Тошкентда кузатув камералари тўлиқ ишга туширилмаётгани сабаби маълум бўлди

17:08, 30 март

Куни кеча Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ўтказилган матбуот анжуманида автомобиль йўллари, кўприклар қурилиши, трамвай йўлларини демонтаж қилиш масалалари муҳокама этилди. Тадбирда журналистлар томонидан кўплаб ушбу соҳага тегишли саволлар билан мурожаат қилинди.

Шундай саволлардан бири кузатув камералари ўрнатилиши мавзусида бўлди.

Журналист томонидан видео кузатув камералари қачондан тўлиқ ишга тушиши ҳақидаги саволга Тошкент шаҳар ЙҲХБ бошлиғи Барат Маменов жавоб берди:

—  Тошкент шаҳрида автомобиль йўлларини компьютерда назорат қилиш тизими ишга туширилиш масаласи 2009 йилдан бери долзарб саналади. Ўтган давр мобайнида бу соҳада бир қанча ишлар амалга оширилди. Тошкентнинг 400 га яқин чорраҳасида видеокузатув назоратини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Биринчи босқичда 120 та чорраҳада транспорт воситалари ҳаракати тартибга солинди. Иккинчи босқичда қолган 280 та чорраҳада видео кузатув камераларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда яна йўллар кавланиб, йўллар сифати бузилмайдими деган саволга жавоб берар экан Барат Маменов, эндиликда йўллар кавланмаслигини аввалги ҳолат 18 та чорраҳада ҳаракат интенсивлигини аниқлаш мақсадида амалга оширилгани ва бунинг натижасида светофорнинг яшил чироғи фазасини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилганини таъкидлаб ўтди.

“Айни дамда юқорида айтилган 120 та чорраҳа видеокузатув тизими ўрнатилиб, тест режимида ишлаб турибди, зарур пайтда исталган тарнспортни аниқлаш имкониятига мавжуд.

Ўтган йил август ойида қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, транспортни бошқарган шахсга эмас, уни эгасига чора кўрилиши белгиланган. Яъни эндиликда камералар ёрдамида аниқланган қоидабузарликларга баённома тузилмайди, бир йўла автомобиль эгаси жавобгарлиги тўғрисида қарор чиқарилади. Камералар тўлиқ ишга туширилмаётганлигининг сабаби интеграция масаласидир”, дейди Барат Маменов. “Камералар томонидан аниқланган автомобиль Давлат рақами эгаси кимлигини аниқлаш тизимини уласак, камералар тўлиқ ишга тушади”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!