Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Kun.uz” нашрини факт ва рақамларни бузиб кўрсатишда айблади

16:17, 30 март

Куни кеча  йўл транспорт соҳасидаги янгиланишлар изоҳига бағишланган матбуот анжуманида келтирилган баъзи рақамлар, асосларнинг оммавий ахборот воситаларида ё бузиб, ёки  бўрттириб кўрсатилишига гувоҳ бўлдикки, таассуфки, бу ҳолат ушбу оммавий ахборот воситаларидан фойдаланувчилар фикрини чалғитишга хизмат қилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов маълум қилди. 

Бу ушбу эълон қилинаётган материалларга берилаётган шарҳлар, акс садо сифатида тайёрланаётган чиқишлар(мисол учун,  kun.uz сайтида эълон қилинган материаллардаги чалкашликлар, ушбу сайтга таянган ҳолда  тайёрланган ozodlik.org материали)да яққол кўзга ташланмоқда.

Шунинг учун мазкур матбуот анжуманида сўз юритилган мавзулар борасида яна бир бор фикр билдириш, баъзи ўринлардаги чалкашликларга барҳам бериш мақсадида ушбу муносабат материали эълон қилинмоқда. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги  мавзуга дахлдор бўлган бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларини таклиф этган ҳолда катта матбуот анжумани ташкил этди. Бундан кўзланган мақсад энг аввало, пойтахт йўлларида олиб борилаётган қурилиш, трамвай йўлларини олиб ташлаш ҳамда  қайси кўчалар кесишувларида кўприклар барпо этилиши масалаларидаги турли чалкашликлар, асосли ва асоссиз тахминлар, талқинларга чек қўйиш,  кенг жамоатчиликни бу янгиликларнинг мазмун ва мақсадидан хабардор этиш эди.

Очиғи, пойтахтимизда фаолият юритаётган кўплаб оммавий ахборот воситалари – телевидение ва радио, газеталар, интернет нашрлари ушбу тадбирга катта қизиқиш билдиришди.

Тадбирда энг аввало, олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил ва тўлақонли тушунтириш берилди.

Биринчидан, пойтахтда транспорт оқими сўнгги йилларда қарийб бир ярим баробарга ортиб, мавжуд йўллар қуввати бу оқимга бардош бериши қийин кечмоқда. Мисол учун,  Шота Руставелли ва Муқимий кўчалари кесишувида транспорт қатнови йўл қувватига нисбатан 191 фоиз, Бунёдкор ва Муқимий кўчалари чорраҳасида эса  141 фоизни ташкил этаётгани  ва бошқа нуқталардаги ўрганишлар натижалари ҳам келтириб ўтилди. Бу эса тирбандлик, ортиқча чиқим, йўловчи ва ҳайдовчилар хавфсизлиги деганидир.  

Шу ўринда иқтисодий масала ҳам эътиборга молик. Хадра майдонидаги янги кўприк транспорт эгаларининг катта миқдордаги ёнилғи  харажатларини ҳам иқтисод қилгани асослаб берилди. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, ҳозирга келиб, пойтахтнинг Беруний майдонидан йўлга чиққан йўловчи илгариги шаҳар маркази орқали ўтадиган йўлдан иккинчи, мисол учун “Бодомзор” шартли объектига бориши учун сарфлаган 20-25 дақиқа ўрнига бугун Нурафшон кўчаси орқали 7-8 дақиқа сарфламоқда. Демак, бу борада ишларни давом эттиришга тўла асос бор.

Анжуманда шаҳар ҳокими “Нурафшон” кўчаси етиб борган Беруний кўчаси чорраҳасидан Уйғур кўчасига ва ундан Чилонзор Оқтепа майдонигача ушбу кўчанинг узайтирилишини маълум қилди. Бу эса ушбу оралиқдаги бўш турган майдон ва кўчалар ҳамда бир қатор аҳоли хонадонларининг бузилиши ҳисобидан амалга оширилади. Уйлари бузилишга тушадиган хонадон эгалари ўз вақтида бу ҳақида огоҳлантирилган ва уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланган. Ушбу йўлнинг Оқтепага туташиши натижасида мазкур майдондаги кўприкка юк катталашади ва албатта, бу  мазкур йўл ўтказиш нуқтасида ҳам реконструкция ишлари амалга оширилиши заруратини кун тартибига қўймоқда.

Ушбу йўлнинг Муқимий кўчаси бўйлаб давом этиши эса Шота Руставелли кўчаси билан кесишув жойидаги шундоқ ҳам гавжумлик даражасини анчагина ошириши ҳисобга олингани ҳолда мазкур нуқтада ҳам йўл ўтказгичнинг барпо этилиши режалаштирилаётганини оқлайди. “Новза” метроси чорраҳасидаги тирбандликка барҳам бериш мақсадида ушбу чорраҳада ҳам завонавий кўприк барпо этилиши ҳақидаги илгаридан бор гап яна бир бор тасдиқланди. Пойтахт йўлларидаги шу ва яна бир қатор қурилиш ва йўлларнинг узайтирилиши натижасида янги, учинчи халқа йўли пайдо бўлади. Бу эса шаҳримиз марказидаги транспорт ҳаракатини анчагина маромга келтириши кутилмоқда.

Интернет нашрлари, айниқса хорижий  “жонкуяр” мухбирлар зўр бериб шарҳлаётган иккинчи масала - трамвай йўналишларининг ёпилиши билан боғлиқ. Авваломбор, ҳозир пойтахтимизда жами олтита йўналишда трамвай қатнайди: 13,26,8,9,17,12.

Бу катта Тошкент шаҳрида транспорт хизмати кўрсатишнинг атиги 3 фоизга яқин  қисмини ташкил этади, холос. Бир кунда трамвай йўллари орқали ўртача 25 минг нафар одам ташилади. Метро, йўналишли таксиларни ҳисобга олмаган ҳолда, автобусларнинг кунига 700 000 нафар йўловчига хизмат кўрсатишини эътиборга олсак, трамвайларнинг олиб ташланиши бунчалик катта шов-шув қилиш учун объект эмаслиги кундай аён бўлади.

Трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши энг аввало, йўловчи ва ҳайдовчилар, демакки, аҳоли хавфсизлиги, кундан-кун ошиб бораётган автомобиллар оқимини бир маромга солиш учун амалга оширилмоқда. Кимдир бу қарорнинг иқтисодий томонига урғу бераётган экан, бу албатта янглиш фикрдир. Қолаверса, трамвай йўллари аҳолининг ва мутахассисларнинг фикри ва хулосаларига таяниладиган бўлсак айнан йўлларда ноқулайликлар келтираётгани фактдир.

Катта майдонни эгаллагани ҳолда уларнинг кўрсатаётган хизмати салмоғи буни оқлаётгани йўқ. Мана, навбатдаги тахлилга эътибор қилинг, шаҳар транспортида  “эксплуатацион тезлик” деган тушунча бор. Айнан эксплуатацион тезлик кетадиган сарф-харажатлар билан бирга, энг муҳими, йўловчиларнинг қимматли вақтини ҳам эътибор марказига олиб чиқади. Мисол учун, зўр бериб намуна қилинаётган бир пойтахт шаҳардаги трамвайнинг эксплуатацион тезлиги  соатига 11-15 километрни ташкил этаркан. Бу эса  мазкур хизматнинг нечоғли норентабелли ва нооқилона эканлигини яққол кўрсатиб турибди-ку.

Навбатдаги савол: Хўш, трамвай йўналишлари ўрнига қандай компенсация бўлади? Ҳар бир йўналишда айнан шу йўналишда юрувчи транспорт эканини англатиб туриши учун шу рақам олдига “Т” белгиси қўйилган автобуслар ҳали трамвай йўллари бузилишидан бир ой олдиндан бошлаб параллел равишда ҳаракатга қўйилади. Бир ой давомида йўловчилар бу хизматни синовдан ўтказиш ва ўрганишлари учун етарли, албатта.

Трамвай йўлларининг тақдири нима бўлади? Уларнинг асосий қисми ўрнида автомобиль йўллари қурилади, яъни мавжуд йўллар кенгайтирилиб, замонавий ва қулай йўлларга айлантирилади, баъзи ўринларда бунга эҳтиёж бўлмаса, ободонлаштириш ишлари олиб борилади, яъни яшил ҳудудлар ташкил этилади. Трамвай линияларининг аксарият қисми таъмирга муҳтож, энг ёмони, уларни таъмирлаш ҳам катта маблағ талаб этувчи машғулот ҳисобланади. Ҳатто баъзи ўринларда рельсларни кўчириб олишнинг   “улови” “ тушови”дан  қимматга тушиши  сабабли улар устига асфальт қопламалари ётқизишга қарор қилинмоқда.

Кўпчилик “жонкуяр дўстларимиз” урғу бераётган трамвайларнинг тақдири ҳақида икки оғиз сўз айтамиз. Авваламбор, “Тошшаҳартрансхизмат” АК дан олинган маълумотларга кўра, шаҳар трамвай паркида жами бўлиб 87 (саксон етти) та трамвай мавжуд бўлиб, улардан 51 таси ишга яроқли ҳолда. Ушбу трамвайларнинг кунлик иш ҳажмидан келиб тушадиган даромадга нисбатан қилинаётган харажат икки баробар ортиққа тушмоқда, янада аниқроқ айтиладиган бўлса, бир йўловчига хизмат кўрсатиш таннархи 2 864 сўмни ташкил этаётир. Улар ўрнига автобусларнинг қўйилиши билан харажатлар ва даромадлар балансига эришиш, яъни харажат ва даромадлар ҳажми тенглашиши  кутилмоқда.

Бу ўринда қайсидир шошқалоқ мухбирнинг 802 та трамвай тўғрисидаги “битик”лари ҳам ўринсиз қолмоқда.

Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти, ундаги қайноқ ҳаёт жамиятимиздаги жўшқинликдан дарак. Кундан кун кўлами ошиб бораётган транспорт оқими эса, шубҳасиз фуқароларнинг фаровонлиги, давромадлари ошаётганидан далолат эканлигини инкор этиб бўлмайди. Шундай экан, вақти келиб, бир куни ошиғич қарорлар қабул қилишга дўппи тор келмасидан эртанги куннинг тадоригини кўриб боришнинг  нимаси ёмон?

Пойтахт ҳокимлиги фаолияти ушбу соҳа билан бевосита ва билвосита боғлиқ бўлган ташкилот раҳбарлари иштирокида мавзу юзасидан туғилиши мумкин бўлган ҳар қандай саволларга атрофлича, батафсил, халқ тили билан айтганда, “ичикилаб” тушунтириш берганига сабаб ҳам оддий ҳамюртларимиз бу ишларнинг моҳиятига етсин, пировард мақсадимиз уларга етиб борсин.

Баъзида жарчининг хотираси сустлиги ёки лоқайдлиги, беэътиборлиги хабарни эгасига ё кечикиб ёки бузилиб етиб боришига сабаб бўлар экан. Замонамизда эса фактларни бўяб-бежаб обрў топиб бўлмаслиги кундай аёндир.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!