Тошкентда янги халқа йўли вужудга келади

10:57, 29 март

28 март куни Тошкент шаҳар ҳоким Раҳмонбек Усмонов Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши борасидаги ишларнинг мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Тадбирда шаҳар ҳокими пойтахтдаги транспорт воситалари оқимининг шиддат билан ошиб бориши йўл-коммуникация тармоқларида муайян ўзгаришлар қилиш заруратини келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Ҳоким кўчаларда автомобиль оқимининг енгиллашувига эришиш кўзда тутилаётган бир қатор ишлар тўғрисида маълумот берди. Жумладан “Нурафшон” кўчасининг Беруний кўчасидан Ш. Рашидов кўчасигача қисмидан фойдаланган ҳолда айланма йўл юзага келиши натижасида марказий кўчаларда ҳолат енгиллашиши, шу мақсадда “Нурафшон” ва Беруний кўчалари чорраҳасидан Оқтепа майдонигача 3,8 километрлик йўл қурилиш режалаштирилганини айтиб ўтди. 

“Нурафшон” кўчасидан “Оқтепа майдони” орқали Муқимий кўчасига чиқилиши инобатга олинса, мавжуд транспорт ҳаракати схемасига ўзгартириш киритилади. Яъни “Нурафшон” кўчасининг  мавжуд ҳаракат оқими “Оқтепа майдони”да соатига 4 мингта машинага ортиб, мавжуд кўприкка ортиқча босим юзага келтиради, шу сабабли бу кўчада кўприк (эстакада) қурилиши лозим.

Шаҳарнинг “Нукус” кўчаси Ш. Руставели кўчасидан Бобур кўчасигача 1 километрга узайтирилади. Беруний кўчасидан Шароф Рашидов кўчасигача, “Нурафшон” кўчасининг Беруний кўчасидан Оқтепа майдонигача узайтирилиши, Муқимий, Нукус, Қодирий, Ш.Рашидов-Нурафшон кўчалари давом эттирилиши орқали Тошкент шаҳрида янги транспорт халқа йўли вужудга келади.

Шаҳарнинг марказий кўчаларидаги тирбандликни олдини олиш мақсадида “Тараққиёт” кўчаси ҳам узайтирилади, Паркент кўчасидаги катта ҳаракат оқимидан келиб чиқиб, “Олтинтепа” кўчасидан “Катта халқа йўлигача” реконструкция қилинади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!