўналишида қатнайдиган 10 дона т12-сонли автобус, “Массив Қўйлиқ-4 – “Тошкент вокзали” оралиғида қатнайдиган 11 дона т26-сонли автобус, “Массив Чилонзор 25-кв” - Тошкент вокзали” (т9-сонли), “Қўйлиқ маркази” – “Тошкент вокзали” (т13-сонли)йўналишларида қатнайдиган ҳар бир йўналиш учун 18 донадан, “Массив Бешқайрағоч” – “Оқтепа майдони” (т8-сонли) 10 дона ҳамда “Массив Бешқайрағоч” – “Чилонзор буюм бозори”ни боғлайдиган т17-сонли 13 дона, жами 80 дона автобусларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Мазкур автобусларнинг вақт оралиғи трамвайникидан анча тез бўлиб, бу аҳолига етарлича қулайлик яратади, дея таъкидлади Усмонбеков.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!