Австралияда серфингчига акула ҳужум қилди

10:44, 01 апрель

Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс пляжларидан бирида ёш серфингчига акула ҳужум қилиб, оқибатда у оёқсиз қолди, деб хабар қилди “Вести” нашри. Маҳаллий АВС телекомпаниясининг маълумот беришича, 22 ёшли серфингчи Бретт Коннеллан Киан шаҳри қирғоқларидан 100 метр узоқликда серфинг билан шуғулланаётганда, тўсатдан акула ҳужум қилиб, оёғини тишлаган.

Унинг ёнида машқ қилаётган бошқа серфингчи ҳушини йўқотган йигитни қирғоққа олиб чиқиб, қонни тўхтатиш мақсадида оёғини тасма билан боғлаган. Ўз вақтида етиб келган тиббиёт ходимлари йигитни зудлик билан  касалхонага элтиб, жарроҳлик операциясини ўтказишган.

“Ярадор йигитни унинг серфингчи дўсти қутқарган, – деди врачлардан бири, – у жудаям оғир аҳволда эди, қон қуюлгандан кейингина унинг қон босими меъёрлашди”.

Мутахассисларнинг фикрича, Бретт Коннелланга қош қорайганда ов қилишни хуш кўрадиган оқ акула ҳужум қилган. Қутқарувчилар Киан пляжини яқин 24 соатга ёпиб қўйишди.

Бу воқеа Австралияда йил давомида акуланинг иккинчи маротаба инсонга ҳужум қилиши деб қайд этилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 18 тани ташкил этган бўлиб, улардан 2 таси ўлим билан якун топган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!