Испанияда Рэмбога ўхшаб кийинган аёл одамларни қўрқитиб юборди

10:06, 05 апрель

Испания пойтахти Мадрид шаҳрида ўйинчоқ автомат ушлаб олган аёл одамларни қўрқитиб юборди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда

Пойтахт полициясига Испаниянинг бош майдонида қурол ушлаган ва Рэмбога ўхшаб кийинган аёл мантиқсиз ҳаракатлар қилаётгани ҳақида хабар етиб келди. 

Майдонга етиб келган полициячилар бошига қизил рўмол ўраган аёл ва унинг икки шеригини қўлга олди. Аёлнинг шериклари балет артистлари кийимларини кийиб олган эди.

Тергов жараёнида ҳар учала қўлга олинганлар ўзларининг театр актёрлари эканлигини айтган. Бироқ кейинроқ улар Испания ички ишлар вазирлигига тегишли фуқаро гвардияси жангчилари эканликларини ва жанговор тайёргарлик бўйича машғулотларда иштирок этганларини тан олди. Аммо улар нима сабабдан бундай ноодатий кийимларда бўлганига ойдинлик киритилмаган. 

Полициянинг маълум қилишича, аёлнинг қўлидаги қурол ҳам ўйинчоқ бўлган.

Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини хавотирга солди. Уларнинг айримлари фуқаро гвардиясиниинг ўқув машғулотларини “шайтонлар ўйини” деб ҳам атади. 

Испанияда айни пайтда Париж ва Брюссель шаҳарларидаги терактлардан сўнг фавқулодда ҳолатлардан хабардор этишнинг махсус режими амал қилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!