Ор-номусни пулга сотганлар қисмати

15:30, 30 март

Тошга айланган қизлар ҳақидаги афсонани ҳаммамиз эшитганмиз. Ривоят қилишларича, қадимда бир ўлкага душман бостириб кирибди. Улар гуллаб-яшнаган бу юртни култепага айлантиришибди. Шу ерлик қизлар тириклайин душман қўлига тушсак, номусимизни топтайди, юзи қора бўлгандан кўра, ўлганимиз маъқул, бизларни тошга айлантир деб Яратганга илтижо қилишибди. Уларнинг оҳу-фарёди, илтижолари кўкка етибди. Ор-номусини ҳамма нарсадан устун қўйган қизлар тошга айланишибди. Аммо ҳозирги пайтда пул топиш илинжида ҳеч нимадан қайтмайдиган аёлларни кўриб, ғурурини, номусини асрайдиган заифалар ўтмишда қолганми деган хаёлга борасан киши.    

Сирдарёлик Сарвиноз (исм-шарифлар ўзгартирилган) барча аёллар сингари чиройли кийинишни, яхши яшашни орзу қиларди, бироқ унинг ниятларини амалга ошириш учун пул зарур эди. У қўлида тайинли ҳунари бўлмаганидан бошини қаерга уришни билмасди. Шундай кунларнинг бирида қўшниси, Россияга бориб ишлаб келган Ойниса жонига оро кирди. Ойниса пул топиш мақсадида Россияда кўрсатган “қаҳрамонлик”лари ҳақида оғиз кўпиртириб гапирганида, Сарвинознинг ҳаваси келиб, кўнгли суст кетди. Ойниса унга “Россияга бориб фоҳишалик билан шуғуллансанг, яхшигина пул топишинг мумкин” деди. Сарвинозни харом йўл билан пул топиш заррача ҳайратга солмади. У қайси йўл билан бўлса-да, фақат пул топсам бўлди деб ўйлади.

– Агар яна Россияга борадиган бўлсангиз мени ҳам олиб кетинг, ҳамма шартларингизга розиман, пул ишласам бўлди, – деди Сарвиноз Ойнисага.

Унинг гапларидан Ойниса қувониб кетди. Ахир бирорта қизни эргаштириб борса, таниши “Таня” хурсанд бўлади, эвазига мукофот пули ҳам беради.

– Майли, ўзи қайтиш учун билет олмоқчи бўлиб тургандим, сени бирга олиб кетаман. Ҳойнаҳой, билетга пулинг бўлмаса керак, иккаламиз учун билетни ўзим оламан. Боргандан кейин ишлаб пул топсанг, суришиб кетармиз, – деди Ойниса.

Шундай қилиб, қизлар самолётда Россиянинг Тольятти шаҳрига учишди. Уларни “Таня” кутиб олиб, ижара уйга жойлаштирди. Бир-икки кунлик дамдан кейин Ойниса билан Сарвиноз “хизмат фаолият”ларини бошлаб юборишди. Ҳар куни эрта тонгдан “Таня” қўнғироқ қилар, улар ювиниб-тараниб, махсус ёлланган таксида шаҳар четида жойлашган сауналардан бирига йўл олишарди. Саунада улар “массажчи” ниқоби остида бир кунда икки-учтадан мижоз қабул қилишарди. Ифлос йўл билан топилган пуллар эса сауна эгаси, “Таня” ва қизларнинг ўртасида тақсимланиб, ҳамма ўз улушини оларди. Сауна қўриқчилари то иш куни тугамагунча қизларнинг кетишига йўл қўйишмасди. Шу тариқа орадан икки ойча вақт ўтгач, бир-икки сўм пул топган Сарвиноз уйга қайтди. 

Орадан кунлар ўтди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидай, у  эски ишини қўмсаб қолди. Сарвинознинг яна Россияга отланганини кўрган синглиси Маржона ҳам унга эргашди. Сарвиноз синглисига у ерда нима иш билан шуғулланганини оқизмай-томизмай айтиб бериб, “Сенга бу иш тўғри келмайди” деди, аммо Маржона бораман деб оёқ тираб олгач, ўзи билан олиб кетишдан бўлак иложи қолмади. Ишнинг ҳадисини олган Сарвиноз бу сафар “Таня”нинг олдига боришни истамади. Чунки “Таня” раҳм-шафқатсиз аёл бўлиб, уларга бир кун ҳам дам бермай, кўпроқ пул ишлашга мажбур қиларди. Саунада “ишлаб” юрганида Сабина исмли енгил табиат қиз билан танишганди. У Сабинага қўнғироқ қилиб, синглиси билан бораётганлигини айтди. Улар етиб келгач, Сабина кутиб олиб, ижарага уй топиб берди. Қизлар яна саунадаги эски фаолиятларини бошлаб юборишди. 

Маржона бу ерда Ойбек исмли ўзбек йигити билан танишиб қолди. Ойбек унга қилаётган ишининг охири вой бўлишини тушунтириб, бу йўлдан қайтишга ундади ва бошқа иш топиб беришга ваъда берди. Маржона унга қулоқ солиб, саунага бормай қўйди. 

Ёлғиз қолган Сарвиноз бироз пул топгач, орқага, уйга қайтди. Орадан бир ойлар вақт ўтгач, унга таниши Муаззам опа қўнғироқ қилди:

– Сарвиноз, сендан бир илтимосим бор эди, танишларим — Наташа билан Манзура деган қизлар иш излаб юрибди. Ниҳоятда шароитлари оғир, агар Россияда танишинг бўлса, уларга иш топишга ёрдам бер. Агар истасанг кечқурун кафега кел, ўтирамиз, кейин улар билан ҳам танишиб оласан.

– Майли, опа, боришга ҳаракат қиламан, – деди Сарвиноз.

Улар кечқурун кафеда учрашишди. Сарвиноз қизлардан Россияда нима иш билан шуғулланганини яшириб ўтирмади. Ҳаммасини гапириб берди ва гапининг охирида у ерда фақатгина фоҳишалик қилишсагина мўмайгина пул топишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Унинг гаплари пул учун ҳамма нарсага тайёр қизларни чўчитиш ўрнига баттар илҳомлантирди. 

– Ҳамма шартингизга розимиз. Танишларингизга қўнғироқ қилинг, бизни кутиб олишсин, – деди Наташа.

– Россияда “Таня” деган танишим бор эди. Фақат ҳозир у билан алоқам узилган, телефон рақами ҳам йўқ. Ойниса деган қўшним бор, шундан илтимос қилиб кўраман, унинг “Таня” билан муносабати яхши, қўнғироқ қилса, у сизларни кутиб олади, – деди Сарвиноз.

Сарвинознинг илтимосини “Таня” га етказган Ойниса тез кунда унга алоқага чиқди.

– Сарвиноз, “Таня” билан гаплашдим, у рози бўлди. Агар яна ишлашни истовчи қизлар бўлса бемалол келаверишсин деди. Фақат интернетда, одноклассник орқали қизларнинг расмларини жўнатишимиз лозим. “Таня” уларнинг орасидан кимни танласа, ўша биринчи бўлиб кетади, – деб хабар берди Ойниса.

Сарвиноз унинг гапларини қизларга етказди. Наташа билан Манзура яна учта дугонасини Россияга ишлаш учун боришга кўндиришди. Уларнинг барчаси расмларини интернет орқали “Таня”га жўнатишди. “Таня” уларнинг орасидан Наташа билан Эльвира исмли қизни танлаб, “Зудлик билан етиб келинглар”, деб буйруқ бериб, билетга пул жўнатди.  Қизлар самолётга билет олишди. Сарвиноз уларни аэропортгача кузатиб қўйиш учун таниши Асрорни чақирди. Қизлар юклари билан Асрорнинг машинасига жойлашишди. 

Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидай, уларнинг кирдикорларидан хабар топган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари Россияга бориб, мўмай даромадга эга бўлиш фикри билан банд қизларни Сирдарё туманидаги Янгиобод постида қўлга олишди. Яна бир оғир жиноятнинг олди олинди, бошига нима кўргиликлар тушиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган, пул топиш илинжида ор-номусини сотмоқчи бўлган қизларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Сарвиноз ва Ойнисалар эса одам савдоси билан шуғулланганликлари учун тегишли жазосини оладиган бўлишди.  

Лола Шоимова

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!