2025 йилга келиб ер юзи аҳолисининг 20 фоизи ортиқча вазндан азият чекади

15:30, 01 апрель

Ер юзи аҳолисининг 20 фоизи 2025 йилга келиб, ортиқча вазндан азият чекади. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда.

Олимлар сиёсатчиларни семириш эпидемияси ривожланишининг олдини олиш учун тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирди. Шифокорларнинг тадқиқотлари The Lancet журналида эълон қилинди.

Олимларнинг аниқлашича, 1975 йилдан бошлаб ҳар 10 йилда инсоннинг ўртача тана массаси 1,5 килограмга ортиб бормоқда. Агарда бу тенденция шу тариқа давом этгудек бўлса, 2025 йилга келиб ер юзидаги эркакларнинг 18 фоизи, аёлларнинг 21 фоизи ортиқча вазндан азият чекади. Уларнинг 6 ва 9 фоизи эса семизликнинг ўта оғир турига чалинишади.

Ортиқча вазндан азият чекувчиларнинг энг йирик қисми Хитойда истиқомат қилади. Хусусан, бу мамлакатда 43,2 миллион нафар эркак ва 46,4 миллион нафар аёллар ортиқача вазн билан рўйхатга олинган. Шунингдек, Ирландия, Кипр ва Мальтада ҳам “дўмбоқлар” талайгина. Ортиқча вазндан нисбатан кам азият чекадиган мамлакатлар эса—Марказий ва Шарқий Африка ҳамда Жанубий Осиё мамлакатлари.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!