Хосеп Гвардиола ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар

14:37, 06 апрель

2016 йилнинг 1 февралида “Манчестер Сити” таниқли мураббий Хосеп Гвардиола билан келишув тузди. Унга кўра бу мутахассис келгуси 3 мавсум давомида “шаҳарликлар”ни бошқаради. Энг қизиғи келишув тузилган лаҳзаларда Гвардиола “Бавария” устози эди. Ундан ташқари “шаҳарликлар”га Мануэль Пеллегрини устозлик қилаётган эди. Ушбу хабардан сўнг Пеллегринининг натижалари кескин ёмонлашиб кетди. Жамоа Англия чемпионлиги учун курашдан деярли чиқиб қолди. 

Сўнгги вақтларда Гвардиола ҳақида жаҳон матуботи кўп нарсаларни баён этмоқда. «Бавария» устози ҳақида биз нималарни биламизу, нималарни билмаймиз. Шулар ҳақида сўзлашсак.

Досье. Хосеп Гвардиола

Тўлиқ исми-шарифи: Жозеп (Пеп) Мария Гвардиола-и-Сала
Туғилган санаси ва жойи: 1971 йил 18 январь, Испания, Санпедор шаҳри
Мураббийлик фаолияти бошланган сана: 2007 йил 21 июнь
Жаҳоннинг энг яхши мураббийи (ФИФА версияси бўйича): 2011 йил.

Аввал баскетбол...

Барселонадан бир соатлик масофада жойлашган кичик шаҳарча Санпедорда ҳикоямиз қаҳрамони Хосеп Гвардиола туғилган. Бу шаҳарча ҳақида маълумот оламан деб интернетни титкиласангиз, у ердан Гвардиоладан бошқа машҳур одам чиқмаганига гувоҳ бўласиз. Хосеп икки ёшга тўлганида унда нафас олиши билан боғлиқ хасталик аниқланди. Эвкалипт япроқчалари билан даволаниш кутилган самарани бермагач, шифокор Хосепнинг оиласига денгиз ваннасини тавсия қилди. Ўшандан бери оила Каталонияда жойлашган Сан-Сальвадор «пляж»ларини ёқтириб қолган ва ҳар ёз шу жойларда ҳордиқ чиқаришади. Натижа кутилганидан ҳам яхши бўлди: Хосепнинг организми кучайиб, шамоллаши ариди. 

Хосепнинг бобоси, ўрни келганда айтиб кетиш керак – «Эспаньол»нинг ашаддий ишқибози, ўз экинзорида кўмаклашиши учун неварасини тез-тез чақириб турарди. Пепнинг биринчи мураббийи тўғридаги уйда яшайдиган қизалоқ – Пилар Солар бўлган (Бу қизнинг ҳам тақдирига футболчи бўлиш ёзилган экан, «Наварклес» аёллар клубида ўн мавсум тўп сурди).

Пеп таълим олган коллежда кўпроқ баскетболга эътибор бериш анъана тусига кирганди. Пеп ҳам баскетбол ўйнашда бошқалардан асло қолишмас эди. Футбол майдонида у тенгсиз етакчи эди, аммо ўзининг қобилиятини намойиш этишдан уяларди. Баскетбол майдонида эса ҳаммаси бошқача – кучлилик ёки пешқадамлик ҳақида гап бўлмасди. Тўп саватга тушганида, Гвардиола буни оддий қабул қилар, худди ўз ҳиссиётларини энг асосий иштиёқи учун асрарди.

“Ҳеч қачон “Барса”да ўйнамайман!”

Вақт ўтиб бораверди. Иқтидорли ёш болакай ҳақидаги хабарлар чор-атрофга ҳам тарқаб улгурган ва бир куни шундай хабар «Гимнастик» клуби жойлашган Манрес шаҳарчасига ҳам етиб боради. Мураббийлар – Антони Марсоль ва Рамон Касадо эндигина 9 ёшга тўлган Гвардиоланинг ўйинини шахсан кўриш учун Санпедорга келишади. Сўзга чечан Марсолнинг айтган гапи қисқа бўлганди: «У худди тўқиш асбобига ўхшайди, аммо тўп билан ўйинига гап йўқ!» Мутахассисларни энди ота-она билан бўладиган суҳбат кутиб турарди. Улар кўп ҳам қаршилик қилишмади. Шу кундан бошлаб болакай ўқишдан кейин ҳафтасига икки-уч марта машғулотларга қатнайдиган бўлди. Машғулотлар бўлмаган вақтда эса аввалгидек маҳаллада, болалар билан футбол ўйнаб юраверди.

Ўша вақтдаёқ Гвардиола испаниялик барча футболчиларнинг исмини ёддан биларди. Бир дўстининг амакисида «Барселона»нинг уй учрашувларига кириш ҳуқуқини берувчи йиллик абонемент бор эди.

11 ёшга тўлганида Пеп клубнинг биринчи жиддий поғонаси – болалар клубига ўтиш ҳуқуқини қўлга киритади. Кўп ҳам ўтмай, уларга сардор бўлди. Навбатдаги учрашув «Барселона»даги тенгдошларига қарши эканлигини билиб, учрашув кунини орзиқиб кута бошлади. Ўйиндан кейин эса ҳафсала пир бўлган ва Гвардиола ўзига ўзи гапираётганди: «Йўқ. Бўлиши мумкин эмас. Мен ҳеч қачон «Барса»да ўйнамайман».

“Бувимдан ҳам секин ўйнайсан!”

...Бир куни Марсолнинг қўлига спорт газетаси тушиб қолади. Газетада махсус купон бўлиб, уни кесиб олиб, футболчи бўлиш истагидаги ёш боланинг керакли маълумотлари «Барселона» академиясига ёзиб юборилса, кўрикка таклиф олиш мумкин эди. Мураббий дарҳол бир қарорга келди: ушбу имкониятдан фойдалана оладиган ягона инсон – Хосеп! Келаётган шанбанинг ўзидаёқ у ўз бахтини синаш учун Каталония пойтахтига йўл олди. Аввалига ўйини яхши чиқмади, бутун ўйин давомида тўпга бир неча марта тегина олди, холос. Фақат учинчи кунга келиб уни ўзининг севимли нуқтаси – ярим ҳимояга қўйишди ва айнан шу куни санпедорлик болакай аслида нималарга қодирлигини кўрсата олди. Шанба кунлари Барселонага бораверишдан чарчаган ота ўғлига «Барселона» футбол академияси «Ла Масия»нинг таклифи ҳақида ҳеч нима демади. Аксинча, Пепнинг онаси билан маслаҳатлашиб, таклифга рад жавоби беришга қарор қилди. Бола ҳали жуда ёш – ота-она кўрсатган сабаб шу эди.

1984 йилнинг 28 июни. Пеп “Ла Масия”га етиб келди. Академиядаги машаққатли кунлар бошланди. Эрталаб – маҳаллий коллежда дарслар, куннинг иккинчи ярмида эса амалий машғулотлар. Агар шанба куни ўйин бўлса, Пеп Барселонада қолади. Ўйин бўлмайдиган дам олиш кунлари эса уйга келарди. 

1989 йилнинг 1 май куни Гвардиола «Барселона»нинг асосий таркибида майдонга тушди. Бу Испания 3-дивизионида қатнашувчи «Баньолес» жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви эди. Гварди қанчалик ўйин кўрсатганини билиш учун жамоа бош мураббийи Йохан Кройфф томонидан ярим ҳимоячига қарата айтилган гапнинг ўзи етарли: «Сен менинг бувимдан ҳам секинроқ ўйнадинг».

Пеп шунда бўлса ҳам чекинмади, ўз вақти соатини кута бошлади. 

Гвардиола-ўйинчининг узоқ фаолияти мана шундай бошланган эди. Бу йўл ўзида «Барса» либоси остида ўтказилган 322 ўйин, 11 та гол ва қўлга киритилган 16 та совринни жамлаган. Совринлар орасида 1992 йилги Европа Чемпионлар Лигаси ва олтита Испания чемпионати ғолиблиги алоҳида ажралиб туради.

Хосеп 2001 йилда севимли жамоасини тарк этиб, Италия жамоаларида ("Брешия", "Рома") тўп сурди. Ундан кейин Қатар ва Мексикада ўйнади. Қатар Юлдузлар Лигаси ташкил этилган кезларда бу мамлакатга ташриф буюрган биринчи юлдузлардан бўлди. Орадан Нью-Йоркнинг Манхэттенига ҳам кетиб қолди. Кўпчилик уни “Барса”га мураббий сифатида қайтишини кутарди.

Мураббийлик фаолияти.

2007 йил ёзида "Барселона"нинг ўринбосарларида мураббийлик фаолиятини бошлади. Унга марҳум Тито Виланова ёрдамчи эди. Орадан роппа-роса 1 йил ўтиб асосий жамоага устозлик қила бошлади. Буёғига у “Барса” билан мураббий сифатида 14 та титулни қўлга киритди. Орада 2012/13-йилги мавсумда у ҳордиқ чиқарди. “Бавария” билан эса 5 та совринга эга чиқди.

Оилавий аҳволи. Кўпчилик ўз муҳаббатини кутубхона ёки киноларда учратган бўлса,  Хосеп ўзининг рафиқаси Кристина Серрани дўконда учратган ва севиб қолган. Ўшанда у 18 ёшли йигит эди. Уларнинг учтаси фарзанди бор: Мариус (2001 й), Мария (2003 й) ва Валентина (2008 й).
 
«Манчестер Сити» Гвардиола билан 3 йиллик шартнома имзолади
Мюнхеннинг "Бавария" клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола мавсум якунланига етгач, "Манчестер Сити"да иш бошлайдиган бўлди. Инглиз жамоаси испаниялик мутахассис билан 3 йиллик шартнома имзолаган. 

The Guardian нашри эълон қилган маълумотга кўра, "шаҳарликлар" турли миш-мишларнинг тўхташи учун бу шартномани тузишга қарор қилган. Аввалроқ мураббийнинг янги жамоадаги маоши йилига 20 миллион евро бўлиши хабар қилинган эди. "Бавария"да унинг маоши йилига 17 миллион еврони ташкил қилаётганди.

«Клуб сўнгги ҳафтада Хосеп Гвардиола билан музокаралар якунланганини эълон қилади. У 2016-17 йилги мавсумдан бошлаб, жамоани бошқаришга киришади. Шартнома уч йилга мўлжалланган. Жамоа бош мураббийи Пеллегрини ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлайди. У бу мавсумда совринларни қўлга киритишга эътибор қаратган ва клуб раҳбариятининг ҳурматини сақлаб қолади», – дейилади «Манчестер Сити» баёнотида.

2015 йилнинг сўнгида Гвардиола Германияни мавсум якунида тарк этиши ҳақида расман маълум қилгач, Англиядаги бир неча гранд жамоалар, "Манчестер Сити", "Манчестер Юнайтед" ва "Челси" бу мураббийни олиб келиш учун курашга киришгани ҳақида хабарлар тарқатилди.

"Манчестер Сити" клуби раҳбарияти ёзда жамоа бошқарувига келадиган Хосеп Гвардиолага жамоани кучайтириш учун 150 миллион фунт беришга қарор қилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!