Долзарб мавзу: Ижара шартномаси қандай тузилади?

12:45, 05 апрель

“Фақат оғзаки келишув асосида яшардик, аммо...”

Биз турмуш ўртоғимнинг иши юзасидан анча йиллардан буён пойтахтга келиб вақтинчалик прописка асосида яқин танишимнинг уйида ижарада яшардик. Ўртамизда ҳеч қанақа пул олди-берди бўлмаган, фақат коммунал тўловларни тўлаб келардик. Яқинда ижарада турганлигимиз учун нотариал шартнома қилиш кераклигини айтишди ва биз 2016 йил учун бир йиллик тўлов тўладик. Лекин солиқ идораси томонидан уй эгасининг номига 651 200 сўм жарима чиқарилибди. Ҳозир шу жаримани биз тўлашга мажбур бўляпмиз... 

Замира Хайруллаева, Тошкент шаҳар Олмазор тумани

Ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланди

Сўнгги пайтларда фуқаро З.Хайруллаева саволида қайд этилганги каби ҳолат жуда кўпчиликни қизиқтирмоқда. Бу ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилдик. Ҳолатни эса Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Ҳакимов қуйидагича изоҳлади: 

—  Олмазор туман ДСИ томонидан ўтказилган текширувда, фуқаро Ш.Азимбаевага тегишли бўлган хонадон коммунал тўловларни тўлаш шарти билан оғзаки келишувга асосан ижарачи билан ижара шартномасини нотариал идора орқали тегишли тартибда расмийлаштирмасдан истиқомат қилиб келаётганлиги аниқланган. 

Уй эгасининг ўғли О.Азимбаевнинг хатида келтирилишича, фуқаро З.Хайруллаева оила аъзолари билан 2015 йил 1 сентябрдан ҳозирга қадар оғзаки келишув асосида ҳар ойда 30 000 сўм миқдордаги коммунал ва бошқа тўловларни тўлаб келган. 

Аниқланган ҳолатлар юзасидан,  уй эгаси О.Азимбаева ҳаракатларида “Фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини турар жойини ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик” ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги инобатга олиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддаси билан малакаланган. Шунга кўра, уй эгаси О.Азимбаевага 651.200 сўм жарима жазоси тайинланган. 

Уй-жойлар қандай тартибда ижарага берилади?

Юқорида гувоҳ бўлган ҳолат айни пайтда кўпчиликка таниш бўлса, ажабмас. Аммо ижара шартномасини қандай расмийлаштириш кераклигидан бехабарлар ҳам талайгина ва бу ҳолатлар тегишли органлар томонидан ҳуқуқбузарлик деб топилиб, жавобгарликка олиб келмоқда. Ана шуларни инобатга олган ҳолда ушбу саҳифамизда уй-жойни шартнома асосида ижарага бериш тартиби ва йўл-йўриқлари борасида маълумотлар беришга қарор қилдик. Хўш, ижара шартномасини тузишда қаерга мурожаат қилиш керак? Қандай ҳужжатлар талаб қилинади? Қанча муддатга тузилади ва тўловлари қанақа?

Дониёрбек ЁҚУБОВ, Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси:

— Фуқаролик кодексининг 603-моддасига асосан фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Шунга кўра, ижара шартномаси тузиш учун давлат нотариал идораларига мурожаат қилиниши лозим.

Ҳужжатлар... 

—“Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 136-бандига асосан мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк, яъни уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

*  кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди; 

* ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий прописка қилинган шахсларнинг розилиги;

* кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги. 

  Тўлови...

— Ижара шартномаларини нотариал тасдиқлаганлик учун “Давлат божи ставкалари”нинг “д”-бандига асосан шартнома суммасининг 1 фоизи миқдорида, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ:

Айни кунда энг кам иш ҳақи 130 240 сўм миқдорида бўлиб, унинг 20 фоизи 26 048 сўмни ташкил қилади. 

Ижарачи танишиникида тўловсиз турса-чи?

— Фуқаролик Кодексининг 617-моддасига асосан, текин фойдаланиш шартномасига нисбатан мулк ижараси шартномасини расмийлаштириш билан боғлиқ қоидалар қўлланилади. 

Ижара шартномасини тузишга оид 5 муҳим факт

•  “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига асосан, нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади;
•  Ижара шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи тарафларнинг келишувига асосан ижарага берувчи ёки ижарага олувчи томонидан тўланиши мумкин;
•  Ижара шартномаси нотариал идора томонидан узоғи билан 5 йил муддатга расмийлаштирилади;
•  Агар ижарага олувчи ўша хонадонда яшашни давом эттирмоқчи бўлса, аввалги шартномага қўшимча келишув тузилади. Бунда уй эгаси ва ижарага олувчининг паспортлари керак бўлади. Қўшимча муддати тугаб, ижарага олувчи яна яшашда давом этмоқчи бўлса, у ҳолда ижара шартномаси янгитдан тузилади;
•  Уй-жойни ижарага олувчи, оиланинг бошқа аъзоларини ҳам оила аъзоси сифатида уй-жойни ижарага олиш шартномасига киритишни талаб қилишга ҳақли. Бунда ижарага олувчи ижарага берувчи билан нотариусга бориб, янги оила аъзоларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда шарномага қўшимчалар киритилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!