Остонада амалдорларга смартфон тутишни тақиқлаш Вазирлар уйида ишни тўхтатиб қўйди

14:56, 05 апрель

Душанба, 4 апрель куни Остонадаги Вазирлар уйига кириш эшиги ёнида қўриқчиларнинг амалдорларда смартфон бор-йўқлигини текшириши натижасида катта тирбандлик юзага келиб, одамлар тўпланишига сабаб бўлди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Қозоғистонда апрель ойидан бошлаб, давлат ташкилотларида ишловчиларга видеога ва суратга олиш функциялари мавжуд бўлган телефонларни тутиш тақиқланди. Натижада ёнида смартфони бўлган амалдорлар Вазирлар уйи биносига киритилмади. Бинодаги буюмларни сақлаш камералари фақатгина ташриф буюрувчилар учунгина хизмат қилади. Бу қонун турли махфий маълумотларнинг ташқарига чиқиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида кучга киритилган.

“Бу энди биз телефондан фойдаланмаймиз дегани эмас. Давлат ташкилотларига киришдан олдин барча телефонлар белгиланган жойда қолдирилиб, кейин ичкарига киришга рухсат берилади. Кўчага чиққанда уларни олиб, бемалол фойдаланиш мумкин”, деб изоҳ берди соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққий этиш вазири Тамара Дуйсенова. 

29 мартда Қозоғистон полициясига ҳам смартфон ва планшет тутиш тақиқланган эди. Бошқа давлат идоралари ходимлари каби улар ҳам иш вақтида оддий телефонлардан фойдаланишлари мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!