1 апрелда алданганлар: Бирини уйлантириб қўйишди, яна бирига эса машинасининг ўғирланганини айтишди

13:19, 02 апрель

1 апрель — ҳазил ва мутойиба кунида ҳатто энг жиддий ва унча-мунча ҳазилларга чув тушмайдиганлар ҳам алданиб қолишлари ҳеч гап эмас. Ўзбек эстрада хонандалари ҳам ҳазил кунида қандай алданганлри ҳақида “Сабо” газетаси билан суҳбатда сўзлаб берди.

Отабек Муталхўжаев:
“Ёлғонга чув тушган пайти кўп бўлган. Биргина ёлғоннинг ортидан кўплаб машмашалар ҳам юзага келган. Энг ишонарли ёлғон, мени Шаҳзода Муҳаммедовага “уйлантириб” қўйишган. “Ҳазил қиламиз” дейишганди, рози бўлгандим. Кўпчилик буни рост, ҳақиқат деб ўйлаган.

Ойпопук Эшонхонова:
“1 апрель куни ёлғон гапиришса, хафа бўлиш ноўрин. Бир неча йил олдин дугоналарим ва ўғлим жуда қаттиқ ҳазил қилишганди. Вилоятга хизматга кетганимда янги олган машинамни пойтахтда қолдирган эдим. Аввалига дугоналаримдан бири қўнғироқ қилиб, ‘Машинанг ўғирланган экан, ички ишлар бўлимидан келиб кетишди, тезда сафардан қайтар экансан’, деди. Шоша-пиша ўғлимга қўнғироқ қилдим. Уни ҳам ҳазилга аралаштиршган экан. Дарров бу гапни ўғлим ҳам тасдиқлади.  Ишонасизми, хизмат қандай ўтганини билмаман. Минг хаёлда Тошкентга келсам, машина уйда турибди”

Умидахон: 
“Ишонасизми, 1 апрель куни тонгданоқ алданишни бошлайман. Кўпчилик дарров алдаб қўяди. Ўзим гапирсам, ишонтира олмаслигим аниқ. Дугоналарим биринчи мени алдашади. Яқинларимга секин гапирсам алдаётганимни билиб қолишади. Чунки бир вақтнинг ўзида ёлғоним ўхшаши учун миямда ҳам фикрлайман, ҳам гапираман”.

Дилноза Исмияминова:  
“Бир неча йил аввал ҳамкасбим Лола Аҳмедова боплаб алдаган. Талабалик йилларимизда махсус фанларнинг биридан қийналиб юргандим. 1 апрель куни эканлиги эсимда йўқ, институтга келсам, Лола ‘Дилноза,тез домланинг олдига кирар экансан,муддатдан олдин имтиҳон оларкан. Сессия пайти таътилга кетаркан’, деб қолди. Нима қилишни билмайман, чунки имтиҳонга ҳали анча вақт бор эди. Бошқа қизлар ҳам унинг гапини тасдиқлади. Менинг галим келганини айтишганида, қўрқа-писа домланинг хонасига кирдим. ‘Домла кейинроқ тайёрланиб келиб, топширсам бўладими? Тайёр эмасман’,дедим. Домла ҳайрон бўлганча нималардир деб уришиб чиқариб юборди. Чиқсам қизлар апрель хазили эканини айтишди”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!