Пеле рекламада қиёфадошидан фойдаланганлик учун Samsung компаниясини судга берди

14:29, 30 март

Бразилиялик футболчи Пеле унинг қиёфадошидан телевизорни реклама қилишда  фойдаланганлик учун Жанубий Кореянинг Samsung компаниясини судга берди. У  компаниядан 30 миллион доллар товон пули ундириш ниятида, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Пеле март ойининг бошида Американинг Иллинойс штатидаги Чикаго шаҳар федерал судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. 75 ёшли Пеле ўз аризасида Samsung компанияси 2015 йилнинг октябрь ойида The New York Times газетасида чоп этилган рекламада қиёфадоши суратидан  фойдаланганликни асос қилиб кўрсатган.

Компания Пеле тимсоли акс этган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни тўхтатиш юзасидан 2013 йилда музокаралар олиб борган эди, деб хабар берди Reuters.

Рекламада Пеленинг исми тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, ташқи қиёфаси жудаям унга ўхшайдиган футболчи тасвирланган, деб изоҳ берди адвокат Фред Сперлинг. Бундан ташқари эркак Пеленинг “қайчи” деб номланувчи ўзига хос ҳужумидан ҳам фойдаланган. 

Пеле (ҳақиқий исм-шарифи Эдсон Арантис ду Насименту) ФИФА томонидан расман “ХХ асрнинг энг зўр футболчиси” деб тан олинган. Халқаро Олимпия қўмитаси ҳам уни ХХ асрнинг энг зўр футболчиси деб тан олган. Бразилиялик футболчи жаҳон чемпиони (1958, 1962, 1970) деган унвонга эга бўлган рекордчи спортчилар орасида пешқадамлик қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!