Шимолий Корея ҳукумати аҳолини очарчиликка тайёр туришга чақирди

10:47, 31 март

Шимолий Корея ҳукумати аҳолини мамлакат иқтисодиётида юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида огоҳлантириб, очликка қарши тайёргарликка чақирди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

“Инқилоб сари элтувчи йўл жуда олис ва машаққатлидир, балки яна ўсимлик илдизи билан қорин тўйдиришга тўғри келар”, дейилади нашрда. Унда 1994 йилда мамлакат бошидан кечирган, 4 йил давом этган очлик даврида учраган қийинчиликларга дуч келиш эҳтимоли борлиги ҳам таъкидланган. Ўшанда 22 миллионлик мамлакат аҳолисининг 0,5 миллиони озиқ-овқат танқислигидан ҳалок бўлган эди, деб ёзади The Telegraph.

Британия газетаси Шимолий Кореяда юзага келган оғир иқтисодий танглик туфайли БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореяга қарши Пхеньян водород бомбаси синовини ўтказгани, узоқ радиусда ҳаракат қилувчи ракета учиргани учун қатъий санкция қўйиши мумкинлигини таъкидлади. Нашрнинг яна хабар беришича, жорий йилда Шимолий Корея ҳукумати бошқа мамлакатлардан 440 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни сўраб, ёрдам сўраган. Февраль ойи ҳолатига кўра, мамлакатга 17,6 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. 

Жанубий Кореянинг The Chosun Ilbo газетаси ҳам ўз навбатида, Шимолий Корея ҳукумати мамлакат фуқароларига ҳар ойда давлат омборхонасига бир килограммдан гуруч топшириш вазифасини юклаганлиги ҳақида маълумот берди.

Март ойининг бошидан бери Шимолий Корея кенг миқёсдаги, бир қатор ўқув машғулотларини ўтказди. 21 март куни мамлакатнинг ғарбий қисми соҳилларида ракета учирилди. 18 март куни Пхеньян 22 дақиқа фарқ билан Япон денгизи томонга иккита баллистик ракетани учирди. 10 март куни эса Шимолий Корея ҳарбийлари қисқа масофага учувчи иккита баллистик ракетани учирган эди. 

7 февраль куни қитъалараро баллистик ракетанинг учирилгани муносабати билан орбитага Шимолий Кореянинг ерни кузатиш учун мўлжалланган Kwangmyongsong-4 (“Ёрқин юлдуз-4”) йўлдоши учирилган. Жаҳон ҳамжамияти буни Шимолий Кореяда баллистик ракеталарни учириш ва синовдан ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясининг бузилиши деб қабул қилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!