Россиянинг энг шов-шувли тўйи қанчага тушгани ҳисоблаб чиқилди

10:19, 31 март

Журналистлар йилнинг энг қиммат тўйи қанчага тушганлигини ҳисоблаб чиқди, деб хабар берди, “Еlle.ru” нашри.

2015 йилда Forbes журнали Гуцериевлар оиласини дунёнинг энг бадавлат инсонлари рўйхатининг биринчи ўрнига чиқарди, ака-ука Гуцериевларнинг бойлиги 4 миллиард доллар деб баҳоланди, улар “Руснефть” компаниясининг соҳиблари ҳисобланади. Шундай экан, Россиянинг энг бадавлат одами Михаил Гуцериев ўғли Саиднинг тўйи учун бир шаҳарнинг йиллик бюджети билан тенг бўлган маблағни сарфлаганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. 

Саид Гуцериев ва Хадича Ужаховаларнинг тўйига чет эл ОАВлари дунёнинг энг қиммат тўйи деб ном беришди ва журналистлар олигарх бу тўйга қанча маблағ сарфлаганини ҳисоблаб чиқишди.

Уларнинг ҳисоб-китоби бўйича Михаил Гуцериев ўғлининг тилларда достон бўлган тўйига бир миллиард рубль маблағ сарфлаган. Бу ҳисоб-китобнинг ичига келиннинг тўй куни кийган Elie Saab 27 миллион рубллик тўй кўйлаги, ярим милиард рубллик брилиант тақинчоқлари, тўйхонани безаган минглаб гуллар, Женнифер Лопес, Энрике Иглесиас, Стинг, Алла Пугачеваларнинг иштироки учун тўланган хизмат ҳақи, тўрт метрлик торт, меҳмонларга эсдалик совғаси сифатида тортиқ қилинган олтин сандиқчалар, тўйга келган меҳмонларни тарқатиш учун ажратилган “Роллс-Ройс” автомобилларига кетган маблағ ҳам киритилди.

ОАВлар Гуцериевлар Москвада ўтказилган тўй билан чекланиб қолмасдан, тўйнинг иккинчи қисмини Лондонда ўтказишни режалаштираётганлари, меҳмонларни Бейонсе ва Элтон Жонлар хушнуд қилиши кўзда тутилгани ҳақида хабар беришди. Бу миш-мишлар ўз тасдиғини топмади, чунки Гуцериевлар Лондондаги хос уйларида фақат энг яқин қариндошлари иштирокида тўйни давом эттиришган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!