Брюссель аэропортида 50 нафар ДАИШ тарафдори ишлаётгани тахмин қилинмоқда

12:36, 02 апрель

Брюссель аэропортида 50 нафардан кам бўлмаган ДАИШ тарафдорлари хизмат қилиши тахмин қилинмоқда, деб хабар қилди “Vesti.ru” нашри. Уларнинг аксариятида хавфсизлик мосламалари мавжуд бўлиб, улар бу мослама ёрдамида ҳар қандай самолёт учувчисининг хонасига ҳам кириш имконига эгадирлар.

Шубҳали ходимлар гуруҳига — фаррошлар, юк ташувчилар, йўловчиларга мўлжалланган овқатларни ўраб, истеъмолга тайёрловчи ишчилар киради. Россия 24 нашрининг маълумот беришича, 22 март куни Брюсселда содир этилган терактга ДАИШ жангарилари узоқ вақт тайёргарлик кўришган. Улар Завертем аэропортига сайёҳлар ниқоби остида ўз жосусларини юбориб, қай тарзда хавфсизлик чоралари кўрилганини ўрганишган. 

Аэропорт ходимлари бу ҳақда мутасадди ташкилотларга хабар беришган, аммо улар қандай чора кўрганликларидан бехабар қолишган.

22 март куни Брюссель аэропортида ва метрода содир этилган портлаш оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ киши ярадор бўлган ва аэропорт маълум муддатга ишини тўхтатган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!