Пешонадаги оғриқнинг 8 сабаби

16:36, 31 март

Кўпинча бошимда қаттиқ оғриқ туради, бошнинг турли қисмларидаги оғриқлар турли касалликлардан дарак деб эшитганман. Шу ростми? 

Фарҳод Тошбоев, Сурхондарё вилояти

Саволга олий тоифали шифокор оториноларинголог Гулнора Пўлатова жавоб беради

Бош оғриғи бир қанча касалликлар даракчиси бўлиши мумкин. Масалан,тиш билан боғлиқ касалликлар, аллергия, мигрень, стресслар.

Пешонада пайдо бўладиган оғриқлар сабабларини кўриб чиқамиз:

1.Қаттиқ асабийлашганда ва қаттиқ чарчашдан келиб чиқадиган оғриқ. Бу оғриқ бошнинг орқа бўйин қисмидан юзнинг икки чакка қисмига ўтиб кўз соҳасига тарқалади. Бунақа оғриқ киши мувозанатининг бузилиши, бош айланиши ва кўнгил айнаши билан кузатилади. Оғриқни  пайпаслаб бошнинг орқа  бўйин қисмида сезиш мумкин. Бу оғриқ бостирувчи, сиқувчан ёки ёйилувчан бўлиши мумкин. Кўпчилик бу оғриқни худди “тор бош кийим кийгандек” сезишади.

Бу каби пешона атрофидаги оғриқ бўйин мушакларини ва бош чаноқ мушакларини зўриқтиради. Оғриқ кучли ва давомли асабийлашиш ва руҳий зўриқишлардан келиб чиқади. Пешонам оғрияпти деб шикоят қилган беморлар қаттиқ ташвиш ёки оғир руҳий сиқилиш ҳолатини бошидан ўтказган бўлиши мумкин.

2. Гайморит ҳам бошнинг пешона қисми оғришига сабаб бўлиши мумкин. Бунда бемор нафас олиши қийинлашганидан ва бурун бўшлиғида зўриқиш ҳосил бўлганидан шикоят қилади. Беморда ёруғликдан қўрқиш, кўз ёши ва бурун оқиши ва ҳид сезиш қобилиятининг йўқолиши кузатилади. Оғриқ ёйилувчи, кенгаювчи  ёки бир жойда масалан, пешонада ёки чаккаларда тўпланиб бир хил соатда такрорланувчи бўлиши мумкин.

3. Бош оғриғининг  яна бир сабаби ички бош чаноқ қон босимининг кўтарилишидир. Одатда бундай оғриқ қон босими кўтариладиган ёки тушадиган кишиларда кўп учрайди. Оғриқ бу ҳолатда турлича бўлиб, пешонанинг атрофида, чаккаларда, бошнинг орқа қисмида ёки бутун бош атрофида кузатилиши мумкин. Бу каби оғриқлар об-ҳавонинг ўзгаришида, кучли  руҳий зўриқишда ва чарчоқда пайдо бўлади.    

4. Эрталабдан пайдо бўладиган пешона атрофидаги оғриқ – фронтит билан касалланганда кузатилади, бунда бурундан нафас олиш қийинлашади, бурундан ажралмалар келади. Оғриқ кўпинча кучли бўлиб невралгия каби кечади. Баъзи бир ҳолатларда фронтит ёруғликдан қўрқиш ва кўз оғриғи ва ҳид сезиш қобилиятининг йўқолиши билан кечади. Беморлар бурун бўшлиғининг тозаланганида оғриқнинг камайишини ва  аксинча бурундаги ажралмаларнинг қийин чиқишида оғриқнинг кучайишини айтишади. Ўткир вирусли гриппли фронтит тана ҳароратининг кўтарилиши, бурун бўшлиғи атрофи рангининг ўзгариши, пешона ва қовоқлар олдининг шишиши билан кузатилиб, қон айланишининг бузилишидан келиб чиқади.

5. Аксарият ҳолларда беморлар бошнинг пешона атрофидаги оғриқлари бурун бўшлиғининг шамоллаши, невралгия (асаб тизимининг яллиғланиши), ёки уч шохли нервнинг шамоллаши натижасида яллиғланиш невритга  сабаб бўлади. Оғриқ тез-тез хуруж қилади, кўздан ёш оқиши, пешонанинг қизариши, қошларнинг оғирлиги  билан кузатилади.

6. Турли инфекциялар (касал тарқатувчи бактериянинг, вируснинг одам организмига тушиши) турли хил оғриқларга сабаб бўла олади. Бундай оғриқ  интоксикация ва тана ҳарорати кўтарилганда юзага келади. Касалланганлар пешона атрофидаги оғриқдан шикоят қилишади.

7. Кучли, бир томонлама уриб турувчи, пешонага ва кўзга ёйилувчан оғриқ  боғламли, тутамли оғриқ дейилади ва кўз қизариши, ёш оқиши билан кузатилади. Одатда 30 ёшдан ошган, чекувчи эркакларда учрайди. Касаллик бошланишига тамаки, спиртли ичимлик ёки иқлимни ўзгартириш сабаб бўлади. Тутамли оғриқлар жуда оғир кечади, улар одамни кечаю-кундуз азоблаб, оғриқни қолдирувчи дорилар эса оз фурсатга ёрдам беради. Бу ҳолатни юзага келишида одам қон томирларидаги муаммолар сабаб бўлади.

8. Вақти –вақти билан тутиб турадиган бош оғриғи (мигрень) бехосдан, уриб турувчи, бир томонлама пешонада ва чаккаларда пайдо булиб, бошнинг орқа қисмига ва кўз атрофига ёйилади. Хуруж тез-тез такрорланиб, кўнгил айнаши ва қусиш билан кузатилади.

Фақатгина тажрибали шифокоргина пешонадаги оғриқ сабабини аниқлаши мумкин. Бунда умумий амалиёт шифокори, стоматолог, отоларинголог ва невропатолог шифокорлар биргаликда ташхис қўйишсагина дарднинг сабабини аниқлаш мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!