АҚШ махсус хизмати Сан-Бернардинодаги террорчининг iPhone`нини бузиб кирди

09:55, 29 март

АҚШ Apple компаниясидан Сан-Бернардинода отишма содир этган террорчи Сайид Фарукнинг телефонини бузиб киришга ёрдам бериш ҳақидаги аризасини  суддан қайтариб олади. Бу ҳақда “Вести” хабар бермоқда

Бундай ҳаракат АҚШ ҳукуматининг Apple компаниясининг ёрдамисиз террорчининг смартфонини бузиб кириш йўлини топгани билан изоҳланмоқда. 

Ҳукумат вакиллари бундан аввал корпорациянинг ёрдамисиз смартфон маълумотларига зарар етказмай, уни бузиб кирувчи дастурни синовдан ўтказаётгани муносабати билан суд жараёнини кейинроққа қолдиришни сўраган эди.

Америка ҳукумати вакилининг айтишича, улар топган усул террорчининг смартфонидаги маълумотларни ўчириб юбормасдан унга кириш имконини беради.

Шундай қилиб, АҚШ адлия вазирлиги судга тақдим этган ҳужжатда ҳукумат Apple`нинг ёрдамига муҳтож эмаслиги ифодаланган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ суди Apple компаниясидан ўтган йилнинг 2 декабрь куни Сан-Бернардино шаҳридаги ногиронлар марказига ҳужум уюштирган террорчи Сайид Фарукнинг смартфонини бузиб кириш имконини берувчи дастур ишлаб чиқишни талаб қилган эди. Қўпорувчилик ҳаракати оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган. Ҳужумни уюштирган икки террорчи ҳам йўқ қилинган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!