Божхоначилар йирик миқдордаги қонунбузарликларга чек қўйди

10:12, 04 апрель

Республикамиз божхона чегаралари орқали товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда. 

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қуйишди. Жумладан, бошқарманинг “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан темир йўл контейнерида Тошкент шаҳридаги корхоналардан бирининг номига Хитойдан келтирилган юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, унда божхона юк декларацияси ва унга тегишли йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд қилинган миқдордан 6,5 тонна ортиқча, қиймати 194 млн. сўмлик газламалар ортилгани маълум бўлди. 

Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини, шунингдек республикамизда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини импорт қилиш тақиқланади. Олиб кирилаётган дори-дармон воситалари эса давлат тилида маркаланиши шарт.

Аммо, “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича йўловчи поездида кириб келган фуқаро С.Ашуров (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) мазкур тартибларга риоя қилмай, қиймати 22 млн. сўмдан ортиқ бўлган 10 турдаги 1100 донадан ортиқ дори-дармон воситаларини божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринган пайтда “Келес” чегара-божхона пости ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, пост ходимлари мазкур поезднинг яна бир йўловчиси З.Хидиров томонидан қиймати салкам 37 млн. сўм бўлган 3130 дона сигаретларнинг яширин равишда юртимизга олиб кирилишининг олдини олишди.

Эслатиб ўтамиз, республикамизда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан самарали давлат назорати ўрнатилган бўлиб, бу мазкур турдаги товарларнинг яширин тарзда ишлаб чиқарилиши ёхуд республикамиз ҳудудига олиб кирилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2015 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 20 мингдан ортиқ  қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 70 млрд. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида ушлаб қолинди, дея хабар беради Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!