Тоғли Қорабоғ ва Бокуда ярашиш учун сулҳ тузилди, аммо унга амал қилинмади

14:14, 06 апрель

Жангни тўхтатиб, муносабатларни тинчлик йўли билан ҳал этишга келишилган бўлса-да, Тоғли Қорабоғда ҳамон ўқ овозлари янграб турибди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри.

Озарбайжон ва ҳали тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси бир неча кун давом этган жангдан кейин сешанба куни музокарага киришиб, жангни тўхтатишга қарор қилишди. Тоғли Қорабоғ республикаси вазирлар маҳкамасидан олинган маълумотга кўра, ҳар иккала тараф ҳам ярашув ҳақида битим тузишга тайёргарлик кўрмоқда.

Венада Тоғли Қорабоғда юзага келган кескин вазият юзасидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлаш ташкилотининг Минск гуруҳи йиғилиш ўтказди. Россия ва Франция элчилари Игор Попов, Пьер Андриелар доимий кенгаш йиғилишини кутиб ўтирмай, жанг кетаётган минтақа томон йўл олишди. Орадан кўп ўтмай, уларга АҚШ элчиси ҳам қўшилди. Улар Боку, Ереван ва Степанакертга ташриф буюришни режалаштиришган.

Сешанба куни кечқурун ярашиш сулҳи тузилгани ҳақида қатъий қарорга келинмагани маълум бўлди. Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматилари 2 апрель куни Тоғли Қорабоғ ҳудудида вазият кескинлашгани ҳақида маълум қилишди. Озарбайжон мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучлари томондан ўқ узилаётгани ҳақида ахборот берганда, Арманистон ҳарбийлари Озарбайжон ҳарбий кучлари ҳужум қилаётгани ҳақида хабар берди. БМТнинг гуманитар муаммоларни ҳал этишни назорат қилиш бошқармаси ҳисоботида отишмалар оқибатида 33 киши ҳалок бўлгани, 200 нафар одам турли даражада тан жароҳати олиб, ярадор бўлгани қайд этилди. 

Ярашув сулҳи эълон қилинди, аммо у кучга кирмади

Тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Сенор Асратян республиканинг сиёсий раҳбарлари томонидан маҳаллий вақт билан 12.00 да ўт очишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берилгани ҳақида эълон қилди.

Кейинроқ бу хабарни Озарбайжон республикаси мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Вагиф Даргоҳли ҳам тасдиқлаб, Арманистон республикаси билан сулҳ тузилганини, 5 апрель куни соат 12.00 да жанговор ҳаракатлар тўхтатилишини маълум қилди. Озарбайжон қуролли кучлари “илгари озод қилинган ҳудудлар”да хавфсизлик чораларини кўраётганини, Тоғли-Қорабоғ республикаси ҳукумати эса ўз навбатида “Озарбайжон армиясини ортга улоқтириб ташлашгани”ни билдирган.  

Шунга қарамай, тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ республикаси ҳукумати Арманистоннинг Sputnik агентлигига “Айни пайтда ҳар иккала томон ҳам жангни тўхтатиб, сулҳ тузиш ҳақида битим тузишга тайёргарлик кўраётгани”, ҳақида хабар берди.

Бундай ҳужжат тайёрланаётганини Арманистон мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган бўлса-да, батамом ярашиш ҳақида ҳали гапиришга эрта, чунки Тоғли-Қорабоғнинг Мардакерт туманида ҳамон отишмалар давом этмоқда. Минск гуруҳи жангни тўхтатиб, томонларни яраштириш учун Тоғли-Қорабоғ томон йўл олган.

Тинчликка даъват

Халқаро ҳамжамият томонларни вазиятни кескинлаштирувчи ҳаракатларни содир этмасликка чақирмоқда. Европа дипломатияси раҳбари Федерик Могерини Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяровни ва Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандянни зудлик билан Тоғли-Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун ҳаракат қилишга даъват қилди.

Шу куни Россия президенти Владимир Путин ҳам Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон президенти Серж Саргисян билан телефон орқали суҳбатлашиб, Тоғли-Қорабоғдаги вазиятдан ташвишда эканлигини билдирган ва зудлик билан жангни тўхтатишга чақирган. Уч мамлакат раҳбарларининг суҳбатида Илҳом Алиев Тоғли-Қорабоғда жангни тўхтатиш тарафдори эканлигини билдирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!