Юрагимда сақлаганларим: “Боламнинг дардига даво бер...”

14:58, 06 апрель

Қуёш шу қадар қиздирмоқда эдики, ҳаёлимда бор нурини фақат мана шу мен чиққан автобусга сочаётгандек эди. Бир қўлим билан йўловчилар ушлаб кетишига мўлжалланган тиргакни маҳкам тутганча, иккинчи қўлимдаги елпиғични жон-жаҳдим билан силкимоқда эдим. 

Жазирама вужудимни ҳолсизлантираётгани етмагандек, пешанамдан, бурним ёнидан, қулоқларим ортидан тер томчилари худди иссиқ танамдан қочиб чиқаётгандек тўхтовсиз оқиб чиқмоқда эди.  Елпиғичимни ҳавога ҳар сермаганимда юзимга бўғиқ, ёқимсиз ҳаво урилар, бу баттар борлиғимни беҳузур қилаётганди. 

“Бунчалар ёқимсиз бўлмаса бу иссиқ. Жаннат аталмиш ернинг иссиғига чидолмай кетамиз, дўзахнинг оловига қандай дош берарканмиз? Худо асрасин, дўзахлардан! Мана, ёзнинг қоқ чилласи бўлишига қарамай рўза тутиб юрибмиз, рўзамиз қалқон бўлар дўзахга... Илоҳим шундай бўлсин!” — хаёлидан кечган ўйлар бироз бўлсага таскин бергандек бўлди. 

Шу пайт ёнимдаги ўриндиқда ўтирган ёшгина йигит қўлидаги газ сув тўлдирилган идишни “тии-ист” этказиб очди-да, “вишиллаб” чиқаётган томчиларга ҳам парво қилмай даст кўтарди. Унинг “қулт-қулт” этиб ютоқиб ичиши қулоқларимга аниқ-тиниқ эшитилди. Беихтиёр ютиндим. Қуруқшаб ётган тилим танглайимга ёпишди.

“У томонга қарамаслигим керак. Ўзидан катталар тик турибди, жой бермагани етмагандек, сув ичишини қаранг бунинг...” — оғриндим нотаниш йигитдан. 

Ўзимни қийнамаслик, сувга суқланиб қарамаслик учун орқа томонга бурилдим. Лекин йигитнинг ҳузурланиб, “о-оҳ” дея чанқоғини қондириб бўлгани янада тиниқроқ қулоғимга кирди. 

“Шу иссиқда, айни тушда кўчага чиқиб зарилмиди, менга, — ўзимдан хафа бўла бошладим. Кейин яна койиндим. — Зарил-да! Болам учун зарил! Уни деб ҳамма нарсага тайёрман-ку! Дилбандимни азобдан қутқариш, ҳаётга қайтариш учун жаҳаннамнинг оловини ҳам кесиб ўтган бўлмасмидим? Бу иссиқ нима бўлибди? Агар тушдан кейинга қолсам, ўша доридан қуруқ қоламан-ку!”

Рўза ҳолимда узоқ йўлга чиқишимга бир соат олдинги дугонамнинг қўнғироғи сабаб бўлганди. Аслида рўзани ҳам ўғлимнинг дардига шифо тилаб, ихлос билан тутаётгандим. Саҳарликда ҳам, ифторликда ҳам мушкулимни осон қилишини, боламнинг дардига даво беришини Худодан сўраб, узундан узоқ дуога қўл очардим. Баъзида ўпкам тўлиб, йиғлаб ҳам олардим. Мана, дуоларим етиб борибди шекилли, дори топилди. Дугонам сал ҳовлиқмароқ эмасми, ваҳима билан тушунтира кетди:

—  Ҳозироқ йўлга чиқ. Мен айтган ўша шаҳар четидаги шифохонага борасан. Холамнинг бир таниши ишлайди. Ўғлингга керак бўлган дорини бир таниши хориждан келтирибди. Сал қимматроқ дейишди. Лекин топилганига шукр қил. Шу дори билан боланг оёққа туриб кетса бўлди-ку, тўғрими? Ўтирма, чиқ!

—  Пул... Эримдан пул олиб қолмагандим-да!

—  Нега бунча лапашанг бўлмасанг, телефон қил! Эринг боланг учун йўқ дермиди? Кейин чиқ дарров йўлга! Дори талаш экан. Агар бир соат ичида етиб бормасанг, бошқага қимматроққа бўлса ҳам сотиб юборишади. Бўл тез, кийин!

—  Майли, хўп! — дедим-у шоша-пиша кийиндим. 

Ўн иккига кираётган катта ўғлим шифохонада, кейинги ўғлим мактабда, қизалоғим эса боғчада. Улар қайтадиган вақт бўлгунча бемалол бориб келишга улгураман. Фақат эримга айтишим ва пул олишим зарур.

— Уйдаги бор пулни ол. Эллик минг етмаскан. Сен келгунингча мен ишхонадан топиб тураман. Мендан олиб, шифохонага ўтиб кетасан, — деди эрим. 

Унга ҳам раҳмим келиб кетди. Икки ойдирки, унинг топганини бошимизга тортсак, оёғимизга, оёғимизга тортсанг бошимизга етмайди. Ўғлим шифохонага тушганидан буён-ку, уйдаги қўлга илинадиган бир-иккита нарсамизни сотдик ҳам. Бирдан бир умидимиз мана шу дорини топиш эди.  Бир ойдан буён суриштириб топа олмай юргандик. Мана, кимдир хориждан келтирибди ва унинг ҳам талабгори кўп эмиш. Олувчи кўпайгани сари нархи ҳам ошиши тайин. Агар мен кечиксам, дорини келтирган аёл бошқа бировга сотиб юборишини қайта-қайта айтганмиш. 

—  Кечикмаслик учун таксида боришим керакми? дедим — тутилиб эримга. 

—  Дорига пул топилмаяпти-ю, сен такси дейсан! 

—  Бўпти, автобусга чиқаман.

Мана, ўша дорига етиб олай деб автобусдан тушмай туриб, эрим узатган пулни олдим-у, йўлимда давом этдим. Борган сари бошимда турган оғриқ кучайиб, кўз ўнгимдаги бор нарса айқаш-уйқаш бўла бошлади. Автобус тутқичига янада маҳкамроқ ёпишдим. 

— Ҳей олифта! Тур, манов аёлга жой бер мазаси бўлмаяпти... — деди олд қатордаги, йўналишга тескари қўйилган ўриндиқдаги амаки менга кўзи тушиши билан. 

Ҳалиги роҳатланиб сув ичган йигит дик этиб турди. Мен оёқларим қалт-қалт қилиб унинг ўрнига ўтирдим.

—  Сувингдан озроқ тут, болам, — ёнимдаги ўриндиқда ўтирган онахон мендан кўз узмай йигитга деди. 

—  Рўзаман, онажон! — дедим ўриндиқ суянчиғига бошимни суяб.

—  Даргоҳига қабул қилсин! Салқин жойда бир пас ўтирсанг, ўзингга келасан. Ичмасанг ҳам, оғзингни бир чайқаб ташла! Ичингга кетмаса бўлди. Рангинг оқариб кетди. 

—  Яхшиман! — дедим ва телефоним жиринглагани учун сумкамни кавлашга тушдим. 

Қўнғироқ қилаётган дугонам экан.

—  Нима қиляпсан? Боряпсанми? Анув хотин телефон қилди. Яна битта оламан деган одам хонасида ўтирганмиз. Ўн беш дақиқада бормасанг, бериб юборармиш... — деди у шошилтириб.

—  Автобусдаман. Тушиб таксига ўтирсаммикан?

—  Автобусга бало борми? Уйдан чиққандаёқ таксига ўтиришинг керак эди! Сенга боланг керакми? Туш, машинага ўтир... — бақирди дугонам.

Галдаги бекатга тўхташи билан автобусдан тушдим-у, турнақатор келаётган машиналарга қўл кўтара бошладим. Мен айтган нархни эшитиши билан машиналар индамай жўнаб юбораётганди. Асабийлаша бошладим. Боя автобусдан тушмасам ярим йўлга етиб қолардим. Шу пайт уч қадамча нарига етмишдан ошган кампир келиб тўхтади. Қадам ташлашидан кўзлари ожизлиги сезилиб турган момо мен ва машиналар ўртасида тўсиқ бўлаётганди. Ундан нарига ўтиш учун у томон одимладим. Шарпамни сезиб, кампир сўз қотди:

—  Мен йўлнинг нариги томонига ўтказиб қўя олмайсизми?

Жойимда қотдим. На рад эта оламан, на ўтказиб қўя оламан. Рад этишга тилим бормайди, ўтказиб қўйишга вақтим етмайди. 

—  Болажоним... мени эшитяпсизми? — бир қадам нарида турган кампир худди кўриб тургандек юзма-юз бўлиб сўради.

—  Эшитяпман, онажон! Ассалому алайкум! — дедим қўлларидан тутиб. 

Секин вазиятни тушунтиришга киришмоқчи эдим. Мендан олдин гап бошлади:

—  Неварам шифохонада. Тушликсиз қолди, бугун. Отаси — куёвим чет элда. Онаси ишда ушланиб қолибди. Чидолмадим. Иккита тухум қайнатдим-у, йўлга тушдим. Ўзи бугун чиқиши керак... 

—  Қайси шифохонада? — дедим ўзим билмаган ҳолда.

—  Ана, йўлнинг нариги четидаги шифохонада.

Йўлга аланглаб, ўғлим ётган шифохона ёнида эканлигимни билдим. Кўнглим бўшаб кетди. Овозим титраб дедим:

—  Менинг ҳам ўғлим шу шифохонада. Уям оғир дардни ортмоқлаб бир ўзи ётибди. 

—  Худо шифо берсин! Йўлимиз бирлиги яхши бўлибди, болам. Сиз билан бирга бирга етиб оламан...

“Оббо, энди то шифохонага олиб бориб қўйишимни сўраса эди...” — ичимдан зил кетдим. 

Азалдан кўнглим бўш. Бировнинг илтимосини рад этолмайман. Яна момонинг кўзи ожиз, бу ҳам етмагандек ўғлим каби хаста невараси оч ётган экан. Ўзимга қарши чиқиб бўлса ҳам энди йўловчи кампирни ташлаб кета олмайман. 

—  Мен ўзи сўқир бўлмаганман, — гапида давом этди момо. — Аслида кўр бўлиб туғилганимда йўлда юришга қийналмасдим. Мен яқинда шу дардга йўлиқдим. Нима сабабдан кўзларим кўрмай қолганини болаларим яширади мендан...

Момонинг гаплари қулоғимга кирмай қўйди. Иссиқни ҳам, ташналикни ҳам, ҳолсизликни ҳам ҳамма-ҳаммасини унутдим. Шунақа бўларкан! Бошқа дард оғир келса, енгилини унутаркансиз. Менам боламга зарур бўлган доридан айрилаётганим учун ўзимга тегишли бўлган бор дардни унутгандим. Лекин кекса ожиз кампирни ташлаб кетиш ҳам қўлимдан келмасди. 

Яна телефоним жиринглади. Дугонам... 

“Бўлди, доридан айрилдим!” — дедим ўзимга ўзим.

—  Бўлди, доридан айрилдинг! — деди у ҳам дилимдан кечганини такрорлаб. — Тошбақага ўхшаб юравер, сен! Боя ўзим чиқсам бўларкан. Ҳалиги одам қўймабди. Авраб олиб кетибди, дорини. Бўлди, орқангга қайт!

“До-о-од!” —деб юборишимга озгина қолди. Титраб кетганимни кампир ҳам сезди шекилли, сўради:

—  Тинчликми? Нима бўлди?

—  Тинчлик... Дугонам телефон қилди... — дедим-у кўзларимдан оқаётган ёшларни тўхтата олмай, аламдан лабларимни ташладим. 

Кампир кўзимга алвастидек кўринди. Ичимда қарғамоқчи ҳам бўлдим. Яна бир томондан уни оқлаб ҳам қўйдим: “Кампирда айб йўқ! Ахир таксига ўтирган тақдиримда ҳам бу вақт ичида ўша аёл ишлайдиган шифохонага етиб боролмасдим...”

Лекин юрагимни армон кемиришини қўймас, ҳозир ўғлимнинг кўзларига қарашни ўйласам адойи тамом бўлаётгандим. Эримни ҳам айбладим, бир. Таксига пулни қизғанди-да! Уям нима қилсин? Таксига сарфласак, дорига етмасди пул. Эрим бечора ҳам эшитса ич-этини ейди, энди. Таксига пулни қизғангани учун ҳам ўзини еб қўяди. Дунёга сиғмай кета бошладим. Шифохонага қандай кириб борганимни билмайман. Кампир билан неварасининг палатасигача борибман. Чиройли, келишган аёл сўрашгандагина ўзимга келдим. 

—  Раҳмат, ойимни шунча йўлга етаклаб келибсиз! Ойимнинг ҳам ичи тор-да! Ишда ушланиб қолдим, десам келаверибди. Мана, барибир бу кишидан олдин келдим. Яна, ўғлимга тухум мумкин эмас! Майли-да! — жилмайди аёл.

—  Бўлди, мени гапираверма! Бу қизимнинг ўғли ҳам шу ерда ётган экан. Оғирлигим тушгани йўқ. Йўлимиз бир эди, — ўзини оқлади кампир.

—  Ўғлингиз шу ердами? Шифо берсин! — боласини бағрига босиб деди аёл. — Хавотир олманг. Тузалиб кетади. Мана, биз тузалдик-ку!

Хайрлашмоқчи эдим, аёл шарт бурилиб, орқага, шкаф томонга кетди. Шкафнинг ғаладонига эгиларкан, деди:

—  Кўнглингизга олмасангиз, шу дориларни сизга бераман! Ўғлим шундан соғайди. Энди бизга керак эмас. Керак ҳам бўлмасин! 

У келиб қўлимга дорини тутқазганида эса қувончдан қичқириб юборай дедим. Бу ўша, мен излаб топа олмаган, қувлаб ета олмаган дори эди. 

—  Қанчага олгансиз? Қанча берай? — сумкамнинг оғзини оча бошладим ҳаяжонланганча.

У эса қўлимни маҳкам тутди:

—  Керак эмас! Болангиз соғайиб кетса бўлгани! Чин дилдан беряпман! Шу дардни ўзим бошимдан кечириб, сиздан пул оламанми?

Мен қотиб қолдим. Парвардигорнинг тадбиридан, “чеварлиги”дан лол эдим. 

Н.УСАНБОЕВА ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!