Тошкентдаги Инха университети инглиз тилидан имтиҳон олмайди

14:55, 06 апрель

Тошкентдаги Инха университети 6 апрель куни 2016-2017 ўқув йилларда талабаларни қабулига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Тошкент шаҳридаги Инха университети статистикасининг кўрсатишича, абитуриентлар университетга ҳужжатларини сўнгги кунларда, яъни қабул комиссияси ўз ишини якунлашига бир неча кунлар қолгандагина топширишади. 

Кўпинча бу ишни лицей ёки коллежни битиргандан сўнггина амалга оширишади. Натижада, уларнинг кўпчилиги IELTS ёки TOEFL iBT дан бўладиган имтиҳонларга рўйхатдан ўтишга улгурмай қолишади. 

Ўтган йили, IELTS имтиҳонларига рўйхатдан ўтишга кечикиб қолган шундай абитуриентлар учун Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан инглиз тилидан учта имтиҳон ташкил этилди. 2016 йилда бундай имтиҳонлар ўтказилмайди.

Бунинг ўрнига қўшимча равишда 2 та IELTS имтиҳонлари ўтказилади. Шунинг учун, битирув дипломини олишни кутиб ўтирмай, Тошкент шаҳридаги ИНХА университетига келиб, 2016 йилнинг 15 апрелига қадар биринчи имтиҳон учун ва 2016 йилнинг 16 майига қадар иккинчи имтиҳон учун IELTS имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш лозим. Бунинг учун паспорт ва ўқиш жойидан маълумотноманинг ўзи кифоя. Имтиҳон топшириш учун жойлар чекланган.

«Ўзбекистондаги Британия Кенгаши билан ҳамкорликда ташкиллаштирилаётган  IELTS бўйича иккита ёпиқ имтиҳонлар, IELTS сертификатини қўлга киритиш учун сўнгги имконият ҳисобланади, сабаби Британия Кенгашининг маълумотларига кўра, IELTS имтиҳонлари учун барча муддатлар август ойигача банд қилинган», - қайд этди Тошкент шаҳридаги Инха университетининг қабул бўлими бошлиғининг ўринбосари Рухсора Раҳматова. 

Фақатгина инглиз тилидан сертификатларни ўз вақтида топширган абитуриентлар қуйидаги имтиҳонларга қўйилади: 

- математика ва физикадан  Компьютер ва Дастурий инжиниринг учун: Academic IELTS 5.0 баллдан ёки TOEFL iBT 50 баллдан кам бўлмаган ҳолда;

- математикадан Логистика учун: Academic IELTS 6.0 баллдан ёки TOEFL iBT  75 баллдан кам бўлмаган ҳолда.

Кириш имтиҳонлари 2016 йил 29 июль куни ўтказилади. Ҳужжатларни қабул қилиш университетнинг (www.inha.uz) сайтида амалга оширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, сайт орқали махсус сўровномани тўлдиргандан кейин, қуйидаги зарур ҳужжатларни электрон тарзда юбориш керак: паспорт, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежини битирганлиги тўғрисида диплом, IELTS ёки TOEFLiBTимтиҳонларини топширганлиги тўғрисида сертификат, 3,5х4,5 ҳажмдаги фотосурат. Ҳужжатлар 2016 йил 14 июль соат 17:00 гача қабул қилинади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!