2016 йилда нефть-газ саноатида $20,6 миллиардлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

10:00, 05 апрель

Миллий матбуот марказида нефть-газ саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан ташкил этилди.

«Нефтегазинвест» компанияси раисининг ўринбосари Рустам Тўлагановнинг сўзларига кўра, мазкур ҳужжатга мувофиқ, нефть-газ ва нефть-кимё саноатида табиий газ ҳамда газ конденсатини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Масалан, жорий йилда умумий қиймати 20,6 миллиард долларлик 38 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилаётир. 

Қандим конлар гуруҳини ўзлаштириш ва замонавий газни қайта ишлаш заводи барпо этиш, Қўнғирот участкасида маҳсулотни тақсимлаш шартномаси асосида геология-қидирув ишларини ўтказиш, табиий газдан олефинлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва полимерлар олиш (полиэтилен, полипропилен), Шарқий Бердах ва Шимолий Бердах конларини жиҳозлаш ва сиқув компрессор станцияси қуриш ва бошқа лойиҳалар нефть-газ саноатидаги йирик инвестиция лойиҳалари сирасига киради.

Шуни қайд этиш керакки, ушбу лойиҳалар «Лукойл Оверсиз Лтд», «Газпром», «Петромаруз» (Россия), «Самсунг Инжиниринг», «ЭнКей», «ЖиЭс Инжиниринг», «КейДиНавиен», «ХюндайБиЭс энд Си» (Жанубий Корея), «СиЭнПиСи», «СиНоуДиСи», «Шангдон Керуи Петролеум Эквипмент» (Хитой), «Сасол» (ЖАР) каби ва жаҳондаги бошқа етакчи компаниялар иштирокида ҳаётга татбиқ этилади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!