2016 йилда Ўзбекистон почта алоқаси объектларида 56 инфокиоск ўрнатилади

10:06, 30 март

Миллий матбуот марказида почта алоқаси миллий оператори – “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари масалалари муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

1994 йилда мамлакатимиз Бутунжаҳон почта иттифоқининг тўлақонли аъзосига айланган. Бугунги кунда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатининг почта маъмуриятлари билан тўғридан-тўғри алоқа йўлга қўйилган. 

Айни пайтда «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти таркибида учта ихтисослаштирилган филиал – «Халқаро почтамт», «Ўзбекистон маркаси» ва «Халқаро тезкор почта», Пул ўтказмалари назорати маркази, 14 минтақавий филиал, 178 туман ва шаҳар тармоқлари, уч мингга яқин алоқа бўлимлари фаолият юритмоқда. 

«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти корпоратив компьютер тармоғи базасида «Электрон пул ўтказмалари», «Рўйхатга олинувчи почта жўнатмаларини назорат қилиш тизими» ва «Обуна» автоматлаштирилган тизими фаолият юритмоқда. 

Матбуот анжуманида “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жумладан, ҳар йили 4500 га яқин ходим ўз малакасини оширмоқда. 

Жорий йилда почта алоқаси объектларида 56 инфокиоск ўрнатилиши белгиланган. 2019 йил охиригача бу кўрсаткич 1800 га етади. Шунингдек, истиқболда «Мобиль қурилмалар воситасида тўловларни қабул қилишнинг автоматлаштирилган тизими» дастурий модулини яратиш, «Интернет-обуна» тизими қамровини кенгайтириш, почта орқали кўрсатиладиган суғурта хизматлари тури ва ҳажмини ошириш кўзда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежларининг 1,9 мингдан зиёд ва Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда унинг филиалларининг 890 битирувчисини почта алоқаси, иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, бухгалтерия ва менежмент каби мутахассисликлар бўйича иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!