Енгил нафас қисишининг оғир оқибатлари

16:47, 01 апрель

Тез-тез нафасим қисилиб қолади. Узоқ масофага пиёда юра олмайман. Бу ҳолатим қандай касалликдан дарак? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.
 

Баҳодир Ҳамроев, Термиз
Саволга олий тоифали шифокор-терапевт Саида Нуритдинова жавоб беради

Нафас олишда қийналиш нафас олиш ва чиқариш маромининг бузилиши билан кузатилади.

Бунинг 3 та сабаби бор:

•  Гуморал механизм  — миянинг нафас йўлларида иштирок этувчи (кислороднинг камайиши, карбонат ангидрид газнинг кўпайиши) қон таркибининг кимёвий ўзгариши.
•  Нерв механизми  — ўпка рецепторларидан, ўпка пардасидан, диафрагма ва мушакларидан  бош мия нафас йули марказига нерв системаси бўйлаб тарқалувчи сигналлар.
•  Марказий механизм — бош мия бошқа структураларининг нафас системасига таъсири (масалан нафас қисиши).
Нафас қисилиши турлича бўлади 
•  Авваломбор, одам ҳаво етишмаслигини, кўкракда сиқилиш сезади.Нафас қисилиши объектив бўлиши ҳам мумкин. Киши доимо нафас қисишидан азият чекса у бу ҳолатга кўникиб, бора-бора сезмайдиган бўлиб қолади. Бунда бемор гаплашганда, юрганда ва ҳаракатланганда оғир нафас олади. 
•  Баъзан киши нафас етишмаслигидан шикоят қилади-ю, аммо текширувлар натижасида касаллик аниқланмайди. Физиологик нафас қисиши соғлом кишиларда  ҳам кузатилиб, унда  жисмоний иш қилганда, тоғларга чиққанда, ҳавоси дим , иссиқ хоналарда рўй бериши мумкин.
•  Агар нафас қисиши турли касалликлар оқибатида юзага келса, патологик нафас қисиши дейилади. 
•  Нафас қисишининг охирги босқичи бўғилиш бўлиб у — астма дейилади. Астма ҳам икки турга бўлинади, бири бронхиал, иккинчиси юрак астмаси.

Қандай аниқланади?

Бемордаги нафас қисиши қайси турга киришини аниқлаш учун ташқи нафас функциясини деб номланадиган текширув ўтказилади. 

Оғир холатларда эса бронхоскопия текшируви ўтказилади.

Бир дақиқада 16-20 марта нафас олиб-чиқариш соғлом одам учун норма ҳисобланади. Агар 20 мартадан кам бўлса бу тахипноэ дейилади. 

Беморнинг иситмаси кўтарилганда ёки киши қаттиқ асабийлашганда  дақиқасига 60-80 маротаба  нафас олиши мумикн.

Агар нафас олиш дақиқасига 16 мартадан кам бўлса, бу брадипноэ дейилади. Бу холат бемор қандли дибет комасига тушганида, ёки бош мия шикастланганида юзага келиши мумкин.

Нафас қисиши билан қандай курашиш мумкин? 

Нафас қисиши кўп ҳолларда киши жисмоний ҳаракатга тайёр эмаслигидан келиб чиқади. Уззу-кун компьютердан фойдаланиш, офис, ёки дим хонада кун бўйи ўтириб ишлаш вақт ўтган сайин нафас қисилишига олиб келади. Шу сабаб бир жойда ўтириб ишлайдиганларга тез-тез енгил жисмоний машқлар қилиб тавсия этилади.

Ёш болали оилалар кўп жисмоний ҳаракат қилгани сабаб ҳам бу дард уларда кам кузатилади. Яъни ёш ота-оналар  бола йиқилмаслиги, қалтис ҳаракатлар қилмаслиги учун доим ҳушёр туришади ва боланинг ортидан тинмай ҳаракат қилгани сабаб ҳам жисмонан чиниқишади. Йиллар  ўтиши билан эса киши кам ҳаракат қилиб, унинг юрак фаолияти сустлашиб боради, ҳатто учинчи қаватга пиёда кўтарилиш ҳам киши учун муаммо бўлиб, нафаси қисилиб қолади

Қандай ҳолатда патологик нафас қисиши юз беради? 

•  Ҳар кунги масофани босиб ўтиш вақт ўтган сайин оғирлик туғдира бошласа (тўхтаб тўхтаб, дам олиб юриш), кечиктирмасдан  шифокорга мурожаат қилиш лозим.
•  Кутилмаганда пайдо бўлиб, кучайиб борувчи нафас қисишида зудлик билан “Тез ёрдам” чақириш шарт. Чунки бу организмда жиддий муаммо борлигидан дарак. 
•  Агар бундай нохуш ҳолат тунда рўй берса, юрак етишмовчилигининг нишонаси бўлиши ҳам мумкин, масалан, инфаркт миокарднинг. Худди шу белгилар  бронхиал астманинг хуружи бошланишидан дарак бериши хам мумкин.

Астмани қандай фарқлаш мумкин?

Ўпкада қуруқ хириллаш эшитилса бронхиал астмадан дарак беради. Нам хириллаш эшитилса, юрак астмасидан дарак беради. Бундан ташқари юрак астмасида юракнинг уриш мароми бузилганлиги ва юрак тонининг жарангсизлиги кузатилади. Агарда нафас олишда пушти ранг кўпиксимон балғам келса ўпка шишидан дарак.

Агар беморга нафас ва юрак етишмовчилиги пайдо бўлишининг дифференциал ташхиси қўйилса ўпка рентгеноскопияси ёки рентгенографияси, электрокардиография ва қоннинг асосий ишқорий периферик текшируви ўтказилиши шарт.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!