“Uzmobile” 2016 йилда 30 дан зиёд янги маҳсулотларни жорий қилишни режалаштирди

10:17, 06 апрель

Пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида “Uzmobile” мобиль алоқа миллий операторини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида компаниянинг 20 савдо ва хизмат кўрсатиш офиси, мамлакатимиз бўйича эса 110 дан ортиқ савдо пункти фаолият кўрсатаётир. 

Миллий мобиль алоқа оператори 2015 йил 15 апрелда GSM тармоғини ишга туширди, – дейди “Uzmobile” мобиль алоқа миллий оператори бизнесни ривожлантириш ва маркетинг хизмати бошлиғи М.Слягин. – Ўтган вақт давомида мазкур тармоққа 500 мингдан зиёд абонент уланди. Компания хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида янгиликлар, инновациялар мунтазам жорий этилмоқда. Жумладан, овозни сифатли узатадиган HD Voice технологияси ишга туширилди.

Ўтган йили компания GSM  стандарти халқаро мобиль алоқа операторлари ташкилоти – GSM ассоциациясига қўшилди. Дунёдаги 800 дан ортиқ уяли алоқа оператори ушбу ассоциация аъзосидир. «Uzmobile» ушбу ташкилотга аъзо бўлгач, овозли хизматлар ва SMS-роуминг хизматини кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Жорий йилда компания кўплаб лойиҳалар, хусусан, мобиль алоқа хизматларини кенгайтириш, компания хизматларини “Электрон ҳукумат” тизимининг айрим элементлари билан интеграциялаштириш, талабалар, ёш мутахассислар, тадбиркорлик субъектларини мамлакатимиз IT муҳити ва телекоммуникация ҳамжамиятига жалб этишга кўмаклашиш бўйича 30 дан зиёд янги маҳсулотларни жорий қилиш лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!