Эркак ва аёл бир-бири ҳақида билиши керак бўлган 14 нарса

15:01, 04 апрель

Табиат эркак ва аёлни бир-бирига ўхшамаган, ўзига хос тарзда яратган. Шунинг учун уларнинг орасида тез-тез тушунмовчиликлар юзага келади. Улар қанчалик бир-бирларини англашга ҳаракат қилсалар, ораларидаги тушунмовчилик барҳам топади.  Келинг, берилаётган маслаҳатлар билан танишишга, ҳаётимизда рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олишга ҳаракат қилайлик.

Демак...

1. Эркаклар ҳақиқатан ҳам аёлларни тушунмайди

Буни ҳақиқат сифатида қабул қилишимиз лозим. Аёлларнинг интуицияси кучли бўлганидан эркакни бир кўргандаёқ, унинг қандай инсон эканлигига бехато баҳо бера олади. Эркакнинг алдаётганини ўзини тутиши, юз ифодаси ва овоз оҳангидан қийналмай билиб олишади.
Эркаклар аёлнинг ҳис-туйғуларини, кайфиятини тушунишга қийналадилар. Кўп ҳолларда бу ҳақда ўйламайдилар ҳам. Эркак киши дўст тутинган одамининг оилавий ҳаёти, нечта фарзанди борлиги билан қизиқмайди. Уларнинг шундай муҳим нарсаларга беэътиборлиги аёлларни “даҳшатга” туширади.
Эркаклар айниқса, аёлларни тушунишга қийналишади. Илмий маълумотларга кўра, эркаклар ўзининг жинсидагиларни аёллардан кўра, икки баробар аниқроқ ва яхшироқ тушунади. Қадимда эркаклардан бошқа эркакларнинг ҳис-туйғуларини кўзларидан билиб олиш талаб этилган, аёлларга нисбатан уларга бундай талаб қўйилмаган. Шу инстинктга таянган ҳолда, аёллик ҳис-туйғуларини англашга келганда уларнинг мияси “ўчиб қолади”. 

2. Биз мутлақо бир-биримизга ўхшамаймиз

Шахсий ҳаётда омади келмаган аёлнинг иш жойида ҳам муаммолари бисёр бўлади. Ишхонасида муаммоси кўп бўлган эркак ҳам шахсий ҳаётда муваффақиятга эриша олмайди. Бунинг сабаби шундаки, асрлар давомида эркак боқувчи, аёл эса хонадон бекаси вазифасини бажарган. Шунинг учун ҳозирга келиб, эркак кишининг обрўси қандай амалда ишлаши ва олган маошига қараб белгиланади. Шунда у ҳам аёл каби барчасига оилавий хотиржамлик орқали эришишга ҳаракат қилади.

3. Эркаклар шунчаки сукут сақлашлари ҳам мумкин

Психологларнинг таъкидлашича, эркак кишининг камгаплиги аёлларни ранжитади, улар буни нотўғри тушунишади. Эркак кишининг кўп гапирмаслиги, аёлни севмаслигига, унинг муаммолари қизиқтирмаётганлигига асос бўлолмайди. Бундай ҳолатда у эмоционал зўриқишлардан, стресслардан дам олаётган бўлади.

Аёлларда эса ҳаммаси аксинча. Стрессларни енгиш учун бу муаммолар ҳақида ким биландир ўртоқлашгиси келади. Шунинг учун ҳам эркак киши сукут сақласа, улар хафа бўлишади.

Аслида, аёл киши баъзан эркак кишининг ёлғиз қолишига, осойишта ҳордиқ чиқаришига имкон яратиши лозим. Ўз навбатида эркак ҳам аёл киши дардларини, муаммоларини айтаётганда уни тинглашга, тинчлантиришга ҳаракат қилиши, унинг ҳис-туйғуларини, фикрларини қўллаб-қувватлаши лозим.  

4. Аёллар эркаклардан кўра кўп гапиради

Аёлларнинг вайсақилиги ҳақидаги бу сийқаси чиққан фикр ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳар икки жинс вакилига тегишли мулоқат қилиш истаги асосан кундалик ижтимоий воқеа-ҳодисалардан келиб чиқади.

Эркак киши ёлғизликда, жимгина ишлашни хоҳласа, аёл эса иш жараёни ва унинг натижасини муҳокама қилишни ёқтиради. Эркаклар бошқаларга фикрини билдирган билан уларнинг жавобини эшитишни истамайди.

5. Аёллар дўкон айланишни хуш кўришади

Аксарият аёллар учун стрессларни енгишнинг энг қулай йўли дўкон айланишдир. Бу нарса эркак киши учун стресс бўлса, аёл киши учун ҳордиқ манбаидир.

Қадимги овчи ва жангчиларга ўхшаб, эркаклар учун нишонга олинган нарсагина эътиборли бўлиб, бошқа нарсаларга умуман назар ташламайди. Аёл эса дўкондан харид қилган буюмлардан эмас, балки шу харид жараёнининг ўзидан завқ олади. Агар эркак кишига енгиллик бўлишини истасангиз, яхшиси харид учун ёлғиз ўзингиз дўконга йўл олганингиз маъқул. 

6. Эркаклар кийим танлай олмайдилар

Эркаклар ҳақиқатан ҳам кийим танлай олмайдилар, айниқса аёлларнинг кийимини. Чунки уларнинг мияси бичим ва андазаларни фарқлай олмайди. Аёлларнинг кўзларига қараганда уларнинг кўзлари камроқ ранг-тус ажратади.

Шунинг учун эркак кишидан зеб-зийнат, кийим-кечак сотиб олиб беришни илтимос қилманг, у дарҳол депрессияга тушади, сиз эса истаган нарсангизга эриша олмайсиз.

Эркак кишини аёлнинг ўлчамини топа олмаслик даҳшатга солади. Мабодо каттароқ ўлчамдаги кийимни сотиб олса, рафиқаси “Мен шунчалик семизманми?” дейиши аниқ. Торроғини олиб қўйса, яна балога қолади.

Кийимни эрингиз совға қилган тақдирда ҳам, кийимни бирга бориб танлаганингиз маъқул. Шундагина харид қилган кийимингиздан завқланиш имконияти пайдо бўлади.

7. Эркаклар ҳеч қачон адашиб қолмайди

Эркаклар ҳеч қачон адашиб қолмайди, жуда йўлдан адашадиган бўлса, “йўналишни ўзгартиради”. Ҳатто бир жойдан беш марта ўтсангизда, ундан ҳеч қачон орқага қайтишни илтимос қилманг. Эркаклар минг йиллардан бери ов ва жанг қилишда фақат макон ва замон орқалигина фикр юритишади. Улар маконда йўналишни аниқлашни эркакларга хос хусусият деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун адашиб қолганини тан олиш улар учун мағлубият билан тенгдир. 

8. Аёллар ўзларига кўпроқ танқидий кўз билан қарашади

Эркаклар кўзгудаги аксларидан қониқиш ҳосил қилишса, аёллар эса ҳеч қачон ўзларидан қониқмайдилар. Улар бир-бирларидан тубдан фарқ қилган ҳолда ўзларини бошқача қабул қиладилар. Аёллар тирноқларига назар ташлаётганда кафтларини пастга қилган ҳолда устидан қарашса, эркаклар кўп ҳолларда бармоқларини буккан ҳолда тирноқларига разм солишади.

9. Оталик инстинкти ҳам мавжуд

Фарзанд туғилиши нафақат она организмини, балки отанинг ҳам организмини ўзгартириб юборади. Эркакларда оталик инстинкти уйғониб, бу ўзгаришлар уларнинг миясига ва гормонларига таъсир қилади. Гормонал ўзгаришлар фарзанд туғилганидан эмас, балки она ва бола билан алоқада бўлгандан юзага келади.

10. Аёллар кўпроқ эснайди

Эснаш юқумли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо аниқланишича, эснашга аёл ва эркак бирдай жавоб бермас экан. Жинснинг гўзал вакилалари бунга тезроқ жавоб қайтаришар экан. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бунга аёлларнинг бошқаларнинг дардига шериклиги, ҳамдардлиги сабаб бўларкан.

11. Қорни оч аёл романтикага мойил бўлмайди

Эркак юрагига йўл ошқозон орқали ўтади дейишади. Аммо бу фақат эркакларга тегишли бўлибгина қолмай, бу борада аёллар ҳам улардан қолишмас экан. Аёл кишининг қорни тўқ бўлсагина, романтикага мойиллик билдиради. Тадқиқотлар натижасида, аёллар тушликда бақувват овқат истеъмол қилсалар, уларда романтик кайфият юзага келиши аниқланган. Шунинг учун ресторанда романтик учрашув ўтказилиши илмий томондан асосланган анъанадир. 

12. Аёл шифокорлар эркак шифокорларга нисбатан меҳрибонроқ бўлади

Аёл врачлар эркак врачларга қараганда беморни жон қулоғи билан тинглаб, уларга катта эътибор беришади, бу эса беморнинг соғайиб кетишида катта роль ўйнайди. Эркак врачлар эса беморга таъмирланиши лозим бўлган машинадек қарашади. Уларнинг беморни даволаш усуллари ҳам ҳар хил бўлади. Аёллар пастроқ дозада дори буюриб, кўпроқ маълумот ва маслаҳатлар беришга ҳаракат қилади. Аммо шунга қарамай, жинсидан қатъи назар эркак ва аёл тиббиёт ходимлари ажойиб мутахассислар бўлиши мумкин.

13. Биз турлича бўлсак-да, айнан ўзимизга ўхшаган жуфтни қидирамиз

Севишган жуфтликларнинг бир-бирларига ўхшаб кетиши табиий ҳолдир. Айнан бир кўрганда ёққан ташқи қиёфа ҳақидаги таассурот бора-бора муҳаббатга айланиб кетади.

14. Ҳақиқий муҳаббат мавжудлигига бўлган ишонч

Шу пайтгача романтик алоқаларнинг умри 15 ой деб ҳисоблаб келиниб, орадан 10 йил ўтгандан кейин ҳеч қандай ҳис-туйғуга ўрин қолмаслиги, ҳаммаси оддий одатларга айланиб қолиши ҳақида гап юритилар эди. Аммо Америка университетларидан бирининг олими Стони Брук бу фикрга қарши чиқди. Ҳаттоки, 20 йил бирга умр кечирган жуфтликларда ҳам қониқиш гармони бўлмиш дофамин даражаси илк маротаба севишаётганларники билан тенг миқдорда бўлар экан.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!