Мутахассислар ДАИШ фитналарига учмаслик йўлларини маълум қилишди

10:54, 05 апрель

Ёхуд ақидапараcтларнинг турфа найранглари хусусида

Дин азалдан инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутиб келган. Унинг яратувчилик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик ва йўналтириш салоҳияти ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат килган. Айни пайтда, инсоният тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги гояларни вайронкорлик рухида талкин этиш одамлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Афсуски, бугунги кунда ҳам биз мана шундай жараёнларга гувоҳ булмокдамиз.

Ҳозирда ўз манфур ниятларини амалга оширишда ислом дини ниқоби остида фаолият олиб бораётган экстремистик ташкилотларнинг аксарияти, ёш йигит-қизлар онгини босқичма-босқич заҳарлаш орқали амалда мавжуд қонуний тузумни беқарорлаштириш, ҳокимиятга қарши оммавий намойишлар ташкил этиш, давлатни бошқариб турган раҳбарларни ҳокимиятдан четлаштириш режасини "такфир", "хижрат", "ЖИҲОД" ва "шаҳид"лик ғоялари асосида амалга оширишга интилмоқдалар.

Шундай ташкилотлар сафида етакчилик қилаётган ҳамда амалга ошираётган ишлари билан муқаддас динимиз таълимотларига зид равишда ваҳшиёна "қонун-қоидалар" жорий этаётган, ўзларини "ислом давлати" раҳнамолари дея эълон қилган "ИШИД" сафида дунёнинг турли давлатларидан минглаб жангарилар гўёки, "соф ислом" йўлида жанг қилмокда Афсуски, уларнинг сафларига қўшилишга, уларнинг "хизмати"да бўлишга интилаётганлар сони камаймаяпти

Бу каби гуруҳ, вакилларининг замонавий фан-техника ютуқлари, жумладан уяли алоқа воситалари ва интернет имкониятларидан разил мақсадларини амалга оширишда устамонлик билан фойдаланадилар. Уларнинг аксарияти интернетда ўз саҳифалари орқали аёлларни очиқдан-очиқ, "жиҳод"га даъват этсалар, яна бир гуруҳи "хайрия ишлари" ниқоби остида тарғибот-ташвиқот билан шуғулланадилар. Масалан, интернет тармоқларининг бирида "Аллоҳ, йўлида" (fisebilillah) номи остида минглаб хабар, макола ва видеолавҳаларнинг мавжудлиги буни исботлайди.

2013 йилда "ИШИД" террорчи ташкилоти жиҳод ғоялари сингдирилган нашида (диний мазмундаги қўшиқ)ларни тайёрлашга йўналтирилган махсус фонд ташкил этди. Тайёрланган нашидалар ташкилот сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, бу ташкилотнинг шахсий мобил иловалари ва интернет дўконининг мавжуд экани барчадан огоҳлик ва сергакликни талаб этади. Бундан ташқари, ташкилотнинг аёллар қаноти томонидан виртуал мадад гуруҳари ташкил этилиб, унда аёллар бир-бирларига турли таомларнинг тайёрланиш усулларини ўргатиш баҳонасида янги аъзоларни сафларига қўшмоқдалар, ҳеч бир тўсиқсиз Ироқ ва Сурияга етиб бориш йўлларини тушунтирмоқдалар.

Гуруҳ таркибидаги баъзи аёллар томонидан келтирилган маълумотларда, "бомба портлатиш ёки "шаҳид" бўлиш менинг ишим эмас, менинг қуролим - сўз, бу менинг "жиҳодим", сўз оркали жуда куп ишларни амалга ошириш мумкин, сўз - бомба демак", қабилидаги фикрлар хам билдирилган. Бу каби аёлларнинг "жиҳоди" хеч бир ҳаракатга мажбур килмайди, лекин бошқаларни ҳаракатга шижоатлантиради.

Бугунги кунда интернет оламида таркатитаётган маълумотларнинг 80 фоизи Ироқ ва Суриядаги террорчилик ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ экани турли ижтимоий тармоқлар орқали эса "ИШИД'нинг фаол блогерлари дунёнинг исталган нуқтасидаги одамларни ўз сафларига жалб этаётганлари кишиларни ўйлантирадиган ҳолат. Айнан ушбу ташкилот фаоллари пешқадам сифатида интернет оламида террорчилик ғояларини тарғиб этиш, сафларига янги аьзолар жалб этиш мақсадида ўз тизимларида виртуал фаолият билан шуғулланишни йўлга қўювчи махсус штатлар ташкил этиб, унга малакали мутахассисларни жалб этдилар. Бунинг натижасида радикал ғоялар тарғиботи Facebook, Instagrarn, ВКонтакте, Twitter, Tumbler, Telegram, Youtube каби ижтимоий тармоклари оркали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Таҳлилларга кўра, терроризм, хусусан "ИШИД' сафларини тўлдириб, террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган йигит-кизларнинг 84 фоизи бевосита ижтимоий тармоқлар, 47 фоизи интернет тармоқларида жойланган жангари видеолавҳаларни онлайн кўриш, 41 фоизи "ИШИД' сафларига онлайн тарзда қасамёд қабул қилиш орқали жалб этилган бўлсалар, 19 фоизи онлайн-кўрсатмалар ёрдамида портловчи буюмларни тайёрлаб ўз ҳудудларида ёвуз мақсадларни амалга оширмоқдалар.

Бугунги кунда даъватчилар миллати, дини, ижтимоий мавқеидан қатьи назар барчани ўз дoмигa тортишга ҳаракат қилмоқдалар, лекин аксарият ҳолларда эътиборни эркаклар эмас, ёлғиз аёллар ва ёшларга қаратмоқдалар. Чунки айнан улар вақтининг асосий қисмини ижтимоий тармоқларда ўтказади, хусусан, чуқур руҳий тушкунлик ва чорасизликда қолган аёллар виртуал оламда ўзларига ҳамдард ва ҳамфикр излайдилар. Баъзан эса қалбининг тубида меҳр ва эътиборга ташна "қизалоқ" яширинган қатьиятли ва мустақил аёллар ҳам "ёрдам ва таянч қўли"ни чўзишга тайёр даъватчининг тузоғига илинмоқдалар.

Даъватчилар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг шахсий саҳифалари, уларнинг ёзаётган гаплари, омма ҳукмига ҳавола этаётган фотосуратларини синчиклаб ўрганадилар, ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш мумкин бўлган "ўлжа"ларни кўзлаган ҳолда уларга ёвуз максадлар акс эттирилган видеолавхалар жўнатилади хамда мавзуга оид суҳбатларга тортилади. Мазкур лавҳаларда  Суриядаги оғир ҳаёт, болалар ва аёлларнинг мудҳиш қисмати, “қаердасизлар мусулмонлар, ахир биродарларингизни ҳимоя килишингиз керак-ку” деган мазмундаги хитоблар акс этади. 

Албатга, бу каби видеолавҳалар аввалига инкор этилади, қайта-қайта жўнатилиб, кўрилганидан кейин қизиқиш уйғонади. Шу тариқа фойданаланувчи қандай қилиб террористик ташкилот тузоғига илинганин сезмай қолади. 

Шунингдек, пул, мафкура жинсий алоқа, иснод келтирувчи маълумотлар ёрдамида "ўлжа"нинг онги босқичма-босқич заҳарланади. Аввалига, шахснинг нозик томонлари жиддий ўрганилиб, шулар оркали таъсир этилади. Даъватчи "ўлжа"нинг ишончига киради, яхши муносабатларни йўлга қўяди ва шундан сўнг унинг қадриятлар тизимини ўзгартиришга киришилади.

Тажриба ва таҳлиллар шуни хам кўрсатмоқдаки, интернет орқали олиб борилаётган яна бир оддий тарғибот усули: жангариларнинг "аъло даражада"ги ҳаёт тарзи — ҳашаматли уйлар-у, автомашиналар олдида, бойликка кўмилиб яшаётгани акс эттирилиб, профессионал тарзда суратга олинган фотосурат ҳамда видеолавҳалар интернетга жойланиб, шу оркали қизиқувчилар сони кўпайтирилади ва бевосита мулоқотга жалб этилади. Қизиқиш билдираётган йигит-қизларга ўз мақсадларига эришиш йўлида қўлларида курол билан кўрсатилаётган жасорат, қахрамонликлар, уларнинг сафларига қай тарзда қўшилиш ҳақида "батафсил" маълумотлар берилади.

Тарғиботчининг асосий мақсади босим ўтказиш йўли билан "ўлжа"ни террорчиларга қўшилиб қолишдан асровчи, хавф-хатарлардан огох этувчи атрофини ўраб турган муҳитдан ажратиб олиб, ёлғизлатиб қўйишдан иборат. Бунинг  натижасида оила аъзолари ва дўстлари ўрнини моддий ва маънавий жиҳатдан "қўллаб-қувватловчи" опа-сингиллар, ака-укалар эгаллайдилар. Сафларига янги қабул килинган аъзо билан ишлаш жараёнида улар ўзларини ислом динини чуқур англайдиган, теран фикр юрита оладиган, яшаб турган жамиятларида динга нисбатан ноҳаклиқларга қарши адолат билан кураша оладиган ҳамда ислом тамойиллари асосида фаолият юритадиган давлат барпо эта олувчи шахс сифатида кўрсатадилар. "Янгидан-янги" маълумотлар қуршовида қолган "аъзо" гапирилаётган гапларнинг қанчалар тўғри эканини англаб, фикр юритиш имкониятидан маҳрум эканини англамай, кўр-кўрона "раҳнамо"ларига эргашади. Кандай йулга киргани, кимларга кушилиб қолганини эса кўп ҳолларда анча кеч англайди. Баъзида йигит-кизлардаги ўта шижоатлилик ва ғайрат хам ғаразли мақсадлар учун муҳим восита эканини унутмаслик лозим.

Сиз даъватчининг тузоғига илинганингизнинг аломатлари:

1.  Янги "дўст"ингиз шахсий хаётингиз билан ҳаддан ортик кизика бошлайди. Ижтимоий тармоқларда "тўсатдан" пайдо булган "дўст" сиз билан "дил"дан суҳбат қуришга, сизнинг муаммо ва қизиқишларингизни ўзиники сифатида қабул қилади.

2.  Сизнинг қўрқув ва камчиликларингизга босим ўтказишни бошлайди: “йиллар ўтмокда, сен эса хали бирор тайинли иш килмадинг, мен эса сенга хеч ким бермаган имкониятни бермоқчиман, бу пуллар эвазига сен ўзинг истаган ишни амалга оширишинг мумкин” ва ҳ.к.

3.  Тинмай ўз ёрдамини таклиф қилади: Доимий "қўллаб-кувватлайди", фақат ва фақат сизнинг хизматингизда бўлади. Бу борада аёллар шуни унутмаслиги керакки, сиз билан жиддий муносабатга киришмоқчи бўлган эркак, одатда бу қадар шижоатли ва қатьиятли бўла олмайди.

4.  Биргина шарти эвазига барча муаммоларни бир зумда хал килишни ваъда беради Синов тарикасида исталган нарса, жуда оддий бир  илтимосни бажаришни сўрайди.

5.  Маълум феъл-атворга мослаштириш мақсадида ҳиссиётларингшни жиловлашга уринади. У сизнинг фикрларингазни қабул килади ёки умуман кабул килмаган холда сизни кескин мухокама қилади.

6.  Ўзингизни ҳавода муаллақ қолгандек ҳис этасиз. Даъват қилувчи сизнинг ҳаётингизда ўз "ўрни"га эга эканини англаганидан сунг, ўй-фикрларингизни чалғитувчи услублардан фойдаланишни бошлайди, натижада сиз кўзлаган мақсад ва режалар ўзингиз учун хам саробдек туюла бошлайди. "Дўст"ингиз билан суҳбатдан кейин фикрларингиз тарқоқлигини сезишни бошласангиз, бундай "дуст"дан кочишга харакат килинг.

7.  Атрофингиздаги якинларингиз сизга душмандек туюла бошлайди

8.  Сиз истаган нарсани мухайё килишда ёрдам беради "Фаровон турмуш", "чиройли оила",  "бахтли келажак".

9.  Сизга таҳдид қилади Унинг йўриғига юришдан бош тортсангиз, сиз ёки якинларингизга тазйиқ ўтказишга уринади. Бундай ҳолда қўрқиб, жим юриш эмас, аксинча, сизни ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат килиш лозим.

Ижтимоий тармокларда ўз хавфсизлигингизни таъминлашда қуйидагиларга эътибор беришингиз максадга мувофиқ:

•  шахсий маълумотларингизни ижтимоий тармокларда ўзингиз танимаган шахсларга ошкор килманг;
•  сиз учун шубҳали бўлган саволларга жавоб берманг;
•  сиз билан дўстлашишга интилган шахс билан умумий дўстларинггиз бор-йўқлигини текшириб олинг;
•  сиз учун берилаётган маълумотлар ва таклифларни қабул килишдан аввал уларнинг тўғри эканини аниқлаштиринг;
•  ислом дини ва унинг арконларига оид маълумотларни ижгимоий тармоқлардан эмас, балки ишончли адабиёт ва мутахассислардан кидиринг.

Ҳаётда эзгу  мақсади ва интилишига эга шахс турли бузғунчи оким ва йўналишлар таъсирига тушиб қолиш хавфи камаяди. Экстремизм ва терроризмнинг на дини, на миллати ва на ватани бор. Дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган қонли тўқнашувлар оқибатида азият чекаётган бегуноҳ инсонлар факатгина бир дин ёки миллатга мансуб эмас, балки турли миллат ва дин вакиллари ҳисобланади. Бу каби ҳаракатлар жамиятининг факатгина бугуни эмас, истиқболига ҳам жиддий таҳдид солаётир. Инсоният унга қарши ҳамжиҳат  курашсагина  ижобий натижаларга эришиши мумкин. 

Д.Турдиева
Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!