Россияда беморнинг суратини тарқатиб юборган ҳамшира жазоланди

15:51, 30 март

Россиянинг Амур вилояти касалхонаси жарроҳлик бўлимида ишловчи ҳамширани мижознинг суратини ноқонуний равишда тарқатиб юборгани учун ишдан бўшатди, деб хабар берди “Вести” нашри.

Ўқ отиш қуролидан жароҳатланган эркак шифохонага келтирилиб, керакли тиббий ёрдам кўрсатилаётганда, уни шу шифохонада ҳамшира бўлиб ишловчи аёл смартфонида суратга тушириб, Whats App орқали танишига юборган. Таниши эса суратни ижтимоий тармоққа жойлаган. 

Бемор эркак суратга тушириш учун рухсат бермаганлиги сабабли прокуратура текшируви ўтказилди. Оқибатда текширувчилар ҳамшира аёл меҳнат шартномасида кўрсатилган “тиббиёт ходимининг сир сақлаши” банди қоидаларини бузган деган хулосага келди, деб маълумот берди “Интерфакс”. Суратга туширган ҳамшира аёл ишдан бўшатилди, бош ҳамшира эса назоратни сусайтиргани учун хайфсан билан “сийланди”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!