Тоғли Қорабоғдаги қуролли тўқнашувларда 50 нафарга яқин озарбайжонлик ҳарбийлар ҳалок бўлгани айтилди

19:11, 02 апрель

Тоғли Қорабоғдаги шиддатли тўқнашувларда Озарбайжон армияси ўзининг 50 нафар аскарини йўқотди. Бу ҳақда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси мудофаа вазирлигидаги манбага асосланиб, “Lenta.ru” хабар бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган аскарларнинг сони 40 нафардан 50 нафаргача бўлиши мумкин. “Мазкур маълумот ҳали ўз тасдиғини топганича йўқ. Айни пайтда бу маълумот текширилмоқда”,—дейилади хабарда.

Арманистон мудофаа вазирининг матбуот котиби Арцрун Ованнисяннинг айтишича, можаро ҳудудидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Хусусан жанубий йўналишда жанговор ҳаракатлар давом этмоқда.

Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудида вазият бугун эрталаб кескинлашди. Айни пайтда Озарбайжон ва Арманистон ҳукуматлари вазият ҳақида бир-бирини инкор этувчи маълумотларни тақдим этмоқда. Боку қарама-қарши тараф кучлари ва техникасининг йирик қисмини йўқ қилганини, Арманистон эса Озарбайжон қуролли кучларининг катта йўқотишни бошдан кечиргани ҳақида маълумот бермоқда.

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!